Ислом динида эзгуликка интилиш, атроф-муҳитни обод қилиш ва келажак авлодга манфаат етказишга мислсиз даражада катта эътибор қаратилади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади» (Муслим ривояти).
Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ҳамда кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савобларидан хушхабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам муттасил манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банданинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туришига хизмат қилади.
Қуръони каримда ҳам эзгу ишларни қилишга тарғиб қилиниб: «Ва яхшилик қилинг. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади», дейилган (Бақара сураси, 195-оят). Демак, киши эккан дарахтидан бошқалар фойдаланса, унинг мевасидан тановул қилишса ёки соясида роҳатланишса, гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам, унинг эгасига тўхтовосиз савоб бориб турар экан.
Инсоннинг бундай улкан ажр-савобларга мушарраф бўлишининг боиси шундаки, у ҳаёт фаровонлиги, юрт ободлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса, табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссасини қўшди. У фақатгина ўз нафсини ўйламади, балки ён-атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатини ўйлаб иш тутди, жамиятга наф келтирадиган хайрли ишга қўл урди.
Ҳикматларда айтилганидек: «Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишибди, биз ундан едик. Энди эса биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди». Бу — ота-боболаримиздан бизга қолган гўзал анъана ва келажак авлод олдидаги муҳим бурчдир.
Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик ва кўчат экишнинг нақадар муҳимлигини таъкидлаб, ҳатто энг оғир дамларда ҳам инсонни бу ишдан тўхтамасликка буюриб шундай деганлар: «Агар қиёмат қоим бўлиб қолса ва бирортангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин» (Бухорий ва Аҳмад ривояти).
Демак, кўчат экиш энг савобли ва улуғ амаллардан бири бўлиб, инсон дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам унинг ҳаққига тўхтовсиз ажр бориб туришига сабаб бўлади. Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ва савобли ишдан четда қолмайлик, она диёримиз ободончилиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида ўз ҳиссамизни қўшайлик!
Деҳқончилик — ҳаёт таянчи, ризқ-рўзимизнинг устунидир. Шунинг учун ҳам аждодларимиз бу шарафли касб соҳибларини ҳамиша улуғлаб, ардоқлаб, эҳтиром кўрсатиб келишган. Тарихдан маълумки, соҳибқирон Амир Темур Самарқанд атрофида Боғишамол, Боғимайдон, Боғибаланд каби кўплаб обод боғларни барпо қилиб, келажак авлодларга гўзал намуна кўрсатганлар. Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий эса деҳқонлар меҳнатига юксак баҳо бериб, уларни ҳақли равишда «ризқ йўлини очувчилар» деб таърифлаганлар.
Аллоҳ таоло барчамизга умримизни эзгу ишлар, хайрли амаллар ва юртимиз равнақига хизмат қиладиган саъй-ҳаракатлар билан мазмунли ўтказишни насиб этсин!
Қаҳрамон Абдураҳимов,
Чуст тумани "Иброҳим Ҳалилуллоҳ" жоме
масжиди имом-хатиби