Раддия

МАЗҲАБСИЗЛИК ...

МАЗҲАБСИЗЛИК ...

Бугунги глобаллашув ва ахборот хуружлари даврида диний-маърифий соҳада, хусусан, ёшлар орасида шаръий билимларни мукаммал эгалламаслик оқибатида турли ёт ғояларга тақлид қилиш, диний манбаларни юзаки тушуниш ва асрлар давомида шаклланган фиқҳий мактабларни инкор этиш кайфиятлари кузатилмоқда. Айниқса, мусулмонлар оммаси асрлар давомида амал қилиб келаётган Ҳанафий мазҳабининг далилларига гумон билан қараш ва унинг ҳукмларини асоссиз равишда инкор қилиш ҳолатлари учраб турибди.

Бу каби муаммоларнинг туб илдизи ислом ҳуқуқи тарихи, матншунослик ва услубшунослик (усулул фиқҳ) илмларидан бехабарликка бориб тақалади. Мазкур мақолада мазҳаб тушунчасининг моҳияти, унинг пайдо бўлишининг тарихий ва мантиқий зарурати ҳамда мазҳабсизлик даъвосининг илмий асоссизлиги ёритиб берилади.

Ислом ҳуқуқининг шаклланиш тарихига назар ташласак, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида саҳобалар бирор-бир шаръий масалада иккиланиб қолсалар, тўғридан-тўғри Расулуллоҳнинг ўзларига мурожаат қилганлар ва муаммони ҳал этганлар. Бироқ у зотнинг вафотидан сўнг, янги ҳудудларнинг ислом давлатига қўшилиши ва замоннинг ўзгариши натижасида янги фиқҳий масалалар юзага келди.

Бу даврда барча саҳобалар ҳам бир хил илмий даражада эмас эдилар. Таниқли муаррих ва файласуф Ибн Халдун ўзининг «Муқаддима» асарида бу ҳолатни шундай баён қилади: «Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг саҳобалари илмда бир-бирларидан фарқ қилар эдилар. Уларнинг барчалари ҳам аҳли фатво бўлмаганлар. Бу иш билан фақат Қуръоннинг носих ва мансухини, муташобиҳини, муҳкамини ва бошқа маъноларини билган ҳофизи Қуръонларгина шуғулланишган. Чунки улар бу илмни Набий солаллоҳу алайҳи васалламдан ёки у зотнинг сўзларини эшитган, пешқадам бўлган саҳобалардан олганлар. Шунинг учун улар “қорилар” деб аталган».

Саҳобалар ўзларидан кўра олимроқ ва фиқҳни чуқурроқ биладиган саҳобаларга эргашганлар. Бу эса бевосита Қуръони каримнинг «Наҳл» сураси 43-оятидаги илоҳий амрга мувофиқдир:  أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُون «Бас, агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга элчи ва қози қилиб юбораётганларида, ундан ҳукмни қандай чиқаришини сўраганлари ва Муоз ибн Жабал аввало Қуръондан, сўнг Суннатдан, агар улардан топа олмаса, ўз фикри (ижтиҳоди) билан ҳукм қилишини айтганида, Расулуллоҳ буни маъқуллаганлар. Бу ҳадис шариатда Китоб ва Суннатда матни керитилмаган янги масалаларда мутахассис олимнинг ижтиҳод қилишига ва авом халқнинг унга тақлид қилишига энг бошланғич далилдир.

Тобеинлар даврига келиб, ислом олами кенгайди ва илм маълум бир йирик марказларда тўплана бошлади. Ибн Қайюм ўзининг «Аъломул муваққиъийн» (Муфтийлар огоҳлантириши) асарида фиқҳ илмининг тарқалиш географиясини шундай тушунтиради:

Илмий марказ

Асосчи Саҳобалар

Тобеин шогирдлар / Оқибат

Мадина
Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Умар

Мадина аҳли фиқҳи (Кейинчалик Имом Молик мактаби)

Макка
Абдуллоҳ ибн Аббос

Макка аҳли фиқҳи (Ато ибн Абу Рабоҳ, Мужоҳид)

Ироқ (Куфа)

Абдуллоҳ ибн Масъуд

Раъй мактаби (Кейинчалик Имом Абу Ҳанифа мактаби)

Тарихдан маълумки, давлат тизими ва ижтимоий тартибни сақлаш учун халифалар фақат маълум, расмий тан олинган муфтийларнинг фатво беришини таъминлаганлар. Масалан, Ибн ул-Имоднинг «Шазарот уз-заҳаб» китобида зикр қилинишича, Маккада халифа фармони билан фақат Ато ибн Абу Рабоҳ ва Мужоҳидларга фатво бериш ҳуқуқи берилган бўлиб, жарчилар бошқаларнинг ўзбошимчалик билан фатво чиқаришини тақиқлаб юрганлар. Бундан кўринадики, диндаги тартиб ва бирлик айнан муайян мактабларга (мазҳабларга) эргашиш орқали таъминланган.

Тобеинлар даврида юзага келган икки йирик мактаб:

1.     Раъй (Ироқ) мактаби: Ибн Масъуд анъаналари асосида, матнларнинг мақсадлари ва қиёсга кўпроқ таянадиган мактаб (Вакиллари: Алқама, Масруқ, Иброҳим ан-Нахаъий).

2.     Ҳадис (Ҳижоз) мактаби: Насос (матн) ва асарларга қатъий амал қилувчи мактаб (Вакиллари: Саъид ибн Мусайяб, Урва ибн Зубайр, Нофеъ).

Бу икки мактаб заминида кейинчалик тўртта буюк фиқҳий мазҳаб шаклланди: Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий.

 Аллома Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия» номли асарида жуда гўзал бир ўхшатишни келтиради: «Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан шу тўрт мазҳабнинг сақланиб қолиши худди Қуръони Каримнинг етти қироатдан фақат бир қироати (Усмон мусҳафи) сақланиб қолишига ўхшайди».

Яъни, қандай қилиб Қуръон қироатларининг битта мусҳабда жамланиши умматни парчаланишдан асраган бўлса, фиқҳнинг тўрт мазҳабда тартибга солиниши ҳам диннинг асл мағзини бузилишдан сақлаб қолган.

Термин сифатида «мазҳаб» сўзи арабчадан олинган бўлиб, «йўл», «йўналиш» маъноларини англатади. Шариатда эса муайян бир мужтаҳид олимнинг Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқариш усулидир.
Бугунги кунда мазҳабсизларнинг «Ҳанафий мазҳаби ҳадисга эмас, кўпроқ фикрга таянади» деган даъволари мутлақо хатодир. Ҳанафийлик мактаби намозда қўлни киндик остида тутиш, оминни маҳфий айтиш ва бошқа кўплаб амалларда энг ишончли ҳадислар ва саҳобаларнинг асарларига таянади. Бу далиллар қуйидаги фундаментал манбаларда тизимли равишда баён этилган:
·         Имом Муҳаммаднинг «Ал-Асл» ва «Мабсут» асарлари

·         Марғинонийнинг «Ал-Ҳидоя» асари;

·         Умар Насафийнинг «Канзу-дақоиқ» китоби;

·          «Иноя» ва Айнийнинг «Биноя» (Табйинул-ҳақоиқ шарҳлари);

·         Ибн Обидиннинг «Раддул-муҳтор» асари;

·         Ибн Ҳумомнинг «Фатҳул-қодир» китоби.

Ҳатто ҳанафий бўлмаган ёки бошқа йўналишдаги йирик олимлар, жумладан, Суфён Саврий, Ибн Роҳавайҳ ва шофеъий олимлардан Абу Исҳоқ Марвазийлар ҳам кўп масалаларда Ҳанафий мазҳабининг ижтиҳоди ва далиллари кучли эканини эътироф этганлар ва қувватлаганлар.

Хулоса қилиб айтганда, мазҳаблар динга киритилган янгилик (бидъат) эмас, балки Қуръон ва Суннатни тўғри тушунишнинг илмий тизимидир. Ким мазҳабга эргашса, у ўзбошимчалик билан хато қилишдан асралади ва бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига энг хавфсиз йўл билан эргашган бўлади.

Ёшлар орасида учраётган «бемазҳаблик» даъвоси эса аслида чуқур илмсизлик, илмий мактаблар тарихини билмаслик ва динда анархия (тартибсизлик) яратишга интилишдан бошқа нарса эмас. Юртимиз ва минтақамиз мусулмонлари учун асрлар давомида тинчлик, бирлик ва диний бағрикенглик пойдевори бўлиб келган Ҳанафий мазҳабини илмий асосда ўрганиш ва унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш бугунги кун диншунослигининг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Муҳаммадхон Абдураҳманов,
Наманган шаҳар “Мулла Исмоил” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts