Жамият аъзоларига муносабат

НЕЪМАТЛАР ШУКРИ!

НЕЪМАТЛАР ШУКРИ!

Одам зурриёди бўлган инсониятнинг барча халқларга Аллоҳ ўзининг неъматларига шукур қилишлик таълимини берган, Роббимизга ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳнинг неъматларига шукроналик фазилати ила хулқланган ва бу фазилатни бутун умматларига ўргатган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга саловоту саломлар бўлсин. Яратган мавжудодлар ичида фақатгина инсон тоифасигагина вожиб бўлган амал шукурдир, бу олий неъматдаги амал қалбнинг шукр қилишидир. Қалбни шукри – банда барча неъматларни фақатгина Аллоҳдан эканлигини билишидир. Ер ва осмон аҳлларига бериладиган неъматларнинг барчаси Аллоҳдандир. Мўмин банда – Аллоҳ берган неъматларни қалбида тасаввур қилиб, аъзоларида уни зоҳир қилиб унутмаслиги лозим бўлади. Роббимизнинг гўзал исмларидан бири “аш-Шакур” яъни кўп шукр қилувчи бўлиб, У Зот қилинган битта яхшиликка ўнтадан етти юз баробаргача, ҳаттоки ундан кўпроқ ҳам савоб беради. Демак, биринчи шукрга ҳақли бўлган зот Роббимиздир.  Бу ҳақда Аллоҳ азза важалла айтади: «Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!» Бақара сураси 172 - оят.

Сўнгра бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ва ўзларини хайрли дуолари билан бизларни шу мақомларга эришишимизга ҳаракат қилган ота-оналаримиздир. Шундай экан Аллоҳ таоло шундай дейди: Биз инсонга отаонасини (рози қилишни)  буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир». Луқмон сураси 14 - оят.

 Ундан кейин атрофимиздаги инсонларга шукр қилишимиздир. Ким инсонларга шукр қилмаса Аллоҳга шукр қила олмайди. Агар бизларга кимдир яхшилик қилса, унга шукр қилиб уни муқобилида бирор ҳадя, дуо ёки мақтов айтишимиз керак. Шунингдек инсонларга яхшиликни раво кўриб, неъмат аҳлларига ҳасад қилмаслигимиз бизда яхшиликни бардавом бўлишига сабаб бўлади. Берилган неъматларни гапириш тилнинг шукридир. Бу борада Роббимиз марҳамат қилади: «Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!» Зуҳо сураси 11 – оят.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким озга шукр қилмаса, кўпга шукр қила олмайди. Ким инсонларга шукр қилмаса, Аллоҳга шукр қила олмайди. Неъматларни гапириш шукрдир.” Аъзоларимиздаги шукр эса, амал қилишимиздир.

 Шунинг учун Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қадамлари ёрилиб кетгунча ибодат қилганларида “Эй Росулуллоҳ, барча гуноҳларингиз кечирилган бўлса ҳам шундай қиласизми?” дейилганда “шукр қилувчи банда бўлмайинми?”, деб жавоб бердилар.

Ҳикматли зотлардан бири дедилар: “Ким тўрт нарсани қилса, тўрт нарсадан ман қилинмайди: ким шукр қилса, зиёда бўлишдан тўсилмайди, ким тавба қилса, қабул бўлишдан тўсилмайди, ким истихора намозини ўқиса, танлашдан тўсилмайди, ким машварат яъни маслаҳат қилса, савобдан тўсилмайди”. 

Ҳаким роҳматуллоҳи алайҳи дедилар: Шукр қилиш уч босқич:

Биринчиси – қалбнинг  яшириши,

Иккинчиси– тилни ёйиши,

Учинчиси – қўлни  мукофатлаши, яъни қалб билан неъмат эътироф этилади, тил билан неъмат ошкора қилинади. Қўл билан неъматга жавоб қилинади.

Эй Аллоҳим, сени ёд олишимизга, неъматларингга шукр қилишимизга ва ибодатларингни гўзал суратда адо этишимизга ёрдам бер. 

Абдулбосит Юнусов,
Янгиқўрғон тумани “Исҳоқ хожи” жоме

 масжиди имом хатиби

Related posts