Наманган вилояти имом-хатиблари иштирокида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қаламига мансуб “Инсон қадри” асарининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти бош имом хатиби Мусохон домла Аббосиддинов, касаба уюшмаси масъул ходими фалсафа фанлари доктори Солиев Икромхон, Наманган вилояти маънавият ва маърифат бўлими масъул ходими Рахмонов Баҳодир, Наманган шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари, бош отинойилар, Малака ошириш институти ҳамда Ҳидоя мадрасаси раҳбарияти қатнашди.
Тақдимот жараёнида асарнинг мазмун-моҳияти, унда кўтарилган ғоялар ва жамият ҳаётидаги аҳамияти хусусида атрофлича фикр алмашилди. Сўзга чиққанлар бу каби асарлар одамийлик, меҳр-оқибат ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.
Айтиб ўтилганидек, китобда ислом таълимотига кўра инсоннинг ҳақиқий қадри унинг ташқи кўриниши, бойлиги ёки мансаби билан эмас, балки қалб поклиги, нияти, одоб-ахлоқи ва эзгу амаллари билан ўлчаниши Қуръон ва суннат асосида ёритиб берилган. Асарда инсон қадри, тарбия, илм-маърифат, соғлом турмуш тарзи, ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарнинг ҳаётдаги ўрни содда ва халқчил услубда баён этилган.
Китоб кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган бўлиб, у инсонни англаш, унинг қадр-қимматини асраш ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан вилоят, шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари учун жорий этилган махсус либосларнинг ҳам тақдимоти ўтказилди.
Шунингдек, тадбир давомида 2025 йил давомида фаол бўлган соҳа ходимлари тақдирландилар.









Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати