Таълим тарбия

ИЛМ ОЛИШ — ИСЛОМНИНГ АСОСИЙ РУКНЛАРИДАН БИРИ

ИЛМ ОЛИШ — ИСЛОМНИНГ АСОСИЙ РУКНЛАРИДАН БИРИ

Ислом динида илм олиш жуда юқори қадрланади. Қуръон ва ҳадисларда илм эгалари кўп марта мақталган, илмни излаш ҳар бир мусулмон учун фарздир. Илм нафақат диний илмларни, балки дунёвий фанларни ҳам ўз ичига олади. Илм орқали инсон Аллоҳни танийди, жаҳолатдан қутулиб, жамиятга манфаат келтиради.

Қуръони Каримда илм ҳақида

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда илмнинг фазилати ҳақида кўплаб оятлар нозил қилган. Қуйида улардан айримлари:

1. Аллоҳ илм эгалари мақомини кўтаради.

“Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни даражаларда юқори қилади.”(Мужодала сураси, 11-оят)

Бу оятдан маълум бўладики, илмли инсонлар Аллоҳнинг наздида алоҳида шарафга эга бўладилар.

2. Олим ва жоҳил тенг эмас.

Айтинг: билиб турганлар билан билмаганлар баробар бўладими?(Зумар сураси, 9-оят)

Аллоҳ таоло бу оятда илмли кишининг мақомини жоҳилдан устун қўйди. Бу илмнинг жаҳолат устидаги устунлигини кўрсатади.

3. Илм Аллоҳдан қўрқишни келтиради

"Аллоҳдан фақат олим бандагина қўрқади." (Фотир сураси, 28-оят)

Ҳақиқий илм инсоннинг қалбида Аллоҳга бўлган эҳтиром ва тақвони мустаҳкамлайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида илм фазилати.

Расулуллоҳ Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам илмни энг олий фазилатлардан бири сифатида таърифлаганлар:

1. Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир.

 “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон (эркак ва аёл) учун фарздир.” (Ибн Можа ривояти)

Бу ҳадис илм олишнинг умумий ва зарурийлигини кўрсатади. Эркак-аёл, ёш-карта деб ажратилмаган.

2. Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир.

 "Олимлар — пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ва дирҳамни мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қолдирганлар."(Абу Довуд, Термизий)

Илм эгаси бўлиш — Пайғамбар меросидан баҳраманд бўлиш эканлиги қандай улуғ мақом эканини англатади.

3. Илм йўлида юрган кишига жаннат йўли осонлашади.

“Кимки илм излаш учун йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннатга йўлни осонлаштиради.” (Муслим)

Илм йўлида ҳаракат қилган инсон дунёда ҳам, охиратда ҳам мукофотга эришади.

Ислом тарихида илм аҳамияти.

Ислом тарихида буюк уламолар, олимлар, файласуфлар ва табиблар етишиб чиққан. Имом Бухорий, Имом Ғаззолий, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Ал-Бируний каби зотлар илм орқали Ислом ва инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшганлар. Улар диний илмлар билан бирга тиббиёт, математика, астрономия, география соҳаларида ҳам буюк кашфиётлар қилганлар.

Хулоса қилиб айтганда.

Илм — Ислом динида энг улуғ фазилатлардан биридир. Илм инсоннинг қалбини поклайди, ақл-заковатини очади, жамиятни ривожлантиради. Қуръон ва суннатда илм олишга бўлган даъват жуда кучлидир. Шу боис, ҳар бир мусулмон илм йўлида ҳаракат қилишни ўз бурчи деб билиши лозим. Илм билан нурланайлик, жаҳолатдан қутулайлик.

 

Абдулвоҳид Исақов,
Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме

 масжиди имом хатиби

Related posts