Ватан ҳимояси ҳар бир жамият ва миллат ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ислом дини ҳам инсоннинг нафақат ибодатларига, балки жамият олдидаги масъулиятига, тинчлик, адолат ва хавфсизликни таъминлашга катта аҳамият беради. Шу маънода Ватанни ҳимоя қилиш Исломда фақат дунёвий бурч эмас, балки маънавий ва диний масъулият сифатида ҳам қаралади.
Исломда Ватан тушунчаси.
Ислом таълимотида “ватан” сўзи тўғридан тўғри кўп ишлатилмасада, унинг мазмунини ифодаловчи тушунчалар мавжуд. Ватан — инсон туғилиб ўсган, тинч ва хавфсиз ҳаёт кечирадиган, дин, номус, мол-мулк ва оиласи муҳофаза қилинадиган юртдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳрини тарк этар эканлар, уни қаттиқ соғинганликларини баён қилганлар. Бу ҳолат Ватанга бўлган муҳаббат Исломда табиий ва маъқул туйғу эканини кўрсатади.
Қуръони Каримда Ватан ва ҳимоя масаласи.
Қуръони Каримда зулмга қарши туриш, ўзини, оиласини ва жамиятини ҳимоя қилишга рухсат берилган: “Ўзига зулм қилинганларга жанг қилишга рухсат берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир” (Ҳаж сураси, 39-оят)
Бу оятдан маълум бўладики, Исломда тажовузкорлик эмас, балки ҳимоя мақсадида ҳаракат қилиш қонуний ва адолатли ҳисобланади. Ватан ҳимояси ҳам айнан шу доирада — зулм ва тажовузга қарши туриш сифатида талқин қилинади.
Ҳадисларда Ватан ҳимояси.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам жамият хавфсизлиги, тинчлиги ва ҳимоясига катта аҳамият берилган. Қуйидаги ҳадис бунинг ёрқин далилидир: “Ким молини, жонини, оиласини ҳимоя қилиб ҳалок бўлса, у шаҳиддир” (Имом Термизий ривояти)
Бу ҳадисга кўра, инсон ўз юртидаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлида ҳалок бўлса, у олий мақом — шаҳидлик даражасига эришади.
Ватан ҳимоясининг диний-ахлоқий аҳамияти.
Исломда Ватан ҳимояси қуйидаги ахлоқий тамойилларга асосланади:
Адолат — ноҳақ тажовузга қарши туриш;
Масъулият — жамият тинчлиги учун жавобгарлик ҳисси;
Фидойилик — юрт манфаатини шахсий манфаатдан устун қўйиш;
Тинчликсеварлик — зўравонликка эмас, барқарорликка интилш.
Ислом ҳеч қачон босқинчилик ва зулмни қўллаб-қувватламайди, балки Ватанни фақат ҳимоя қилиш, уни асрашни улуғлайди.
Замонавий даврда Ватан ҳимояси ва Ислом.
Бугунги кунда Ватан ҳимояси фақат қурол билан эмас, балки билим, ҳалол меҳнат, қонунга итоат, жамият барқарорлигига ҳисса қўшиш орқали ҳам амалга оширилади.
Ислом нуқтаи назаридан:
ҳарбий хизмат — шарафли бурч;
қонунга бўйсуниш — фитнанинг олдини олиш;
ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш — муҳим диний-ахлоқий вазифадир.
Ислом таълимотида Ватан ҳимояси юксак қадрият ҳисобланади. У зулмга қарши туриш, тинчликни сақлаш, инсон қадрини ҳимоя қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Ватанни асраш — нафақат дунёвий бурч, балки иймон ва ахлоқ билан боғлиқ муқаддас масъулиятдир. Шу боис Ислом Ватан ҳимоясини улуғлайди ва уни адолат, тинчлик ва инсонпарварлик асосида амалга оширишни буюради.
Абдулвоҳид Исақов
Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме
масжиди имом хатиби