Таълим тарбия

ИЛМНИ УСТОЗДАН ОЛГАН АФЗАЛ.

ИЛМНИ УСТОЗДАН ОЛГАН АФЗАЛ.

  Ҳазрат Навоий устозликни юқори даражага кўтариб, улуғлаган бўлсалар, Амир Темур Кўрагон вафотидан кейин ўз жасадини устози Саид Барака ҳазратларининг пойига қўйишларини васият қилган. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйига қараб оёқ узатмас эдим. Устозимнинг уйлари билан менинг ҳовлим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот қилганидан сўнг доимо ота-онам билан қўшиб, устозимнинг ҳақларига ҳам дуо қилар эдим”. 

Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг буюк шогирдларидан бири Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Мен ота-онамга дуо қилишдан олдин устозим Абу Ҳанифанинг ҳаққига дуо қиламан. Зеро, мен Абу Ҳанифадан: “Ота-онамнинг ҳаққига дуо қилганимда устозим Ҳаммодни ҳам қўшиб дуо қиламан”, - деган сўзни эшитганман.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Мана ўттиз йилдирки, Имом Шофеийнинг ҳаққига дуо қилиб, истиғфор айтаман. Шунда ўғиллари Абдуллоҳ: “Отажон, сизни доимо Имом Шофеиийнинг ҳаққига дуо қилганингизни кўраман. У киши ким бўлган ўзи”, - деди. Имом Аҳмад: “Шофеий дунё учун мисли қуёш, инсонлар учун офият кабидир. Атрофингга назар сол! Ушбу икки сифат учун бирор бир ўринбосар бўладиган нарса борми”, - дедилар. 

Фарзанднинг аввалги тарбиячиси ота-онасидир, чунки улар жисмни, ақлни парвариш қиладилар. Устоз ва муаллим эса ақлингизни чархлайди, сизни яхшилигингиз ва бахтингизни ифода этадиган нарсалар сари чорлайди. Шунинг учун одоб юзасидан уларни севиш ва улуғлаш лозим бўлади. Устоз шундай инсонки, у сизга илму маърифатни ўргатади. Гўзал одоб ахлоқни ўргатиб, етуклик ва фазилатларга етаклайди. 

Инсоннинг ҳидоят топишида китобнинг ўзи кифоя қилмайди. Чунки китоб устоз бўла олмайди. Балки жонли, яъни, инсонлардан бўлган устознинг ўрни ўта муҳимдир. 

Агар китобнинг ўзи устозликка кифоя қилганида, Аллоҳ таоло минглаб пайғамбарларни юбормаган бўлар эди. Эътибор беринг, қанча китоб берилгану, қанча пайғамбарлар юборилган. Тўртта китоб (яъни, Забур, Таврот, Инжил, Қуръон) берилган бўлса, юз мингдан зиёд (124.000) пайғамбарлар юборилган. Пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам китоб олиб келишмаган. Лекин уларнинг барчаси устоз бўлиб келганлар. Инсонларга яхшиликнинг таълимини берганлар. 

Илм нурдир. У нур устознинг қалбидан шогирднинг қалбига ўтади. Агар устоз бўлмаса, мазкур нур қалбга кирмайди. Шунинг учун илм олишда яхши устоз танлашимиз ва уни маҳкам тутмоғимиз лозим. Яна такрор айтаманки, ҳидоят топишимизда устознинг ўрни беқиёсдир.

Манбаълар асосида тайёрланди. 

Мўминжон Атамирзаев,
Учқўрғон туман Абдурахмонбой жоме 
масжиди имоматиби 

Related posts