Жамият аъзоларига муносабат

НАМОЗ

НАМОЗ

Олдин ибодат нималигини билиб олайлик. «Ибодат» сўзи «тоат», «итоат қилиш» ва «Парвардигорни улуғлаш» маъноларини ўзида жамлаган. Шариатда бажарилгани учун савоб бериладиган ва ниятга боғлиқ бўлган амал «ибодат» дейилади. Аллоҳ таоло амр-фармонлари ва Унинг Пайғамбари кўрсатмаларини бажариш, Парвардигор розилигини топиш ва Унга бандаликни адо этиш учун буюрилган намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж қилиш, дуо ва зикрлар айтиш, яхшилик ва эҳсонлар қилиш каби тоат ва амаллар ибодатдир. 

Ибодатларнинг энг асосийси, энг улуғи, энг аҳамиятлиси намоздир. Намоз арабчада «солат» дейилади, луғатда «яхшиликка дуо» деган маънони англатади. Шариатда эса талаб қилинган шартлар асосида такбир билан бошланиб, салом бериш билан тугайдиган ибодат «намоз» дейилади. 

Намоз Исро кечасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларидан (Ясриб, яъни Мадина шаҳрига кўчишларидан) бир ярим йил олдин фарз бўлган. Беш вақт (бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон) намознинг фарзлиги Қуръон, суннат, ижмоъ билан собит (жорий) бўлган. 

Намоз балоғатга етган ҳар бир мусулмонга фарз (мажбурий)дир. Намознинг фарзлигини инкор қилган киши кофир бўлади. Намоз – Ислом динининг иккинчи рукни, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз саналади. Намозни масжидларда жамоат билан ўқишнинг алоҳида фазилати ва афзаллиги бор. 

У мусулмон банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари кўп. Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир. Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, унга муножот қилади. Шу ибодат ёрдамида руҳий, маънавий лаззат олади. Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Шу намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди. 

Иккинчидан, намоз ютуқ ва нажот йўлидир. Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўли бўлиб, у доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради. Намоз инсонни Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди, бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади ва ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади. 

Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳаётга теранроқ назар солишни ўрганади. У кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади. Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли бўлиш, сабр каби кўплаб шахсий ва юксак инсоний фазилатларга эга бўлади. 

Намоз инсоннинг кундалик ҳаёти учун ҳар томонлама зарур амал экани илмий равишда ҳам исботланмоқда. Намоз ўзининг сон-саноқсиз фойдалари билан инсон ҳаётини ҳамма соҳаларда тартибга солиб турувчи восита экани тобора аён бўлмоқда. Ҳозирги кунда илмий йўл билан ҳаёт кечириш услубини излаган моддий тараққий этган юртлар аҳолисининг кўпчилиги намоз туфайли Исломга кирмоқда. Кишининг ҳар тарафлама поклигини, соғлигини таъминловчи, уни Аллоҳ билан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан, мўмин биродарлари билан доимий алоқада ушлаб турувчи намознинг аҳамиятини энди ким ҳам инкор қила олади?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларига бирор ташвишли иш тушса, кечада кучли шамол бўлса, қуёш ёки ой тутилса, бирор ҳодиса юз берса, бошпаналари масжид, ибодатлари намоз бўлиб қоларди.

Намоз руҳ озуқаси, қалб жароҳатининг шифоси, нафснинг жиловидир. Намоз қийналганларга ёрдам, хавфдагиларга омонлик, заифларга қувват, қуролсизларга қалқондир.

Худойбердиев Муҳиббуллоҳ,
Тўрақўрғон туман бош имом хатиби

Related posts