Жамият аъзоларига муносабат

ИНСОН ҚАДРИ — ИЛОҲИЙ НЕЪМАТ ВА МАСЪУЛИЯТ

ИНСОН ҚАДРИ — ИЛОҲИЙ НЕЪМАТ ВА МАСЪУЛИЯТ

Инсон — Аллоҳ таолонинг ер юзидаги энг улуғ махлуқидир. У ақл, ирода, имон ва масъулият билан шарафланган. Ислом дини инсон қадрини жуда юксак ўринга қўяди. Инсоннинг қадри унинг мол-дунёси, мансаби ёки ташқи кўриниши билан эмас, балки тақвоси, ахлоқи ва инсонийлиги билан ўлчанади.

Инсон қадри Қуръон нурига кўра.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда инсоннинг улуғ мақомини очиқ-ойдин баён қилади: “Албатта, Биз Одам болаларини мукаррам қилдик…”  (Исро сураси, 70-оят)

Бу оятда Аллоҳ таоло барча инсонларни — дини, миллати, ранги ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар — мухтарам ва қадрли қилиб яратганини баён қилади.

Яна бир оятда инсоннинг яратилишига алоҳида эътибор қаратилган: “Биз инсонни энг гўзал суратда яратдик.”  (Тийн сураси, 4-оят)

Бу ерда гап фақат ташқи гўзаллик ҳақида эмас, балки инсонга берилган ақл, қалб ва маънавий салоҳият ҳақида бормоқда.

Инсон қадри ҳадис шарифларда

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон қадрини ҳимоя қилишда энг олий намуна бўлганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз — ахлоқи энг гўзал бўлганларингиздир.”  (Имом Бухорий ривояти)

Яна бир ҳадисда:“Мусулмон — бошқа мусулмонлар унинг қўли ва тилидан омон бўлган кишидир.”

Бу ҳадислар инсонга озор етказиш, уни ҳақорат қилиш, камситиш Исломда қатъий ман этилганини кўрсатади.

Ҳатто жаноза ўтиб кетганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб ҳурмат кўрсатганлар. Саҳобалар: “У яҳудий эди”, деганларида, у зот: “У ҳам инсон эмасмиди?” — деб жавоб берганлар.

Бу — Исломда инсон қадри қанчалик улуғ эканининг ёрқин далилидир.

Инсон қадри ва жамият.

Инсон қадри ҳимоя қилинган жамиятда:

— зўравонлик камаяди,

— адолат устувор бўлади,

— оила мустаҳкам бўлади,

— ёшлар тарбияли ва маънавиятли бўлиб улғаяди.

Аксинча, инсон қадри поймол қилинган жойда:

— зулм,

— адоват,

— маънавий инқироз кучаяди.

Шунинг учун Ислом дини нафақат ибодатни, балки инсон ҳуқуқи, шаъни ва қадрини ҳимоя қилишни ҳам ибодат даражасига кўтаради.

Инсон қадри — масъулият ҳамдир.

Инсон қадри — фақат ҳуқуқ эмас, балки масъулият ҳамдир. Инсон ўз қадрини:

— гуноҳ билан,

— зулм билан,

— ёлғон ва хиёнат билан пасайтириб қўйиши мумкин.

Қуръонда шундай дейилади: “Албатта, Аллоҳ бир қавмнинг аҳволини улар ўзларини ўзгартирмагунларича ўзгартирмайди.”  (Раъд сураси, 11-оят)

Демак, инсон ўз қадрини сақлаши учун ўзини ислоҳ қилиши, ахлоқини тозалаши лозим.

Инсон қадри — Аллоҳ таолонинг буюк неъмати. Уни ҳимоя қилиш — имон аломати, уни поймол қилиш эса катта гуноҳдир. Ислом инсонни қадрлаш, уни ҳурмат қилиш, унинг шаънини сақлашга даъват этади.

Ҳар биримиз:

— ўз қадримизни,

— бошқаларнинг қадрини сақлашга масъулмиз.

Чунки инсонни ҳурмат қилиш — Яратганни ҳурмат қилишдир.

Шайх Нуриддин Холиқназарнинг ИНСОН ҚАДРИ китобидан фойдаланилди.

Абдулвоҳид Исақов,
Наманган шаҳри Мирёқуббой Мирҳакимбой

жоме масжиди мом-хатиби

Related posts