Жаҳолатга қарши маърифат

ИСЛОМДА ХИЖРАТ МАСАЛАСИ

ИСЛОМДА ХИЖРАТ МАСАЛАСИ

          Бугунги кунда террорчилик ташкилотларининг даъватчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангарилар тайёрлови марказларга жўнатиш мақсадида дунёвий давлат ва жамиятни динсизликда айблаб, гўёки хижратга чиқиш фарз амал экани, “бунинг учун хеч кимнинг, хатто, ота-онанинг рухсатини олиш керак эмас” ёки “ота-онамиз бизни дунёга келишимизга сабабчи бўлган холос, хамма ишни хам уларни маслахатлари билан қилмаймиз” деган сохта тушунчаларни  ёшлар онгига сингдиришга харакат қилмоқдалар

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: Расулуллоҳнинг ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, дейди. У зот эса: “Ота-онангнинг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб берадилар (Абу Довуд ривояти).

          Ватанни сотиш, ўз юрти ва ватандошларига зарар етказиш, ота-онани норози қилиб “оқ бўлиш” эса ислом таьлимотида оқир гунох хисобланади. 

  Масаланинг мухим жихатларидан бири шуки, гўёки “хижрат” учун Сурия каби мамлакатларга бораётганлар яхшилик билан шуғуланаётгани йўқ. Аксинча, ўша ерда уларга қўшилмаганларни “кофир” деб эълон қилиб, уйларини тортиб олиб, ўзларини ўлдириб юбормоқдалар, аёллар ва болаларга зулм қилмоқдалар.  Бундай фитналар, гунохи кабира ишларга қўл ургандан кўра, ўз юртида тинчликда, эмин-эркинликда фарз аммалларни, ибодатларни бажариб, халол мехнат билан оиласини боқиб юрганлари афзал эмасми? Шу сабабли, исломда, фитна даврида унга аралашмай ибодатда бўлганларга катта иньомлар ваьда қилинган. 

 Ҳижрат икки хил бўлади. Биринчиси: дин ва ҳаёт муҳофазаси йўлида амалга ошириладиган маконий ҳижрат бўлиб, унга тааллуқли бир қатор оят ва ҳадислар ворид бўлган. Аллоҳ таоло бундай дейди:

“Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган зотларни, албатта, бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди охират ажри мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!” (Наҳл, 41).

Иккинчиси: гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш. Шу маънодаги ҳижрат тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад бир қатор кўрсатмаларни баён қилганлар. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда У зот: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, дейдилар. Имом Байҳақий Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда: “Ҳижратнинг энг афзали – Раббинг ёмон кўрган нарсани тарк этмоғингдир”, дейилади.

Бузғунчи кучлар таассубга берилган шахсларни дунёнинг нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадларни амалга оширишга интилмоқда. Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, хуллас, Исломнинг беш аркони эмин-эркин адо этиладиган, мусулмонлар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар. Ваҳоланки, она юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид экани барчага маълум.

Анваржон Мирзаев,
Мингбулоқ тумани бош имом хатиби

Related posts