Жаҳолатга қарши маърифат

НАМОЗНИНГ ҚИЁМИДА ОЁҚЛАР ОРАСИНИ КЕНГ ОЧИБ ТУРИШ.

НАМОЗНИНГ ҚИЁМИДА ОЁҚЛАР ОРАСИНИ КЕНГ ОЧИБ ТУРИШ.

      Аллоҳ таоло диннинг устунини намозда қилди ва уни жаннатнинг калити этиб белгилади. Намоз мукаммал ва гўзал бўлиши бандани Роббисига яқинлаштиради. Намоз диндаги машхур ибодат бўлгани учун, уни ота боболардан ёш авлодга оғиздан оғизга бўлиб хам, китобларда битилиб хам келади. Шунинг учун намозда чалкаш бўлиши ва ёки хато қилиниши мусулмон ўлкаларда мумкин бўлмаган иш. Унга ўзгартириш ва қўшимчаларни киргизиш эса бидъат ва қайтарилган амаллардан. Шу кунларда намозда оёқлар орасини очиш ёки ёпиш борасида тортишувлар кўпайиб қолди. Айрим ёшлар оёқлари орасини кенг очиб, хатто ёнидаги намозхонни оёғига текизиб туришга харакат қилишмоқда. Бу холат Ўзбекистон диёрида ва айнан ханафий мазхабида бўлмаганлиги учун намозхонлар орасида ихтилоф келтириб чиқармоқда. Шунинг учун бу борадаги хадис ва хукмларни ўрганиб чиқамиз.   

     Имом Бухорий рахматуллохи алайхнинг машҳур саҳиҳ ҳадислар тўпламида "Сафда елкани елкага ва оёқни оёққа ёпиштириб туриш ҳақида"ги бобида саҳоба Анас ибн Молик розияллоху анхудан ривоят қилган ҳадис бор: Анас розияллоху анхудан ривоят қилинади: Набий алайхиссалом : Сафларингизни тўғриланглар, чунки мен сизларни ортимдан ҳам кўриб тураман", дедилар.  (Анас розияллоху анху айтади): "Бизлардан ҳар биримиз елкасини шеригининг елкасига ва оёғини эса унинг оёғига теккизиб турар эдик" (Бухорий, 1/725).

     Нўъмон ибн Башир розияллоху анхудан ривоят қилинган: Нўъмон ибн Башир розияллоху анхунинг бундай деганини эшитдим: Расулуллоҳ алайхиссалом одамларга юзларини қаратиб, "Сафларингизни тўғриланглар!" дея уч марта марҳамат қилдилар ва бундай дедилар: "Аллоҳга қасамки, сафларингизни тўғриланглар ёки Аллоҳ қалбларингизни бир-бирига мухолиф қилиб қўяди".”Нўъмон ибн Башир розияллоху анху  айтади: "Мен одамларни шеригининг елкасига елкасини, тиззасига тиззасини ва тўпиғини тўпиғига ёпиштирганини кўрдим" (Абу Довуд, 1/662; Байҳақий, 3/4964; Ибн Ҳиббон, 5/2176; Ибн Хузайма, 1/160; Баззор, 1/3285).

      Намозда қиёмда турганда оёқлар ораси қандай ҳолатда туриши борасидаги мазҳаблар фикри ҳақида Абдурраҳмон ал-Жузайрий (р.ҳ.)нинг "ал-Фиқҳ ъала-л-мазоҳиб ал-арбаъа" асарида қуйидагилар зикр қилинган: "Қиём ҳолатида икки оёқни очиш миқдори жуда яқин ҳам, жуда узоқ ҳам бўлмаслиги керак. Фақат семизлик, тўлалик, барвасталик ва шунга ўхшаш узр билан бўлса, жоиз. Мазҳабларда унинг миқдори борасида ихтилофлар бор. Ҳанафийлар икки оёқ орасини тўрт бармоқ миқдори очиш деб белгилаганлар. Ундан ортиқ ёки кам бўлса, макруҳ бўлади. Шофиъийлар эса бир қарич деб белгилаганлар.  Улар ораси бундан қисқа ёки ортиқ очилса, макруҳ бўлади. Худди бу бир оёқ олдинроқда, бириси орқароқда тургандек макруҳ бўлади. Моликийлар икки оёқ орасини очишни суннат эмас, балки мандуб бўлади, дейдилар. Улар фикрича, икки оёқ ораси бир-бирига теккизилган ёки жуда очилган ҳолатда эмас, балки урфда ёмон кўрилмайдиган ҳолатдаги ўртача очилиши керак. Ҳанбалийларнинг фикрлари ҳам моликийлар сингаридир, фақат улар мандуб ёки суннат деб белгилаган эмаслар"

     Ваҳба аз-Зуҳайлий (р.ҳ.) айтишига қараганда, қиёмда оёқнинг тўрт бармоқ ёки бир қарич ёхуд ўртача очиқ туриши хушуънинг кўриниши ва унинг ифодасидир. Билакс, оёқларни бир-бирига ёпиштириб туриш ёки урфда ғайритабиий кўринадиган ҳолда ҳаддан ташқари очиб туриш хушуънинг тескарисидир (Ваҳба аз-Зуҳайлий. Ал-Фиқҳ ал-исломий ва адиллатуҳу. 1-жилд. – Дамашқ: Дор ал-фикр, 2001. – Б. 695).

      "Олтин силсила"ни нашрга тайёрловчилар айтганлар: "Намоз маълум ва машҳур ибодат. Бу ибодат фарз қилингандан бошлаб кўп йиллар давомида ҳамманинг иштирокида ва кўз ўнггида адо этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни кўпчиликка ўргатганлар. Жумладан, сафда туришни ҳам. Ўша машҳур ривоятларнинг бирортасида сафда турган одам оёғини кериб, ёнида турган кишининг оёғига теккизиши фарз, вожиб, суннат ёки мустаҳаб экани айтилмаган. Намозга ўхшаш машҳур нарсаларда биргина саҳобийнинг гапи ҳужжат қилиб олинмайди" (Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий. 1-жилд. – Тошкент: Hilol-nashr, 2012. – Б. 652).

Манбаълар асосида тайёрла н ди   
Ғиёсиддин Тожимирзаев ,  
Учқўрғон туман  Байтул муқаддас жоме   
масжиди имом  х атиби.

Related posts