Жаҳолатга қарши маърифат

ИСЛОМДА МУТААССИБЛИК ЙЎҚ!

ИСЛОМДА МУТААССИБЛИК ЙЎҚ!

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сурасида “Динга мажбур қилиш йўқ....” (256 оят) деб марҳамат қилади. Ислом дини мутаасибликка хайрхоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради. Демак, бир фикрда қаттиқ туриб олиш ва уни бошқаларга мажбуран сингдириш шариат ман қилинган ишдир. 

Юқоридаги оят ислом дини пойдевори бағрикенглик ва енгиллик асосига қурилганига далолат қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Албатта дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, ( дин) уни енгади”. дедилар. Мутаассибликнинг салбий оқибатлари жуда ҳам кўп. Жумладан, ўзгаларга нисбатан таҳқир ва маломатларни ёғдириш, ўзганинг фикрини эшитмаслик ҳамда холисликнинг йўқолиши натижасида ҳақиқатдан юз ўгириш, кишиларни диндан бездириш, мусулмонлар орасида келишмовчиликни чиқариш ва ҳоказо хатарлари мавжуд. 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий алайхиссалом Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга жўната туриб : Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг деган эканлар. 

Албатта, мутаассиблик динни нотўғри тушунишдан пайдо бўладиган сифатдир. Асримизнинг кўзга кўринган уламоларидан Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ ўз асарларида мутаассиблик ҳақида қуйидаги фикрни билдиради:  Мен бу замонда баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки  шаҳвату ҳавойи нафсидан келиб чиқадиган, ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми билан бирлашмайдиган ва уларнинг ҳужжатига бўйсинмайдиган янгича ислом туғулаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. Ислом дини мутаассибликнинг ҳар қандай кўриниши, хусусан, кишининг ўз фикрида муросасиз бўлишини қаттиқ қоралайди. 

 Ислом дини талашиб тортишиш, муросасизлик, ўз фикри ғоясини хақ деб туриб олиш эмас, балки чуройли муомила, гўзал ахлоқга чақиради. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам "Дин  насихатдир" ва яна бир хадисларида "Барча гўзал хулқларни мукаммаллаштириш учун юборилдим" деб мархамат қилганлар. Чиройли хулқ ва одобга, бағрикенгликга тарғиб қилувчи Ислом динимизни ёмон отлиқ, муросасизлик, мутаасиблик дини қилиб кўрсатмайлик. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга бошласин! Исломимизни, ахлоқимизни гўзал қилсин! 

 

Иминжон Абдурахимов ,
Поп тумани "Тошхўжа эшон" жоме 
масжиди имом хатиби.        

Related posts