Таълим тарбия

ИЛМ ЎЗ ЭГАСИНИ ЖАННАТ САРИ ЕТАКЛАЙДИ

ИЛМ ЎЗ ЭГАСИНИ ЖАННАТ САРИ ЕТАКЛАЙДИ

Билим  олиш — миллий ғурурни  шакллантириш йўналишларидан бири. Чунки  инсон камолотида  билим эгаллаш улкан  вазифалардан бири ҳисобланади.

Биринчи Президентимиз «Юксак маънавият енгилмас куч» асарида айтганидек, «шуни унутмаслигимиз керакки, келажагимиз пойдевори билим даргоҳларида яратилади, бошқача айтганда, халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқ».  

Билим олган киши ҳар томонлама ривожланган одобли, ахлоқли,  камтарин, комил инсон бўлади. Ўша комил инсон, унинг олган билими ҳаёт йўлларида таянч, ёлғиз дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларида раҳбар, қайғули дамларида мададкор бўлади. Билим инсонни ақл-идрокли, билимдон, ҳунарманд, иродали, эътиқодли қилади. 

Йигитликда йиғ илмнинг махзани

Қариликчоғи харж қилғил ани. (А.Навоий)

Илмдан бир шуьла тушган он

Шунда билурсанким, илм бепоён. (Фирдавсий)

 «Қуръон» инсонни ақлни  ишлатишга чақиради. Унда ақл инсонга берилган Аллоҳни  буюк неъмат, деб таърифланади. Ақлни ишлатмаслик ёмон оқибатлари хусусида сўз юритилади. Исломда билим, ақл инсон камолотининг асосий мезонларидан  ҳисобланади. 

«Қуръон»да дунёвий илмларлардан тиббиёт, руҳшунослик, география, социология ҳамда диний илмларни ўрганиш тарғиб этилган. Чунки ислом динининг асосий мақсади омонлик, кишиларга ёмонликнинг хунук оқибатларини тушунтириш ҳамда уларни доимо тўғри йўлда юришга чақиришдан иборатдир. 

Ҳадиси шарифда: «Кимки дунёни хоҳласа, илм олсин, кимки охиратни хоҳласа,  ҳам илм олсин», —деб айтилган. 

Аслида, ҳадислар ўз моҳиятига кўра «Қурьон»дан кейин иккинчи  манба, энг мўътабар  ҳикматлар мажмуасидир. Ҳадисларда илм поклик, ҳалоллик, кишиларни яхшилик сари бошловчи тариқасида талқин қилинади.  

Илм — бу ҳикмат, поклик рамзи, илмсизлик жоҳилликдир. Илм олийжаноб ва савоб иш. Ҳаттоки, илм олиш ибодат,тақводан афзал.Чунки илм диннинг асосини, устунини ташкил этади. Илм ҳикмат, илм фазилат, илм диннинг ривожини, унинг тарқалишини таъминлайди. Илмни ўқиш, такролаш, ёзиш билан мустаҳкамлаш, чуқурлаштириш лозим. Илм янгиланиб турмаса, фойдасиз бўлиб қолади. 

Умуман, исломда илм-фанни эгаллаш, маърифатли бўлиш жуда савобли иш экани таъкидланади. Ҳадисларда «садақанинг афзали мўмин киши илм ўрганиб, сўнг бошқа мўминларга ҳам ўргатишидир», дейилади.

Илм олиш фазилати ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олиш фазилатини шундай баён қилдилар: “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди”. (Имом Муслим ривояти)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм олишда (қийналдим), бир оз хорландим, тилагим ҳосил бўлгач азизу мукаррам бўлдим”.

Ибн Абу Мулайка Ибн Аббос ҳақида шундай деганлар: “Чиройда Ибн Аббосдек чиройлисини, сўзлашда тили равонини, фатво беришда илмлисини кўрмаганман”.

Абдуллоҳ Ибн Муборак айтадилар: “Илм ўрганмасдан туриб улуғликка интилган кишига ҳайронман”.

 Демак, илм ҳаёт ва турмушда  орттирилган тажрибаларнинг амалий ва умумий  — назарий натижасидир. Инсон илм туфайли ҳар қандай қийинчиликдан осон чиқиб кетиши мумкин. 

«Қурьони карим» ва ҳадиси шарифларда билим эгаллаш — жамиятга ва ўзига фойда келтирувчи шахс бўлиб етишишда муҳим омил, деб қайд қилинган. Ислом динида:

«Билимнинг офати унутишдир. Уни унга аҳл бўлмаган кишига гапириш эса уни зое қилишдир». Аллоҳ таоло ҳаммамизни  илмига амал киладиган бандалар  килсин.

Козимхон Абдулхакимов,
Косонсой тумани “Қорасув” жоме 
масжиди имом ноиби 

Related posts