Талоқ бўлиш сабабларидан бири бугунги кунда ота-оналаримиз шариатни яхши тушунмаганликлари сабабли кўпгина ёш оилаларнинг ажралишига сабаб бўлмоқдалар ва кўп ёшлар шу муаммолар билан кимга мурожаат қилишни билмай бошлари қотган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“Аллоҳ Таолога ҳалол нарсалардан энг ёмон кўрилгани бу талоқдир”.
Бир она ўзининг ўғлига “Хотинингни талоқ қилмасанг, сени оқ қиламан”, деб туриб олишида оила бошлиғи бўлмиш йигит шу ўринда нима қилиши кераклиги ҳақида уламоларимиз қуйидагича жавоб берадилар:
Ҳасан Басрийдан сўрадилар: “Бир кишини онаси хотинини талоқ қилишга буюрса, нима қилсин?” Шунда Ҳасан Басрий: “Талоқ онага яхшилик қилиш ишларидан эмас”, деб жавоб бердилар.
Яъни онамга яхши бўлади деб хотинини талоқ қилиш бу яхшиликка кирмайди.
Аллоҳ Таоло ёмон кўрадиган ишга ота-она буюрса, ота-онага итоат этилмайди. Гуноҳ ишни сабаб қилиб оқ қиламан деса, ота-онанинг ўзи гуноҳкор бўлади, аммо фарзанд оққ бўлмайди.
Бир киши келиб Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан: “Отам хотинимни талоқ қилишимга буюрмоқда?” деб сўради. Имом Аҳмад: “Уни талоқ қилма”, дедилар. У киши: “Умар розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга хотинини талоқ қилишга буюрган эди-ку?” деганида, Имом Аҳмад жавоб бердилар: “Отанг Умар розияллоҳу анҳудек ҳақ ва адолатни, ҳавойи нафсига эргашмасликни биладиган даражага етмагунча хотинингни талоқ қилмай тур”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир аёлни эри билан ёки қулни хожаси билан орасини бузса биздан эмас», дедилар».Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Бировни оиласини бузишдан ҳар бир инсон ниҳоятда эҳтиёт бўлиши керак. Акс ҳолда катта гуноҳкорга айланади. Хозирга кеча-кундузда учинчи шахснинг аралашуви сабаб кўпгина оилалар ажрим ёқасига келиб қоляпти. Нима учун эр-хотин орасига тушиб, бир-бирини гиж-гижлаб ораларига совуқлик тушириб, охир оқибат ажралишгача олиб бориляпти? Буларнинг барчаси бу борадаги динимиз кўрсатмаларини билмаганимиздан. Эр-хотин орасини бузиш гуноҳи кабира эканини билмагандан, охиратда қилган ҳар бир ишимиз учун жавоб беришимизни унутиб қўйганимиздандир. Агар инсон қиёмат куни қилган иши учун ҳисоб бўлишини қалбдан ҳис этса, биров билан асло иши бўлмайди. Ўзини хато камчиликларини тузатиш билан овора бўлади холос.
Эр-хотин орасини бузишдан, бир оилани тинчини ўғирлашдан сақланиб, низога бориб қолган эр-хотин ораларини ислоҳ қилишни ҳаммамизга насиб қилсин.
Хурматали Нортиллаев,
Чуст туман “Эшон сўфи бобо” жоме
масжиди имом хатиби