Жамият аъзоларига муносабат

МАҲАЛЛАНИНГ МАЪНАВИЙ ХАВФСИЗЛИГИ-ҲАР БИРИМИЗГА ТЕГИШЛИ МАСАЛА

МАҲАЛЛАНИНГ МАЪНАВИЙ ХАВФСИЗЛИГИ-ҲАР БИРИМИЗГА ТЕГИШЛИ МАСАЛА

Бугун биз кўпинча “хавфсизлик” деганда фақат қўриқчи, камера ёки қулфланган эшикни тушунамиз. Лекин ҳақиқат шуки, инсонни ҳам, жамиятни ҳам йиқитадиган энг катта хатар-маънавий хатардир. Агар маънавият заиф бўлса, қолган барча хавфсизлик чоралари ҳам кутилган натижани бермайди.

2026 йилнинг “Маҳалла ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланиши бизни айнан шу ҳақиқатни чуқур ўйлашга чорлайди.

Маҳалла-бу фақат уйлар жойлашган ҳудуд эмас. Маҳалла-бу: болалар катта бўладиган жой, ёшлар ҳаётни ўрганадиган муҳит, оилалар муаммосини айтадиган даргоҳ, қариялар дуоси олинадиган маскан. Агар шу муҳит соғлом бўлса, у ерда тарбия ҳам соғлом бўлади.

Маънавий хавфсизлик деганда қуйидагиларни тушунамиз: болаларимиз нимани кўриб, кимдан ўрнак олаяпти, ёшларимиз кимга ишониб, қайси йўлдан кетаётгани, оилаларда ўзаро ҳурмат бор-йўқлиги, маҳаллада ёмон одатларга жой қолган-қолмагани. Агар бу саволларга жавобимиз ижобий бўлса, демак маҳалламиз маънавий жиҳатдан хавфсиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: “Эй мўминлар, ўзингизни ва аҳли оилангизни оловдан сақланг”. (Таҳрим сураси, 6-оят) Бу оят фақат уй ичини эмас, балки атроф-муҳитни ҳам назорат қилиш кераклигини ўргатади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса очиқ-ойдин айтганлар: “Ҳар бирингиз масъулсиз”. Яъни, бола бузилса ҳам, ёш адашса ҳам, фақат давлат ёки мактаб айбдор эмас-маҳалла ҳам жавобгар.

Ростини айтайлик: телефон боламизни тарбиялаб қўйяпти, кўчада ким билан юрганини билмаймиз, “бошқалар нима деркин” деган ўй билан кўп нарсага кўз юмаяпмиз. Ёмон одатлар эшик қоқиб кириб келмайди, аста-секин кириб келади. Бир кун эътибор бермасак, кейин кеч бўлиши мумкин.

Маҳаллада нималарни ўзгартириш керак?

Аввало, бефарқликдан қутулиш керак. Қўшни боласи ҳам “бизнинг бола”. Ёш адашса, уят қилиш эмас, йўл кўрсатиш керак. Оилада муаммо бўлса, ортидан гапириш эмас, ёрдам бериш керак.

Маҳалла-назорат қилиш жойи эмас, тарбия қилиш жойи.

Имом минбардан халқ тилида гапирса, отинойи онадек меҳр билан ўргатса, оқсоқоллар ҳаёт тажрибаси билан йўл кўрсатса-маҳаллада маънавий бўшлиқ қолмайди. Ёшга ақл ўргатиш учун бақириш шарт эмас, намуна кўрсатиш кифоя.

Маънавий хавфсиз маҳалла қандай бўлади? Ундай маҳаллада: инсонлар бир-бирларига салом бериш орқалик ҳол сўрашади, болалар эътиборда бўлади, қария қадрланади, ёшлар эса ўз йўлини топган бўлади. Бундай жойда фитна ҳам, бузуқлик ҳам илдиз отолмайди.

Азизлар, маҳалланинг маънавий хавфсизлиги-бу ҳоким ёки имомнинггина иши эмас. Бу-ҳар бир ота-она, ҳар бир қўшни, ҳар бир фуқаронинг ишидир.

Агар маҳалламизни асрасак-фарзандимизни асраймиз.

Агар фарзандимизни асрасак-келажагимизни асраймиз.

Аллоҳ таоло маҳаллаларимизни тинч, фарзандларимизни тўғри йўлда, жамиятимизни фаровон қилсин!

 

Абдулазиз Бобамирзаев

Янги Наманган тумани бош имом-хатиби 

Related posts