Раддия

ҚАБР ЗИЁРАТИ — ИБРАТ УЧУН

ҚАБР ЗИЁРАТИ — ИБРАТ УЧУН

Қабрларни зиёрат қилиш масаласида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан очиқ ҳадис бор.
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилинглар». (Имом Муслим ривояти.)

Имом Термизий ривоятида қабрларни зиёрат қилишнинг ҳикматларидан бири сифатида унинг охиратни эслатиши зикр қилинган.

Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни ибодат объектига айлантиришдан қаттиқ қайтарганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қабримни байрамгоҳ қилиб олманглар. Менга салавот айтинглар, салавотларингиз қаерда бўлсангиз ҳам менга етади», деганлар. (Абу Довуд ривояти.)

Шунинг учун зиёратнинг одоби — ҳурмат, салом ва ибратдир. Ибодат эса фақат Аллоҳ таолога қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севиш — бир-биримизни ёмон кўриш эмас

Энг оғриқли ҳолат шуки, баъзан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббати ҳақида гапираётган мусулмонлар бир-бирларини ҳақорат қилишгача бориб қоладилар.

Бири:

«Сен бидъатчисан!» — дейди.

Иккинчиси:

«Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севмайсан!» — деб жавоб беради.

Бири иккинчисининг иймонини шубҳа остига қўяди.

Иккинчиси эса уни лаънатлайди.

Натижада икки томон ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббати ҳақида гапиради, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқлари қаерда қолади?

Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам раҳмат пайғамбари эдилар.

Аллоҳ таоло у зотни «оламларга раҳмат» деб атаган.

Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севишнинг энг буюк белгиларидан бири — раҳмли бўлишдир.

Ҳақиқатни айтганда ҳам одоб билан айтиш.

Ихтилоф қилганда ҳам инсоф билан ихтилоф қилиш.

Билмаган нарсаси ҳақида ҳукм чиқармаслик.

Уламолар ўртасидаги ихтилофни оддий мусулмонларни ўзаро адоватга солиш воситасига айлантирмаслик.

Ҳақиқий муҳаббат қаерда намоён бўлади?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севган инсон у зотнинг исмларини кўп такрорлайди, аммо бунинг ўзи кифоя эмас.

У зотни севган инсон:

намозда муҳаббатини кўрсатади;

салавотда муҳаббатини кўрсатади;

ота-онага яхшиликда муҳаббатини кўрсатади;

етимга меҳрда муҳаббатини кўрсатади;

камбағалга ёрдамда муҳаббатини кўрсатади;

қўшнига озор бермасликда муҳаббатини кўрсатади;

гуноҳдан тийилишда муҳаббатини кўрсатади;

суннатни ўрганишда муҳаббатини кўрсатади;

гўзал ахлоқда муҳаббатини кўрсатади.

Чунки муҳаббатнинг энг гўзал таржимаси — итоат ва эргашишдир.

Эй уммат!

Бугун бизга бир-биримизни айблашдан кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни янада чуқурроқ таниш керак.

У зотнинг сийратларини ўқийлик.

У зотнинг ҳадисларини ўрганайлик.

У зотнинг ахлоқларини ҳаётимизга олиб кирайлик.

Фарзандларимизга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ким эканларини ўргатайлик.

Уларнинг қалбига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббатини сингдирайлик.

Чунки бир авлод Пайғамбарини танимаса, унинг қалбини бошқа нарсалар эгаллаб олади.

Мавлид ойи келганда салавотларимиз кўпайсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак номлари тилга олинганда қалбларимиз уйғонсин.

Мадинаи мунаввара эсга тушганда кўзларимизда соғинч пайдо бўлсин.

Сийрат ўқилганда ҳаётимизда ўзгариш бошлансин.

Ва энг муҳими — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севишни бир-биримизни ёмон кўришга сабаб қилмайлик.

Эй Аллоҳ! Қалбларимизни Пайғамбаринг Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббати билан тирилтиргин.

У зотнинг суннатларига эргашишни, ахлоқларини ўзлаштиришни ва қиёмат куни у зотнинг шафоатларига сазовор бўлишни насиб этгин.

Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ала саййидина Муҳаммадин ва ала алиҳи ва асҳобиҳи ажмаъийн.

Нуруллоҳ Имамов,
Тўрақўрғон туман "Хонақоҳ" жоме 
масжид имом хатиби

Related posts