Таълим тарбия

ИЛМНИНГ АҲАМИЯТИ

ИЛМНИНГ АҲАМИЯТИ

Динимиз илмга катта эътибор беради. Бошқа бирор халқ ёки тузум илмга бунчалик эътибор қилганини кўрмайсиз. Қуръони каримда “илм” сўзи етти юздан ортиқ ўринда зикр қилинган. Юздан ортиқ ҳадиси шарифларда илм ва унинг фазилати ҳақида сўз боради.

Инсон қадрини юксалтиришда илмнинг ўрни ва аҳамияти жуда муҳим. Илм барча яхшиликлар асоси бўлгани учун уни фазилатлар онаси деб аталади. У шахс ва  жамият ривожида алоҳида ўрин тутади. 

Илм шундай фазилатки, инсонни жаҳолат зулматидан нурга олиб чиқади. Бу нур унинг ҳаёт йўлларини ёритади, оғирини енгил, узоғини яқин қилади. Уламолар илмни сувда сузишга ўхшатадилар. Сузишни билган киши кўзлаган манзилига соғ-саломат етиб олади. Аммо сузишни билмаган эса жаҳолат ботқоғига чўкиб, ҳалок бўлади. 

Имл инсон ҳосил қиладиган энг улуғ фазилатлардан биридир. Имл эгаси дунёдаги катта бойликга эга бўлса, жоҳил эса жуда кўп яхшиликлардан маҳрум бўлади. Илм энг катта бойликдир. Зеро, уламолардан бири: “Илмни бой берган киши нимага эришибдию илмга етишган киши нимани йўқотибди?!” деб жуда тўғри айтган. 

Илм Қуръони каримда Аллоҳ таоло зиёда қилишни сўрашга буюрган ягона фазилатдир. “Ва: Раббим, илмимни зиёда қилгин, дегин” (Тоҳа сураси,114-оят). 

Динимиз илм-маърифатга алоҳида эътибор бергани учун илм талаб қилишни фарз даражасига кўтарди. Ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинади: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир мусулмонга илм талаб қилиш фарздир”, дедилар. (Имом Ибн Можа ривояти). 

Айтиб ўтилган маълумотлардан ҳам ислом илм - маърифат дини эканини билиб олиш мумкин. Шунингдек, Қуръони каримнинг “Иқро” (ўқи)  ва “Қалам”  деб номланган суралари борлиги ҳамда унда илмга хизмат қиладиган ўқув қуроллари зикр этилиши ҳам юқорида сўзимизни яна бир карра тасдиқлайди. 

Илм китоб ўқиш билан зиёда бўлади. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб дейди: “Яратган Раббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи ва Раббинг энг карамлидир! У қалам билан илм ўргатгандир. У инсонга у билмаган нарсани ўргатди”  (Алақ сураси,1-5 оятлар). 

Дарҳақиқат, илм олиш ўқиш билан ҳосил бўлади. Таом танага озуқа бўлганидек, мутолаа руҳ ва ақлнинг озуқасидир. 

Китобнинг аҳамияти ҳақида адиблардан бири шайҳ Али Тантовий раҳматуллоҳи алайҳ жуда ажойиб гапни айтган: “Бирор юртдаги тараққиёт даражасини билмоқчи бўлсак, у жойда сотилаётган китоблар сонига қарайлик”. 

Гоҳида ҳафталаб, ойлаб, балки йиллар қўлимизга китоб олмаймиз. Бугун Имом Бухорийлар авлодимиз дея қуруқдан - қуруқ мақтаниб, фахр қилиш даври ўтди. Уларга муносиб авлод бўлиш вақти келди. Болаларимизни китоб мутолаа қилишини хоҳласак, аввало ўзимиз ўқиб, ўрнак бўлишимиз керак. Биз ўқимасак, болаларимиз ҳам китобга бегона бўлиб боради. Уларга биз ўзимиз ўрнак бўлмасак, бошқалар ўрнак бўлади. Болаларимиз ўқисин, ўргансин. Бунинг учун юртимизда барча шароитлар яратилган. 

Зикрулло Умурзақов,
Норин тумани бош имом хатиби

Related posts