Таълим тарбия

НАЖОТ–ИЛМДАДИР, ИЛМ САОДАТ-ЙЎЛИДИР

НАЖОТ–ИЛМДАДИР, ИЛМ САОДАТ-ЙЎЛИДИР

Инсон яратилишиданоқ камолотга интилувчи мавжудотдир. Унинг ҳаётида энг муҳим мақсад — ҳақиқатни топиш, тўғри йўлни танлаш ва охират саодатига эришишдир. Ана шу улуғ мақсадга етакловчи энг асосий восита — илмдир. Шу сабабли Ислом дини илмни ҳаётнинг пойдевори сифатида белгилаган. Чунки нажот — яъни ҳалокатдан қутулиш, адашишдан сақланиш ва Аллоҳ розилигига етиш — фақат илм орқали амалга ошади.

Илм — инсонни инсон қилади Аллоҳ таоло инсонни ақл ва идрок билан бошқа махлуқотлардан устун қилди. Аммо ақлнинг тўғри ишлаши учун унга илм керак. Илмсиз ақл нафсга хизмат қилиб қолади. Илм эса ақлни тарбиялайди, уни ҳақ йўлга бошлайди.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай дейди: Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларни даражалар билан юксалтиради   (Мужодала сураси, 11-оят)

Бу оят илм инсонни на фақат жамиятда, балки Аллоҳ наздида ҳам улуғ мақомга кўтаришини англатади.

Илм — ибодатларнинг руҳи к ўпчилик инсонлар ибодат қилади, аммо унинг моҳиятини билмайди. Илмсиз қилинган ибодат кўп ҳолда одатга айланиб қолади. Илм билан қилинган ибодат эса қалбдан чиқади ва қабулга яқин бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад  соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир   (Ибн Можа)

Бу ҳадисдан маълум бўладики, илм нафл эмас, балки заруратдир. Чунки инсон илмсиз намозини ҳам, рўзасини ҳам, закотини ҳам тўғри адо эта олмайди.

Илм — адашишдан сақловчи қалқондир . Тарихга назар солсак, ҳар бир фитна илмсизлик сабабли келиб чиққанини кўрамиз. Илм бўлмаган жойда хурофот, бидъат ва нотўғри эътиқодлар пайдо бўлади.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ таъкидлаганларки, инсон ақида масалаларида ҳам далилга, илмга суянишга мажбур. Чунки тақлид билан келган иймон фитна вақтида заифлашади, илм билан қурилган иймон эса мустаҳкам бўлади.

Ҳанафий мазҳабининг асосчиси Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ илмни ҳаёт мазмуни деб билганлар. У зот шундай деганлар:

Инсон ўз Роббисини таниши илм билан бўлади   Шунинг учун Имом Аъзам аввал ақидани, кейин амални ўргатишни лозим деб билганлар. Чунки тўғри ақида бўлмаса, амал ҳам тўғри бўлмайди.

Имоми Абу Юсуф, Имоми Муҳаммад, Имом Таҳовий каби улуғ уламолар ҳам илмни диннинг муҳофизи деб атаганлар.

Илм — қалбни тирилтиради Қалб ҳам танадек озиққа муҳтождир. Тананинг оз у қаси овқат бўлса, қалбнинг оз у қаси — илм ва зикрдир. Илмсиз қалб жоҳиллик зулматида қолади.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Илм — қалб ҳаётидир, жоҳиллик эса унинг ўлими

Шунинг учун илм инсонни нафақат билимини, балки ахлоқини ҳам гўзал қилади.

Бугунги замонда нажот қаерда?

Бугун ахборот кўп, лекин ҳақиқий илм оз. Ҳар ким гапиради, аммо ҳамма ҳам олим эмас. Шунинг учун нажот ҳар қандай маълумотда эмас, балки:

Қуръон ва суннатга таянадиган аҳли сунна вал жамоа йўлидаги ишончли уламолар берган илмдадир.

Илмни тўғри манбадан олмаган инсон билмасдан фитнага эргашиб кетиши мумкин.

Илм — охират сармоясидир Мол-дунё қолади, мансаб йўқолади, аммо илм инсон билан қабрга киради. Илм — амалга айланса, садақаи жория бўлади.

Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: Инсон вафот этса, амали узилади, фақат уч нарса қолади: садақаи жория, фойда берувчи илм ва солиҳ фарзанд   (Муслим)

Демак, илм инсонга ҳатто ўлимидан кейин ҳам савоб олиб келади. Ҳақиқий нажот — кўп ибодатда эмас, илмсиз ибодатда эмас, балки: илм билан қилинган амалда, тўғри ақидада, ихлосли ниятдадир.

Шунинг учун ҳар бир мусулмон ўз ҳаётини илм билан боғлаши лозим. Чунки:

Нажот — илмдадир. Илм — саодат йўлидир. Илм — жаннатга элтувчи нурдир.

 

Осимхон Мухиддинов, 
Наманган тумани  Саййид Жалолиддин ”  жоме  
масжиди имом-хатиби 

Related posts