Жиноят ва қоидабузарлик

КИБР.

КИБР.

Динимизда ҳар бир мўмин мусулмондан талаб қилинган ва  шу хилқатлардан ўзини асраши лозим бўлган  ва бунга баъзи пайтларда инсон йўл топа олмайдиган, қалб хасталикларининг бири кибр ва манманликдир.

Кибр, такаббур, кибрё сўзлари луғатда катталик маъносини билдиради ва ўзини бошқалардан катта, устун ва афзал ҳисоблаш сифатига эга шахсга нисбатан ишлатилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида бу сифатни: «Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ҳақир санашдир», деб таърифлаганлар. Уламоларимиз кибрни: «У ўзини улуғ санаш ва қадрини бошқанинг қадридан устун қўйиш» деб таърифлаганлар.
Имом Ғаззолий «Иҳъёу улумид Дин»да кибрни бадбахтлик калити эканини қуйидагича баён қилади: «Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир.
Банда учун Аллоҳ таолонинг неъматлари ичида иймон ва маърифатдан улуғи йўқдир. Унга эришиш учун бағрикенглик ва қалб кўзи ўткирлигидан бошқа васийла йўқдир.
Куфр ва маъсиятдан каттароқ бало офат йўқдир. Мазкур икки нарсага чақиришда қалб кўрлиги ва жаҳолат зулматиданбошқа нарса йўқдир.

Зийрак кишилар Аллоҳ таоло уларни ҳидоятини ирода қилган ва қалбларини Исломга кенг қилиб қўйганлардир.

Мутакаббирлар Аллоҳ таоло уларни залолатини ирода қилган ва қалбларини худди осмонга чиқаётгандаги каби тор ва танг қилиб қўйганлардир.

Мутакаббир ўз ҳидоятига кафил бўлиши учун қалб кўзи очилмаган кишидир». 

Ўзини юқори олган одамгина кибр аҳлидан бўлади. Ўзини бошқалардан камолот сифатларидан бири соҳиби эканини эътиқод қилмаган одам ўзини юқори олмайди.

Камолот сифатлари эса диний ва дунёвий бўлади. динийлари илм ва амал бўлса, дунёвийлари насаб, жамол, қувват, мол ва тарафдорлари кўп бўлишидан иборатдир.

“Аллоҳ таоло айтади : Кибриё – ҳамма нарсадан устун бўлишлик кўйлагимдир ва Азамат – ҳамма нарсадан кўра улуғ бўлиш изоримдир. Бас, кимики мана шу иккаласидан бирида қайси киши талашса, уни дуўзахга улоқтираман”

“Кибрли кишига (мутакббирга) кибр қилишлик садақадир. Чунки унга тавозеъ қилинса, у ўзининг кибрида давом этади”

Халқимиз шоирларидан бири камтарлик тўғрисида чиройли ташбеҳ қилиб хокисорлик ҳақида шеър битганлар:

Гарчи мағрур турса-да чойнак,

Пиёлага эгур бошини.

Бас, шундай экан манманлик нечун,

Кибр-ҳаво нимага керак.

Камтарин бўл ҳатто бир қадам,

Ўтма ғурур остонасидан.

Шунинг чун пиёлани инсон

Ўпар доим пешонасидан.

Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таоло уч нафар киишларга ғазаб қилади, лекин уч кишига янада қаттиқроқ ғазаб қилади:

  1. Кибрли инсонга ғазаб қилади, аммо камбағал бўлиб кибр қилганга янада қаттиқроқ ғазаб қилади.

  2. Бахилга ғазаб қилади, аммо бой бахилга янада қаттиқроқ ғазаб қилади.

  3. Фосиққа ғазаб қилади, аммо фосиқ чолга янада қаттиқроқ ғазаб қилади. 

Аллоҳ таоло уч нафар  киишларни яхши кўради, лекин уч кишини янада қаттиқроқ яхши кўради:

  1. Тақводорни яхши кўради, аммо тақводор ёшларни кўпроқ яхши кўради.

  2. Сахийларни яхши кўради, аммо фақир сахийни кўпроқ яхши кўради.

  3. Камтарин инсонни яхши кўради, аммо бой бўла туриб камтарин бўлганни кўпроқ яхши кўради.”

Ҳадиси шарифда: “Қалбида зарра оғирлигида кибри бор киши жаннатга кирмайди”, дедилар”. Бир одам: “Эй Аллоҳнинг Расули, киши кийимини чиройли бўлишини, пойафзали бежирим бўлишини ёқтиради-ку?” деб сўради. Шунда Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва чиройлиликни севади. Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни паст санашдир”деб жавоб бердилар.

 “Қиёмат кунида кибрли инсонларни одам суратидаги қизил чумолига ўхшаш ҳолда келтирилади. Уларни ҳар тарафдан хорлик қоплаб туради. Уларни “Бўлас” деб номланган қамоқхона томон ҳайдаб кетилади. Устларидан оловнинг шиддатлиси ёниб туради. Дўзах аҳлининг йирингидан – тийнатул хобаалдан ичирилади” 

Юқоридаги сўзларимиздан билинадики биз ҳар доим қандай мартабага эга бўлмайлик, бизларни,биз умматлар учун Расуллуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг чиройли насиҳатлари қулоғимиздан кетмаслиги зарур. Зеро, у зот марҳамат қилганлар:

 “Дунёда бирор нарса баланд бўлса, Аллоҳ таоло уни пасайтирур”.

 Ботиров Баҳодир 

                                           Чуст тумани “Охунбобо” жоме 
масжиди имом хатиби.

Related posts