Жамият аъзоларига муносабат

ЮРТИМИЗ ХАЗИНАСИ - ХОНАДОНИМИЗ ФАЗИЛАТИ

ЮРТИМИЗ ХАЗИНАСИ - ХОНАДОНИМИЗ ФАЗИЛАТИ

Муқаддас китобимиз Қуръони каримнинг Воқеа сурасида Аллоҳ таоло: «Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?!» дея умумбашариятга пурҳикмат савол билан мурожаат қилмоқда. Бу савол билан инсонлар экаётган зироатларига назар ташлашлари, уни униб ўсиши тўғрисида хам фикрий, ҳам амалий эътиборда бўлишларига чақирилмоқда. 

Зеро, Қуръон оятларига суянган холда айтиш мумкинки, деҳқончилик, боғдорчилик ва зироат билан шуғулланиш шарафли вазифа. Бу соҳа кишиларига доимо Аллоҳ таоло мадад беради. Чунки, улар ерга ниҳол ёки уруғ қадар эканлар, хаёлан Аллоҳ билан боғланиб, Ундан ҳосилнинг унумдор бўлишини сўрайдилар. Қўлларидан келган барча ишни бажариб, яна Аллоҳга таваккул қиладилар. Таваккулларининг самараси ўлароқ ҳосиллари кам бўлса баракотли, кўп бўлса даромадли бўлади. Шуларни ҳис қилган киши дехқончилик ишларига жиддий эътибор беради, унга муҳаббат ва масъулият билан ёндашади. 

 Етиштирилаётган ҳосил инсонларга ризқ  қилиб берилган экан, инсон ўз ризқига бефарқ муносабатда бўлиши мумкин эмас. 

Шундан келиб чиқиб ҳосилдорлик учун долзарб бўлган «Асад»  кунларини  ғанимат билиб, пайкалдаги ниҳолларнинг парваришида ер ва осмон бало қазосидан асрашини сўраб, керак бўлса сув, дори-дармон озуқасида қатъийлик билан меҳнат қилиш ҳар бир деҳқоннинг масъулиятли вазифаси.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ с.а.в. шундай деганлар: «Мусулмон киши экин экса, кейин бирор қуш, инсон ёки ҳайвон ундан еса, бунинг учун эккан кишига садақа қилганнинг савоби ёзилади»

Биз мўъмин-мусулмонлар ҳам юқоридаги ризқнинг умиди сифатида ерга қадалган уруғлар, экилган экинларга баракотли, иллат офатсиз мўл ҳосил беришини сўраймиз.

Бободеҳқонимизни  кучига куч, тажрибасига тажриба берсин, умид қилган ҳосил режасини Тангримиз ато айласин деймиз. 

Пахта деҳқончилигимиз туганмас хазина каби зиёда бўлсин! 

Мева ва полиз ҳосилларимизни халқимиз ризқидан кўра зиёдароқ қилиб Аллоҳим ато айласин! 

Илоҳо, юртимизни тинч ва осуда айлаб, республика ва вилоят рахбарларимиз хусусан Юртбошимизнинг олиб бораётган барча хайрли ишларида Яратганнинг Ўзи мададкор бўлсин! ОМИН! 

Толибжон Шарипов,
Чортоқ туман бош имом хатиби

Related posts