Жамият аъзоларига муносабат

ИСЛОМДА ВАҚТ ҚАДРИ

ИСЛОМДА ВАҚТ ҚАДРИ

 

Вақт – инсон учун энг катта неъмат ва энг улкан омондир. У барча бойлик ва имкониятлардан қимматлидир, чунки кетган вақт қайта қайтмайди. Динимизда вақтнинг қадрига алоҳида урғу берилади. Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида вақтни ғамхўрлик билан асраш, уни беҳуда сарф қилмаслик ҳақида кўплаб насиҳатлар келган.

 

Вақт ҳақида Қуръон таълимоти.

 

Аллоҳ таоло «Аср» сурасида вақтга қасам ичиб марҳамат қилади:

 

«Аср (вақт) билан қасамки, албатта инсон зиёндадир. Фақат иймон келтирганлар, савобли амаллар қилганлар, ҳаққа ва сабрга васият қилганлар мустасно». (Қуръон, Аср сураси 1–3-оятлар)

Бу оятдан маълум бўладики, вақт инсон учун қимматли мезондир. Уни иймон, савобли амал ва ҳақиқат йўлида сарф этган киши нажот топади.

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида вақт.

 

Ривоят қилинади:

 

 «Иккита неъмат борки, кўп одамлар уларда алданадилар: соғлиқ ва бўш вақт» (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадис инсон учун соғлиқ ва вақт энг улуғ имконият эканини кўрсатади. Агар инсон улардан тўғри фойдаланмаса, умрини беҳуда сарф қилади.

 

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 

«Қиёмат куни бандани беш нарсадан сўралмай туриб жойидан силжитмас: умрини қаерда ўтказди, ёшлигини нимада сарф қилди, молини қаердан топди ва қаерга сарф қилди, билган илми билан амал қилди-ми» (Термизий ривояти).

Бу ҳадис умрнинг ҳар дақиқаси учун инсон масъул эканини англатади.

Исломда вақтдан фойдаланиш одоблари.

 

1. Ниятни холис қилиш – вақтни Аллоҳ розилиги учун амалларда сарф қилиш.

 

2. Намоз ва ибодатга риоя қилиш – вақтнинг энг муқаддас тақсимоти намоз вақтларига боғлиқ.

 

3. Илмга интилиш – ҳар бир дақиқани илм олишга сарф этиш.

 

4. Меҳнат ва ҳалол ризқ топиш – вақтни самарали меҳнатда ўтказиш.

 

5. Беҳуда ишлардан қочиш – ғийбат, бекорчи баҳс, беҳуда уйқу ва вақт ўғирларидан сақланиш.

 

Вақт инсон умрининг тарозиси, ҳар бир дақиқаси ҳисобдор. Динимизда вақтга беэътибор бўлиш жоҳиллик ва зиён ҳисобланади. Ақлли инсон умрини ибодат, илм ва савобли амалларга бағишлайди. Ҳақиқий бахт – вақтдан тўғри ва самарали фойдаланишдир.

 

Имом Ҳасан Басрий (р.а.) айтганлар:

“Эй Одам фарзанди, сен фақат вақтсан. Бир кунинг кетса, сенинг бир қисми ҳам кетади.

 

Абдулвоҳид Исақов,

Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме 
масжиди имом хатиби.

Related posts