Жамият аъзоларига муносабат

ОИЛА ФАРАВОНЛИГИ ЮРТ ОБОДЛИГИ.

ОИЛА ФАРАВОНЛИГИ ЮРТ ОБОДЛИГИ.

Оила — инсон ҳаётининг асосий устуни, жамиятнинг пойдеворидир. Оила соғлом бўлса, жамият ҳам тинч ва барқарор бўлади. Ислом динида энг муқаддас муносабатлардан бири — никоҳ ва оила муносабатидир.

Оила – инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг негизи ҳисобланган. Шу маънода, оилани кичик жамият дейиш мумкин. Оила мустаҳкам, тинч бўлса, жамият ҳам тинч ва фаровон бўлади. 

Гоҳида оилада турли тушунмовчиликлар бўлади. Шошқалоқлик, жаҳлнинг тез чиқиши, қаноатсизлик,тирноқ остидан кир қидиришлар эса оилавий муносабатларга путур етказади. 

Ислом таълимотлари эрларга хотинлари ёқмай қолган тақдирда ҳам, яхшилик асосида яшашликка буюради.

Аллоҳ таоло:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِٱلۡمَعۡرُوفِۚ فَإِن كَرِهۡتُمُوهُنَّ فَعَسَىٰٓ أَن تَكۡرَهُواْ شَيۡـٔٗا وَيَجۡعَلَ ٱللَّهُ فِيهِ خَيۡرٗا كَثِيرٗا

«...ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса». (Нисо сураси, 19-оят).

Ояти карима тафсирида Аллома Ибн Касир: Уларга ширинсуханлик қилинг, яхши муомалада бўлинг, иложи борича кўринишингизни гўзал қилинг, дейдилар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

لَا يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً إِنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقًا رَضِيَ مِنْهَا آخَرَ

(رواه الإمام مسلم).

яъни: “Мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлаверади” дедилар. (Имом Муслим ривоятлари).

Пайғамбар алайҳиссалом аёлларига доимо гўзал муомалада бўлар, уларга лутф кўрсатар, нафақаларини яхшилаган ҳолда яшар эдилар ва айтдиларки: «Сизларнинг яхшиларингиз – аҳли аёлга яхши бўлганларингиздир. Мен аҳлига яхшиларингизман».

Аллоҳ таоло муросаси қочган оилаларни ислох қилишликка буюради. Бу хақида:

فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ

яъни: “...икки биродарингиз орасини ислоҳ қилинглар ва Аллоҳдан қўрқинг” (Ҳужурот сураси, 10-оят). Деб мархамат қилади.

Оила фаровонлигида аёлнинг ўрни — жуда муҳим ва беқиёсдир. Чунки аёл оиланинг юраги, барака манбаи ва тарбия устуни ҳисобланади. Ислом таълимотига кўра, оиланинг тинчлиги, ва фаровонлиги кўп жиҳатдан аёлнинг фазилати ва хулқига боғлиқ.

Чунки аёл оилада муҳаббат ва тинчлик муҳитини яратади.

Унинг мулойимлиги, ширин сўзи оила аъзоларини бирлаштиради.

Эр ва хотин бир-бирини қадрлаши, сўзларида меҳр ва хурмат билан бўлиши — оила фаровонлигининг калитидир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар аёл беш вақт намозини ўқиса, Рамазон рўзасини тутса, номусини сақласа ва эрига итоат қилса, у жаннатнинг истаган эшигидан киради.” (Ибн Ҳиббон ривояти)

Аёл ва эр бир-бири учун худдики қушнинг икки қаноти кабидир.

Аёл эрга ҳурмат билан ёндошса, эр ҳам уни ардоқлайди. Бу икки томонлама муҳаббат оилага фаровонлик келтиради.

Фаровон оила — жамиятнинг пойдевори, миллатнинг келажаги ва Аллоҳнинг буюк неъмати.

Аллоҳ таоло бизларни фаровон оила сохибларидан қилсин.

Муродилла Аҳмедов,
Наманган тумани “Отавалихон” жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts