Тасбеҳ айтиш фақатгина инсонларга хос эмаслиги, балки инсонлар яратилмаган вақтда ҳам атроф-оламдаги барча нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтиб турганлари Қуръони каримда шундай баён қилинган: “Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтди” (Ҳадид сураси, 1-оят).
Уламолар “Ушбу оятда “ Аллоҳга тасбеҳ айтди”, дея ўтган замон шаклида хабар берилиши инсонлардан олдин яратилган осмонлар, Ер ва улардаги барча нарсалар тасбеҳ айтиб туришганига далолат қилади”, деганлар.
Бошқа бир оятда эса осмонлардаги ва ердаги нарсаларнинг Аллоҳга тасбеҳ айтишлари ўтган замонга хос эмаслиги, балки доимо тўхтовсиз бардавом бўлиб туриши бундай баён қилинган: “Унга етти осмону ер ва ундаги кимсалар тасбеҳ айтадилар. Унинг ҳамди билан тасбеҳ айтмаган бирор нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳларини англамайсизлар ” (Исро сураси, 44-оят).
Ушбу оятда “тасбеҳ айтадилар”, дея ҳозирги ва келаси замон шаклида хабар берилиши осмонлару ердаги фаришталар, инсонлар, ҳайвонлар, набототлар барча-барчаси Аллоҳ таолога доимо тўхтовсиз тасбеҳ айтиб туришларига далолат қилади.
Барча махлуқотлар ўзларининг тилларида Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб турадилар. Уларнинг тасбеҳларидан хос бандалар хабардор бўлишлари мумкин. Бу қараш аксар уламоларнинг қавли ҳисобланиди.
Ақлсиз мавжудотларнинг ақллар ҳайратда қоладиган таркибий тузулишлари-ю ташқи кўринишлари уларни шундай яратган Зотнинг барча нуқсонлардан холи эканига далолат қилиб туради. Уларнинг ана шу далолатлари тасбеҳ ҳисобланади.
Қатода раҳматулоҳи алайҳ: Дарахтми ёки ундан бошқасими барча руҳи бор нарсалар тасбеҳ айтиб туради", деган.
Калбий раҳматулоҳи алайҳ: “Дарахтлар ва униб чиққан барча нарсалар тасбеҳ айтадилар. Улардан кесиб ташлангани эса тасбеҳ айтмайдиган ўликка айланади ” , деган.
Имом Ҳасан раҳматулоҳи алайҳдан: “Мана бу хонтахта ҳам тасбеҳ айтадими? ” - сўрашганида: “ Дарахтида турган пайтида тасбеҳ айтган, ҳозир эса айтмайди” , деб жавоб берган.
Баъзи уламолар: “Ҳар бир нарса асл ҳолида турганда тасбеҳ айтади, асл ҳолатидан ўзгартирилса тасбеҳ айтишдан тўхтайди. Масалан, дарахт шохлари дарахтда ўсиб турганда тасбеҳ айтади, кесиб олиниб бирор буюм ясалгач, тасбеҳ айтишдан тўхтайди”, дейишган.
Баъзи уламолар: “Дарахт новдаси синдириб олинганда ҳам то қуриб қолгунича тасбеҳ айтиб туради” , дейишган. Бу сўзларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дарахт новдасини бўлиб икки қабрга қадаб қўйганларини далил қилишган.
Демак, ушбу қарашларни айтган уламоларнинг наздларида барча нарсалар ўзларининг тилларида сўз билан тасбеҳ айтиб турадилар.
Барча махлуқотларни Ўзига тасбеҳ айттириб қўйган Зотга ҳамду санолар, тасбеҳ айтувчиларнинг улуғи бўлган саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин.
Иброҳим Қосимҳўжаев ,
Наманган шахар "Ғойибберди махдум"
жоме масжиди имом хатиби