Жамият аъзоларига муносабат

ИСРОФ ҚИЛИШ – САХИЙЛИК ЭМАС!

ИСРОФ ҚИЛИШ – САХИЙЛИК ЭМАС!

        Маълумки, Аллоҳ азза ва жалла дунё аҳлига, жумладан инсон оламига бир қанча неъматларни ато этиб, уларни берилган неъматлардан оқилона фойдаланишга, исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони каримда: “...Шунингдек, еб-ичинглар, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят).

Лекин, минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият ҳолларда исрофдан сақланиш эътибордан четда қолмоқда. Айтишимиз мумкинки, исроф моҳияти шуни ифода этадики, исроф бўлаётган неъмат ҳоҳ унинг баҳоси қиммат ёки арзон, нодир ёки сероб бўлишидан қатъий назар мақсадсиз истеъмол этиш исроф маъносини ифода этади.

Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Умри давомида меҳнат қилиб фарзанди учун тўй-ҳашамларига деб маблағ сарфлайди. Назар солсангиз, бу каби меҳр-мурувват таҳсинга лойиқ. Аммо, ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун бўлиш, тўй ва маросимларини бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали қиламан деб фарзандларининг бахтини ўйламай бир қанча исроф ишларга қўл уриб, натижада кўнгилсизликларга учраш эса ачинарли ҳол.

Шариатимизда хурсандчилик муносабати билан дастурхон ёзиб таом бериш маросими-тўй дейилади. Пайғамбаримиз соллолоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланган вақтлари пайғамбарлик даврига тўғри келиб бир қўй сўйиб тўй қилганлар. Бу тўйнинг хабари тарих саҳифасида қолди. Қуръони каримнинг йигирма уч ўрнида исрофдан қайтарилган. Бироқ, бизлар Ислом дини белгилаб берган маросимлардан тўйни ажратиб олиб, барча моддий жамғармаларни қадрига етмасдан, сарфлаб юбормоқдамиз, аслида пешона тери билан топилган ҳалол мол фарзандлар келажаги, рўзғор, ота-она дуоси учун сарф этилса шариатга мувофиқ, яшаб турган жамиятимиз одобига, халқимиз удумига муносиб бўлар эди. Кундалик ҳаёт тарзимиз яхши, иллатсиз ўтар эди.

 Бир донишманд айтганидек, “саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, лекин бахил бўлма”. Исроф сахийлик эмас, тежамкорлик бахиллик эмас. Айнан шу маънода Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: “Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”, деганлар.

Улуғ юртдошимиз Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи шундай дейдилар: Одамлар тўрт тоифадир; 1. Сахий. 2. Бахил. 3. Исрофгар. 4. Тежамкор.

Сахий инсон дунёдаги насибасини охират учун сақлаб қўйган киши, бахил дунёда ҳам охиратда ҳам насибасини қолдирмаган, исрофгар охират насибасини дунёда ишлатган киши, тежамкор эса, дунё ва охиратдаги насибасини олган кишидир.

Тўй — эҳсоннинг бир шакли. Эҳсон эса пинҳона қилинганда Аллоҳга кўпроқ манзур бўлиши айтилади манбаларда. Шундай зотлар борки, уларнинг хайрли ишларини фақат Аллоҳ ва ўзларигина билган. Ҳар қандай дабдабали тўйнинг довруғи ҳам, нари борса, тўй эгасининг вафотигача эсланади.

Тўй — бизнинг шахсий ишимизгина эмас. Кўпдан кам бўлмай қабилида ўтказилган ҳашаматли тўйнинг оқибатлари туфайли кўнгилсизлик келиб чиқса, бу фақат шу оиланинг мусибати бўлиб қолмайди, балки кўпчиликка таъсир қилади. Оила — жамиятнинг бир бўғини. Унинг таназзули жамият, миллат таназзули, демак.

Бугунги кунда жамиятда кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланиш жараёни кетаётган бир пайтда тўйларни ҳам ўзига хос қисқа муддатли хурсандчилик тарзида нишонлаш, турли бидъат хурофотлар ва исрофдан чекиниб, янгича, ихчам тус бериш, сарфланадиган ортиқча маблағларни тежаб, ёшларнинг келажагига йўналтириш вақти келди деб ўйлаймиз.

Хулоса ўрнида кераксиз одатларнинг пайдо бўлуви ва изсиз йўқолуви сиз билан бизнинг онгимизга, виждонимизга боғлиқдир. Кибр ва манманлик, беҳуда ва бефойда ишлардан озгина чекинсак, олам-олам савобга эришамиз ва хонадонимизнинг чексиз саодатга етмоғини таъминлаймиз."

                                                              Абдулбосит Юнусов,
Янгиқўрғон тумани “Исҳоқ хожи” жоме

 масжиди имом хатиби

Related posts