Инсоният яратилибдики, унинг гўзаллиги, жамиятдаги ўрни ва ҳурмат-эҳтироми фақатгина ташқи кўриниши ёки бойлиги билан эмас, балки гўзал хулқи, ахлоқи ва одоби билан белгиланади. Халқимизда: «Одоб — инсоннинг нақши», деган ажойиб мақол бор. Нақш бинога ва либосга кўрк, гўзаллик бағишлаганидек, одоб ҳам инсон қалбига, унинг бутун борлиғига чирой ва файз бағишлайди.
Муқаддас динимиз Исломнинг моҳияти ва асоси ҳам айнан гўзал хулқ ва одобдан иборатдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни мақтаб, шундай марҳамат қилади: «Албатта, Сиз улуғ хулқ устидадирсиз» (Қалам сураси, 4-оят).
Бу оят инсон учун энг олий намуна мана шундай юксак хулқ-атвор эканига яққол далилдир. Одоб фақатгина ширин сўздан иборат эмас, балки у инсоннинг ота-онасига, оиласига, қўни-қўшниларига ва бутун жамиятга бўлган муносабатида, ҳар бир хатти-ҳаракатида акс этадиган маънавий гўзалликдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг муборак ҳадисларида одоб ва гўзал хулқни иймоннинг ажралмас қисми ҳамда пайғамбарлик рисолатининг бош мақсади сифатида кўрсатганлар: « Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилдим » (Имом Аҳмад ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса қиёмат кунидаги энг оғир амал ҳақида шундай марҳамат қилинади: «Қиёмат куни мўмин банданинг мезонида (амаллар тарозисида) гўзал хулқдан кўра оғирроқ ва қадрлироқ нарса бўлмайди» (Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, ота-онанинг ўз фарзандига берадиган энг катта, бебаҳо мероси ва бойлиги ҳам пул ёки мол-мулк эмас, балки айнан одоб ва чиройли тарбиядир: «Ота ўз фарзандига гўзал одобдан кўра афзалроқ нарса бера олмайди (инъом эта олмайди)» (Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бир ҳадисларида: «Иймони энг мукаммал мўмин — хулқи энг гўзал бўлганидир», деб таъкидлаганлар.
Одобли ва ахлоқли инсон бор жойда ҳамиша тинчлик, ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат ва барака бўлади. Одоб инсонни кибр, ҳасад, ғийбат ва чақимчилик каби қалб хасталикларидан, маънавий иллатлардан ҳимоя қилади.
Бугунги шиддат билан ривожланаётган даврда ёшларимизнинг пухта илм олиши билан бир қаторда, одоб-ахлоқли бўлиб камол топишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Доноларимиз айтганидек: «Илмсиз одоб — заифликдир, аммо одобсиз илм — хавфлидир». Чунки одобсиз берилган илм жамиятга наф ўрнига зарар келтириши мумкин.
Инсон ўз одоби ва ширин сўзи билан атрофдагилар қалбини забт этади, дунёни безайди. Тилни ёмон, озор берувчи сўзлардан тийиш, катталарга ҳурматда, кичикларга эса шафқат ва иззатда бўлиш — қалбдаги поклик нақшининг ташқи дунёдаги ёрқин инъикосидир.
Хулоса қилиб айтганда, одоб — инсонни безайдиган, уни бошқа мавжудотлардан устун ва мукаррам қиладиган энг қимматбаҳо маънавий тақинчоқдир. Мол-мулк, мансаб ва ташқи гўзаллик ўткинчи, аммо гўзал хулқ ва одоб икки дунё саодатига эриштирувчи абадий нақшдир. Ҳар биримиз ҳаётимизни, хонадонимизни ва фарзандларимиз ахлоқини мана шундай гўзал ва файзли нақшлар билан безашга интилишимиз лозим.
Баҳодир БОТИРОВ,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом-хатиби