Жамият аъзоларига муносабат

ИСРОФГАРЧИЛИКДАН САҚЛАНИНГ!

ИСРОФГАРЧИЛИКДАН САҚЛАНИНГ!

   Маълумки сиз биз мусулмонларнинг барча амалларимиз учун дастурил амал бўлган Қуръони каримда Аллоҳт таъоло марҳамат қилиб шундай дейди: 

وءات ذا القربى حقه والمسكين وابن السبيل ولا تبذر تبذيرا ان مبذرين كانوا اخوان شيطين و كان شيطن لربه كفورا

 “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди.”    (17 Исро. 26-27)

Қаранг, Аллоҳ таъоло    эҳсон қилишга буюриш баробарида исрофга йўл қўймасликка буюряпти. Исроф қилувчиларни эса шайтоннинг биродарлари, деб атамоқда. Демак, мусулмон киши учун ҳатто эҳсон қилишда ҳам, ейиш-ичишда ҳам ўртача бўлиш лозим бўлар экан. Улуғларимизнинг айтишларича инсон бор-будини ҳақ йўлида сарф қилса ҳам, исрофгар бўлмас экан, лекин арзимаган молини ноҳақ йўлга сарф қилса, исрофга йўл қўйган ва шайтонга биродар тутинган бўлар экан.

     Инсон Аллоҳ таъоло яратган махлуқотларнинг энг афзали ҳисобланади. Бу афзаллик унга берилган ақл-идроки ва имони туфайлидир. Келинг бир ўзимизни бошқа махлуқотлардан афзал-улуғ қилиб турган ақлимизни ишлатиб бир фикр юритиб кўрайлик. Биз Парвардигори олам неъмат қилиб берган барча нарсаларни У буюрган йўлда сарфлаб, исрофга йўл қўймай яшаяпмизми, ёки яқин қариндошимиз, қўшнимиз, ҳатто ўзимиз муҳтож бўла туриб, бошқаларни рози қиламан, обрў оламан деб, уларни ҳам ўзимизни ҳам гуноҳга ботириб, ҳалол меҳнат топган моли дунёмизни, тўй-маросим баҳонасида бекорга совуриб исроф қиляпмизми?

     Отасининг, онасининг ишхонасига, йигитни, қизни ўртоқларига алоҳида шоҳона базм, ўзидан аввал қандай қиз кийганига эътибор қилмай фалон пулга бўлсада ярим яланғоч кўрсатадиган фаталарни кийиш, никоҳдан ЗАГСдан ўтишда турна қатор машиналарда йўлларни эгаллаб юришга, суннат тўйларидаги исрофлар, туғилган кунларда ҳатто боғча болаларига ҳам артисти билан базм уюштиришга, биров бизни мажбур қилаяптими ёки камоли ақлимиз нафсимизга қул бўлиб қолгани учун бўляптими? Никоҳ тўйларини ниҳоятда ихчам ва камхарж ҳолда ўтказишни назарда тутиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Келиннинг бахти унинг тўй харажатларининг камлигидадир”- деб алоҳида огоҳлантирганлар-ку.

     Овқат еяётган, ғийбатга овора бўлиб турган, яна бошқа бир аҳволга тушган, баъзи бир аёллар ҳар хил ҳолатда очиқ-сочиқ турган ҳолатларни тўйларда видеоларга олиб, эртасига оила аъзолари, катта кичик шуни кўришади ва бу видеоларни барча яқинлар ҳам кўриб чиқишади. Ота-оналари ва ака-опаларининг тўйдаги аҳволини кўрган ёшлар кимга эргашсин?

    Ҳажга, умраларга кенг йўл очилди, қанча ватандошларимиз бу имкониятдан фойдаланиб ўша муборак жойларни зиёратига мушарраф бўлдилар. Лекин шу баҳонада ташкил қилинган ҳожи ўтиришларимиз, эртадан кечгача бошқа иши йўқдек овқат билан овора бўлиб ўтиришимиздан, кимга фойда? Наҳотки қорин бандаси бўлиб қолган бўлсак. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: Ҳар бир кун бандага мурожаат қилиб айтади: Мен янги кунман, мендан дунё ва охиратингга керакли амалларни қилиб фойдаланиб қол, гуноҳ, исроф қилишдан сақлан, мен агар кетсам яна қайтиб келмайман ҳушёр бўл! - деб айтар экан.   

   Азадор хонадонлардаги ҳали ҳам давом этаётган пайшанбалик, қаъда, 20, 40, йил, ҳайит маросимларини шариатимиз буюрмаган-ку.

    Келинг бир ўзимизга ташқаридан назар солиб, фикр қилиб кўрайлик, қаёққа қараб кетяпмиз. Ана шу маъсият-гуноҳ учун, бидъат маросимлар учун, исроф қилиб сарфланаётган мол дунёларимизни, шариатимиз, соф инсоний табиат буюрганидек ўғил қизларимизнинг илмли-касб ҳунарли бўлишига, маънавий-маърифий тарбиясига, қолаверса кўчаларимиз ободончилигига, чет эллардан янги технологиялар олиб келиб янги иш жойлари ташкил қилишга сарфласак қандай савоб иш қилган бўлардик.

  Келинг азизлар меҳнат билан топган мол-дунёлармизни сохта обрў, риёкорлик, хўжа кўрсин учун зоеъ қилмасдан келажагимиз бўлган фарзандларимизнинг ўқимишли бўлишлари, жонажон ватанимизнинг равнақи, янада обод бўлиши йўлида тежамкорлик билан ўз ўрнига сарфлашни йўлга қўяйлик. Зеро Пайғамбаримиз солллаллоҳу алайҳи васалллам ҳам: Тежамкор бўлган киши камбағал бўлмайди, деб марҳамат қилганлар.   

Адҳамжон Абдураҳмонов,  
Поп тумани “Кичик Хўжаобод” жоме   
масжиди имом ноиби

Related posts