Ислом динимиз биз мўмин мусулмонларни ибодатга чорлаб, солиҳ амаллар қилишга буюрар экан, ўз навбатида ана шу амалларимизнинг савобларидан ўтган аждодларимиз руҳларига ҳадя қилиш ҳам мумкинлигини таълим беради. Зеро вафот этганларимизни хотирлаб, ўлимни эслаб, уларнинг хаққига дуою истиғфор айтиш тирикларнинг бурчидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда “улардан кейин келган зотлар айтурлар “Эй роббимиз, Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин. Эй роббимиз, Албатта сен меҳрибон ва рахмли зотдирсан.”- деб мархамат қилган. (Хашр сураси 10-оят)
Ушбу ояти каримадан биламизки, марҳумларимизни яхши сифатлари ва хайрли ишларини эслаб, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилиш хар биримиз учун яхши бир инсоний фазилатдир. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига биноан киши чин ихлос ва имон, эътиқод билан қилган солих амалларининг савобини вафот этганларнинг рухларига ҳадя қилиши жоиз. Бу билан иншааллоҳ марҳумларнинг руҳлари шод бўлади.
Ривоят қилинишича бир йигит Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, онасининг вафот этганини айтади ва нима қилсам онамнинг руҳини шод этган бўламан? деб сўрайди. Шунда Росулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам унга “қудуқ қазиб сув чиқар” дедилар. Шундан сўнг йигит сув чиқариб, “бунинг савобини онамга хадя қилдим ”деди. (Имом Хоким ривояти).
Динимизда вафот этганларнинг рухларини шод этишга тарғиб қилинишидан мақсад, бир томондан марҳумларни йўқлаб, уларга манфаат етказиш бўлса, иккинчи томондан тириклар учун тарбиявий ахамиятга эга эканлигидадир. Зеро ўтганлар руҳини шод қилишлик нафақат уларга солих амалларнинг савобини ҳадя қилиш, балки; шариатимиз ман қилган ишлардан ўзини тийишлик билан ҳам хосил бўлади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “сизларнинг қилаётган амалларингиз қабрда ётган қариндошларингизнинг руҳига кўрсатиб турилади, агар яхши амал қилиб юрсангиз хурсанд бўлиб руҳдошлари олдида фахрланадилар. Бордию гуноҳ ишлар қилиб юрсангиз ранжийдилар ва “Эй Аллоҳим бизларни ҳидоят қилганингдек, фарзандларимизни ҳам тўғри йўлга солмагунингча уларни жонини олмагин” деб дуо қилиб турадилар” деганлар.
Халқимиз ичида ҳам киши гуноҳ қилиб юрган бўлса “отангни арвоҳини чирқиратмагин” деганга ўхшаш иборалар ҳам ишлатилади. Демак биз тириклар ўтганларимизнинг руҳониятларини шод қилишимиз учун аввало, юриш-туришимизни тўғрилашимиз, яъни Ислом дини таълимотига мувофиқ хаёт кечиришимиз даркор экан. Инсон борки эртами, кечми бу дунёни ташлаб кетади, оқибатда орқасида қолганлар уни хотирлаб, эслаб, ибратланиб, қабрларини зиёрат қилиб савобли ишлар билан рухларини шод этишга умид боғлаб турадилар.
Қабристонларимизни обод қилиш ҳам улуғ савобли ишлардандир. Аммо у жойда мол-қўй ёки шунга ўхшаш марҳумлар руҳига озор берадиган ишлардан тийилишимиз зарур бўлади. Чунки кўкариб турган хар бир гиёҳ Аллохга тасбеҳ айтади. Бундан хосил бўлган савоб ана шу қабрда ётган инсонга тегиб туради. Агар қабр устидаги гиёхлар қуриган бўлса, аста олиб ташланади. Қабр атрофига мевали дарахт экиш мумкин эмас. Хозирги кунда тиббиёт ҳам буни исботлаб турибди. Манзарали дарахтларни ҳам тартибли, кўркам манфаати тегадиган жойларга экиш мақсадга мувофиқдир.
Абдуғани Абдуллажонов,
Чуст тумани “Қосим шайх” жоме
масжиди имом хатиби