Жамият аъзоларига муносабат

ИСТИСҚО НАМОЗИ

ИСТИСҚО НАМОЗИ

Ислом тарихида истисқо – яъни ялвориб ёмғир сўраш амали – умматнинг қийин дамларда ягона қалб бўлиб Аллоҳга қайтиш маданиятидир. Қуруқчилик, иссиқнинг кучайиши, ернинг ҳосили камайиши – буларнинг ҳаммаси инсонга ўз ожизлигини эслатиб, Роббисига тавба ва дуо билан ёндашишга ундайди. Шунинг учун истисқо намози шариатда мустақил суннат сифатида жорий қилинган.

1. Қуръонда ишоралар

Қуръон Каримда истисқо алоҳида ибодат сифатида зикр қилинмаган бўлса-да, Аллоҳга дуо қилиб ризқ ва ёмғир сўраш жуда кўп оятларда таъкидланади:

1) Нўҳ алайҳиссалом дуоси

فَقُلْتُ اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّارًا * يُرْسِلِ السَّمَاءَ عَلَيْكُمْ مِدْرَارًا уҳ, 10–11)

«Раббингиздан мағфирот сўранг, У гуноҳларни маъғфират қилгувчи. У сизларга осмондан жала-йомғир юборур».

Уламолар (Ибн Касир, Қуртубий) бу оятларни истисқога ишора деб баҳолаган.

2) Мусо алайҳиссалом қавмига сув сўрагани

وَإِذِ اسْتَسْقَى مُوسَى لِقَوْمِهِ (Бақара, 60)

«Мусо қавми учун (Аллоҳдан) сув сўраганини эсла».

Бу оятда истисқо сўзи бевосита ишлатилган.

2. Пайғамбар (соллалоҳу алайҳи васаллам) амаллари

Истисқо намози ҳақида жуда кўп саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Имом Бухорий, Муслим ва тўрт сунан китобларида бу батафсил келтирилган.

1) Пайғамбар (соллалоҳу алайҳи васаллам)нинг истисқо намози

Абдуллоҳ ибн Зайд ривоят қилади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қачонки ёмғир тўхтаб, ер қуриб кетса, саҳрога чиқиб одамлар билан бирга икки ракъат намоз ўқир эдилар» (Бухорий, 1013)

2) Намоздан кейинги дуолари«Аллоҳумма ағисно, Аллоҳумма ағисно, Аллоҳумма ағисно»

(«Эй Аллоҳ, бизга ёмғир юбор! …») (Бухорий, 1014)

3) Минбарда дуо қилганлари

Расулуллоҳ (саллолоҳу алайҳи васаллам.) баъзан минбардан тушмаган ҳолда ҳам дуо қилганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоятида айтилади:

«Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи васаллам  ) минбарда турганларида бир бедуин туриб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Моллар қирилиб, йўллар тўсилиб қолди, бизга ёмғир дуо қилинг!” деди. Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам ) дуо қилдилар ва осмондан ёмғир қуйилди…» (Бухорий,933)

Истисқо намозининг ҳукми

Уламоларнинг ижмосига кўра – суннат муаккада. Жамоат билан ўқиш мустаҳаб. Ҳатто мусулмон ҳокими (имом) халқни йиғиб, махсус кунида намоз ўқитиши суннат амал ҳисобланади.

Қандай бажарилади?

Саҳрога чиқиш – пайғамбар амали шу. Масжидда ўқиш ҳам жоиз.

Азон ва иқоматсиз ўқилади.

Икки ракъат:

– қироат жаҳрий қилинади;

– уйдаги икки ракъат каби, аммо жамоат билан.

Намоздан сўнг хутба – жума каби икки қисм эмас, ягона хутба.

Дуо – имом қўлларини баланд кўтариб, ёмғир сўраб илтижо қилади. Жамоат “Омин” дейди.

Кийимни ағдариш – Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам) дуо вақтида узкулларини тескари қилиб кийганлар (барака, ўзгариш, яхшилик умиди рамзи сифатида).

Ижтимоий ва маънавий ҳикматлар

1. Тавбага чақирув

Истисқо – фақат ёмғир эмас, балки жамиятдаги гуноҳлардан тозаланиш, оммавий тавба қилиш байроғи. .

2. Жамоат бирлиги

Бутун шаҳар аҳолисини сафарбар қиладиган камдан-кам ибодатлардан бири. Қариялар, бола-чақа, бой-камбағал – барчаси бир сафда.

3. Роббга муҳтожликни ҳис қилиш

Инсон технологияга ишониб кетган замонда истисқо инсонга ҳақиқий манба – Раббини эслашни ўргатади.

Салафлардан ўрнаклар

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)

Қаттиқ қурғоқчилик йилларида Умар (розияллоҳу анҳу) — Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам.) амакилари Аббосни (розияллоҳу анҳу ) олдинга чиқариб:

«Эй Аллоҳим! Биз Севикли Расул орқали Сендан ёмғир сўрар эдик, эндиликда эса Расулнинг амакиси орқали сўраймиз, бизга ёмғир юбор!» деб дуо қилганлар ва ёмғир ёғган. (Бухорий, 1010)

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)

«Аллоҳни истиғфор билан кўп зикр қилинглар, зеро истиғфор барака эшикларини очади».

Замонавий жамиятда истисқо

Бугунги кунда иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва сув танқислиги нафақат диний, балки стратегик муаммо. Ислом истисқо орқали:

масъулиятни кучайтириш,

табиатга эҳтиёткор ёндашиш,

жамоат бирлиги,

раҳм-шафқат ва садоқотни тиклаш

каби қадриятларни мустаҳкамлайди.

Шу билан бирга, истисқо — фақат дуо эмас, балки:

исрофни тоқатсизлик билан чеклаш,

сув ресурсларини адолатли тақсимлаш,

қишлоқ хўжалигида илмий ёндашувни кучайтириш

каби амалий вазифаларни ҳам эслатади.

Хулоса

Истисқо намози – Исломнинг йўқотилиб бормайдиган жонли мероси. У инсоннинг ожизлигини, Аллоҳнинг қудратини ва жамоатнинг бирлигини намоён этади. Қуруқчиликдан қутулишнинг энг илк калити – истиғфор, тавба ва Роббга самимий қайтишдир.

Аллоҳ таоло юртимизга баракали ёмғирлар, заминимизга серҳосиллик ва халқимизга тинчлик-фаровонлик ато этгай.

Муҳриддин Абдуллаев,
Косонсой тумани “Аълохон махдум жоме 
масжиди имом ноиби 

Related posts