Жамият аъзоларига муносабат

ИСЛОМ МУСУЛМОННИНГ ИЗЗАТ-ҲУРМАТИНИ  КЎТАРАДИ.

ИСЛОМ МУСУЛМОННИНГ ИЗЗАТ-ҲУРМАТИНИ  КЎТАРАДИ.

Исломда одамларга озор бериш, обрўсини тўкиш, уларга тил ва амал билан ҳар қандай зарар етказиш ҳаромдир. Барча мусулмонларнинг бундан қайтарилгани тўғрисида Қуръонда Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилади:

﴿وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا﴾

Яъни: Мўъмин ва мўъминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар. (Аҳзоб сураси 58-оят).

Исломнинг илк даврида дин душманлари айниқса аёлларга бўҳтон қилиш орқали мусулмонларга кўп озор беришга интилган. Мўъмин инсон Аллоҳ таоло учун Унинг энг қадрли бандасидир. Ҳақ таоло бир неча оятда Ўзи мўъминларнинг валийси эканини таъкидлаган. Кимки мўъмин инсонга жисмонан ёки маънан озор берса, Парвардигорнинг қаҳрига учраб, шунга яраша жазосини олади.

Имом ибн Абу Ҳотим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан: “Айтингларчи, энг ёмон рибо нима?” дедилар. Улар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билади”, дейишди. Шунда у зот: “Аллоҳнинг эътиборидаги рибонинг энг ёмони мусулмон кишининг обрўсини тўкишни ўзига эп кўришдир”, дедилар. Сўнгра “Мўъмин ва мўъминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар” оятини ўқидилар.

Ислом мусулмоннинг иззат-ҳурматини ерга уриш ва шаънини поймол қилишдан қаттиқ қайтаради.   Аллоҳ азза ва жалла Қуръони каримда марҳамат қилади:                                                 

                                                                     ﴿وَيْلٌ لِكُلِّ هُمَزَةٍ لُمَزَةٍ﴾                                                                            

Яъни: (Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” дейди. (Ҳумаза сураси, 1-оят).

Одамларнинг обрўсини ғийбат йўллари билан кўп тўкувчи одам араб тилида “ҳумаза” дейилади. Бировларнинг айбини, камчиликларини имо-ишора билан масхара қилувчини эса “лумаза” дейдилар. “Вайл” жаҳаннамдаги бир водийни ёки ҳолига вой, ҳалок бўлсин, маъноларини англатади.  Ушбу икки сифатга эга бўлганларнинг барчаси қаттиқ жазога учрайди. Чунки мўъмин кишининг қонини тўкиш қанчалик оғир гуноҳ бўлса, обрўсига путур етказиш ҳам шунчалик ёмондир.

Мусулмон киши доим бошқаларни қўллаб-қувватлаши ва ҳимоя қилиши лозим.  Абу Довуднинг “Сунан”ида Жобир ва Абу Толҳа розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Бир мусулмон бошқа бир мусулмон кишини иззат-ҳурмати поймол бўлаётган ва обрўси камситилаётганида ёрдамсиз қолдирса, Аллоҳ таоло ёрдам беришни яхши кўрадиган пайтда уни ёрдамсиз қолдиради. Бир мусулмон бошқа бир мусулмон кишини иззат-ҳурмати поймол бўлаётган ва обрўси камситилаётганда унга ёрдам берса, Аллоҳ таоло ёрдам беришни яхши кўрадиган пайтда унга ёрдам беради”.

Бинобарин, инсонлар ҳамиша бир-бирига яхши муносабат кўрсатиши, бир-бирини ҳурмат-иззат қилиши ва жамиятдаги ахлоқий меъёрларга риоя этишда бардавом бўлиши лозим. Бу албатта ҳамжиҳатликга ва аҳилликга олиб боради.

Абдулбосит Юнусов,
Янгиқўрғон  тумани Исҳоқ ҳожи жоме

 масжиди имом хатиби

Related posts