Муқаддас Ислом дини – поклик, озодалик, тартиб ва гўзаллик динидир. Динимиз инсон ҳаётининг барча жабҳаларида покликка алоҳида аҳамият беради. Инсоннинг қалби иймон билан, тили яхши сўз билан, амали эзгу ишлар билан, танаси ва либоси эса поклик билан зийнатланиши лозим. Шунингдек, инсон яшаб турган муҳит, маҳалла, кўча, масжид ва жамоат жойлари ҳам доимо озода бўлиши талаб этилади. Бу эътибор ҳатто инсоннинг охират манзили бўлмиш қабристонларга ҳам қаратилган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар: «Албатта, Аллоҳ таоло покдир, покликни яхши кўради; озодадир, озодаликни яхши кўради; карамлидир, карамни яхши кўради; саховатлидир, саховатни яхши кўради. Бас, ҳовли ва атрофларингизни озода тутинглар». (Имом Термизий ривояти).
Ушбу муборак ҳадисдан англашиладики, поклик шунчаки гигиеник талаб ёки ташқи безак эмас, балки Аллоҳ таолонинг розилигига эриштирадиган улуғ ибодат, юксак ахлоқ намунаси ва ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.
Поклик тушунчаси жуда кенг қамровлидир. У инсоннинг таҳорати, бадани, либоси ва хонадонидан бошланиб, маҳалласи, кўчаси, иш жойи, масжиди, жамоат жойлари ва қабристонларни озода сақлашгача давом этади. Зеро, атроф-муҳитга бўлган муносабат инсоннинг маънавияти ва тарбиясини кўрсатиб туради.
Бугун юртимизда маҳаллаларни обод қилиш, кўчаларни тозалаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик маданиятни юксалтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу хайрли ишларга ҳар биримиз муносиб ҳисса қўшишимиз лозим.
Афсуски, баъзан уйимиз ва кўчамизни тоза сақлашга эътибор қаратсак-да, охират манзилимиз бўлмиш қабристонлар озодалигига етарлича аҳамият бермаймиз. Ваҳоланки, қабристон – шунчаки тупроқ остидаги макон эмас. У ерда биздан олдин ўтган ота-боболаримиз, ота-оналаримиз, устозларимиз ва яқинларимиз ором топган. Уларга ҳурмат кўрсатиш, қабрларини зиёрат қилиш ва ётган жойларини обод сақлаш – миллий қадриятимиз ва диний бурчимиздир.
Қабристонни обод қилиш деганда фақат қабрларни таъмирлаш эмас, балки унинг атрофини чиқиндилардан, хазон-хашаклардан ва бегона ўтлардан тозалаш, йўлакларни тартибга келтириш, зиёратчилар учун шароит яратиш, таҳоратхоналарни озода сақлаш, дарахт ва гуллар экиб кўкаламзорлаштириш ҳам назарда тутилади. Озода ва тартибли қабристон ўтганларга бўлган ҳурматнинг, тирикларнинг эса маънавий маданиятининг ёрқин кўринишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабристонларни зиёрат қилишга тарғиб этганлар. Чунки қабристон инсонга дунё ҳаётининг ўткинчи эканини, охиратга тайёргарлик кўриш лозимлигини эслатади. Бундай муқаддас маскан сукунат, ибрат ва поклик жойи бўлиши керак. Қаровсиз, чиқиндилар босган ва ифлос аҳволга келиб қолган қабристонлар эса бу муқаддас жойнинг ҳурматига муносиб эмас.
Халқимизда «Бирники мингга, мингники туманга» деган ҳикматли нақл бор. Ҳашарлар орқали қабристонларни тозалаш, дарахт экиш, ободонлаштириш ишларида иштирок этиш нафақат аждодларимиз руҳини шод этади, балки жамиятда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик туйғуларини ҳам мустаҳкамлайди. Бу ишларга ёшларни жалб қилиш орқали уларнинг қалбида катталарга ҳурмат, ўтганларни қадрлаш ва Ватанга меҳр туйғуларини шакллантирамиз.
Шу ўринда яна бир муҳим ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим: эртага ҳар биримиз ҳам ана шу манзилга борамиз. Бугун обод этаётган қабристонларимиз эртанги оромгоҳимиз бўлиши мумкин. Шу боис уларни пок ва кўркам сақлаш ҳар бир мўминнинг иймоний масъулиятидир.
Покликни севувчи Аллоҳ таоло озодалик йўлида қилинган ҳар бир холис хизматни зое қилмайди. Чунки поклик бор жойда барака, файз, хотиржамлик ва раҳмат бўлади. Озодалик эса инсоннинг нафақат ташқи кўринишида, балки қалби ва амалида ҳам намоён бўлади.
Азиз юртдошлар!
Келинг, «Аллоҳ покдир, покликни яхши кўради» деган ҳадиси шарифни ҳаётимиз шиорига айлантирайлик. Уйимиз, маҳалламиз, масжидларимиз, кўчаларимиз ва жамоат жойлари қаторида қабристонларимизни ҳам ҳамиша озода, обод ва кўркам сақлашга ҳисса қўшайлик. Бу орқали ҳам
Аллоҳ таолонинг розилигига эришамиз, ҳам аждодларимиз хотирасига муносиб эҳтиром кўрсатган бўламиз.
Аллоҳ таоло барчамизни покликни севадиган, озодаликни ҳаёт тарзига айлантирадиган, юртимиз ва маҳаллаларимизни, қабристонларимизни обод қилишга ҳисса қўшадиган солиҳ бандаларидан қилсин.
Қодиржон Умурзақов
Поп тумани “Муҳаммаджон қори” жоме
масжиди имом-хатиби