Раддия

МАЗҲАБНИ МАХКАМ УШЛАНГ!

МАЗҲАБНИ МАХКАМ УШЛАНГ!

Қуръон ва суннат турганда уларга амал қилмай, яъни Аллоҳнинг ва унинг Пайғамбарининг айтганини қилмасдан, Абу Ҳанифанинг айтганини қиламизми? дейишади. Шунингдек, улар мазҳаблар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтида бўлмаган, демак, бидъат нарса, шунинг учун унга амал қилиш керак эмас", дейдилар. Яна улар, "Мазҳаблар ихтилофга сабаб бўлади, шунинг учун уларни инкор қиламиз", дейишади ва ҳакозо. Ўз навбатида мазҳаб тарафдорлари ҳам мухолифларга қаттиқ зарба берадилар. Уларни турли айблар билан айблайдилар. Оқибатда орада келишмовчилик, уруш-жанжал чиқади. 

Ҳозирги пайтда ҳам шундай ҳолатлар учрайди. Аслини олганда, илмий қарашлар орқали бундай ихтилофларнинг олдини олса ёки уларга барҳам берса бўлади. Аввало, фиқҳий мазҳабга амал қилиш, Қуръон ва суннатни тарк қилиб, ўзимизга ўхшаш бир инсоннинг айтганига амал қилиш дегани эмас. 

Фиқҳий мазҳабларимиз раҳнамолари аҳли сунна вал жамоа ақидавий мазҳабининг кўзга кўринган алломаларидир. Улар ақида бобида ҳеч қандай хилоф иш килганлари йўқ, қилишлари мумкин ҳам эмас. Демак, шундай катта уламолар кишиларни Қуръон ва суннатга амал қилмай, ўзларининг фикрларига чорлашлари, умуман, мантиққа тўғри келмайди. 

Фиқҳий мазҳаб имомлари Қуръон ва суннатни кишиларга осонлик билан тушунтирган ва уларга амал қилиш йўлларини мусулмонларга ўзига хос услуб билан баён қилиб берган алломалардир. Улар ҳеч қачон ўзларига ортиқча илоҳийлаштириш ёки қандайдир устунликни талаб қилмаганлар. Балки, ўз меҳнатлари, илм, одоб ва тақволари билан мусулмонлар эҳтиромига сазовор бўлган зотлардир. 

Уламоларимиз, фиқҳий мазҳаб имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: бу дунёдан яхши яшаб, яхши ўтиш ҳудди тоғнинг чўққисига эсон-омон чиқишга ўхшайди. Қуръон ва суннат ўша чўққига чиқишни кўрсатадиган харита ва қўлланма. Мазҳаб имомлари эса ушбулардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилар. 

Фиқҳий мазҳабларни инкор қилувчилар эса ўша тоғнинг тагига келиб, харита ва қўлланмани олиб, ўзига янги йўл топиб, чўққига чиқишга ҳаракат қилаётган одамга ўхшайди. Илми, кучи, имконияти бўлса чўққига чиқиш эҳтимоли бор. Бўлмаса қулайди. Чўққига чиқишга ёрдам берадиган илм, куч ва имконият эса, камида мазҳаббоши имконига тенг ёки ундан кўпроқ бўлиши керак. Энди тушунарли бўлган бўлса керак. 

Мазҳаблар пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида бўлмаган, деган эътироз ҳам шунга ўхшаш. Бу гапни ақийда, ибодат бобида айтса бўлади. Аммо услуб, тушуниш, баён қилиш бобида тўғри келмайди. У вақтда Қуръон китоб шаклида бўлмаган, барча Қуръонларни куйдирайлик дейилмайди-ку?! Шунингдек, тафсир, ҳадис каби илмлар, уларга тегишли китоблар ва яна кўп нарсалар бўлмаган. 

Ихтилофларнинг олдинии олишдаги биринчи вазифа бу чуқур билим олиш ва доимо ихтилофлардан йироқ бўлиш ҳамда уларга тегишли маърифий томондан ҳимояланишдан иборат.

Зуҳриддин Турдиматов,
Учқўрғон туман Нурмухаммад бува жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts