Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Ҳиро ғорида нозил бўлган илк ваҳий «Ўқи!» деган амр эди. Илк ваҳийнинг ўқишга, илм олишга даъват билан бошланишининг, Аллоҳ охирги динини ўқиш-ёзишни билмайдиган уммий киши орқали инсониятга етказишни ирода қилганининг буюк ҳикмати бор эди. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига муяссар бўлиш воситаси қилди.
Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорларини танишга буюрди. «Илм» сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва Суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади: Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. (Мужодала, 11). Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ривоят қилинган кўплаб ҳадислар ҳам илмга, ўрганишга даъват билан йўғрилган. Имом Бухорий ва Муслимларнинг (Аллоҳ бу икки улуғ имомдан рози бўлсин) “Саҳиҳ”ларида қуйидаги ҳадис Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят этилган бўлиб, унда Муовия айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг саллалоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, - деганларини эшитдим”. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганда, у зот илмни танладилар. Натижада, илм туфайли мол-дунё ва подшоҳликка ҳам эришдилар”.
Пайғамбар саллалоҳу алайҳи васаллам илм ҳақида яна бундай деб, мажозий ўхшатма ясаганлар: “Имон яланғоч бир нарса бўлса, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир”. Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳ) айтадилар: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”. Зеро, илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар”, - деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир.
Дарҳақиқат, илмнинг мақому мартабаси юксакдир. Ахир илм аҳли пайғамбарларнинг меросхўрларидирлар. Барча динлар ичида илк бор илмнинг инсон ҳаётидаги ўрнига аҳамият берган ва илмга кенг йўл очган дин – Ислом динидир. Ислом – илм динидир. Инсониятга қиёматгача дастурул амал бўлган Қуръон Каримнинг илк оятлари ҳам бунга яққол далил бўлади. Муқаддас динимизда илмнинг ва уламоларнинг ўрни беқиёсдир. Дунёнинг мувозанатда туришлиги ҳам Аллоҳни қалбига жойлаган, тақводор уламоларга боғлиқ, чунки олимлар бузилса олам бузилади. Али разияллоҳу анҳу таъбирлари билан айтсак, у зот шундай деган эдилар: "Олим рўзадордан ҳам, намозларида қоим намозхон ва мужоҳиддан ҳам афзалроқдир. Агар олим вафот этса Ислом (қўрғони) дарз кетади, у ёриқни фақатгина илмли ўринбосаргина ямаши мумкин".
Дарҳақиқат Аллоҳдан қўрқадиган, илмга хиёнат қилмайдиган уламоларимиз бор экан, бизлар тараққиёт ва фаровонлик сари одимлаб бораверамиз.
Аллоҳ таоло кўплаб ояти карималарда илм аҳлини мақтаб, уларни улуғлаган. Ўзининг Китобини илм берилган зотлар қалбидан жой олган оятлар эканини айтган: “Йўқ, у (Қуръон) илм ато этилган зотларнинг кўнгилларидаги аниқравшан оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилурлар”. Уламолар пайғамбарлар ворисларидирлар, пайғамбарлар вафотидан сўнг, илм ҳақида уламолардан сўралади. Шу боис ҳам Аллоҳ таоло: “Агар билмайдиган бўлсангиз, илм аҳлидан сўранг!”, дейди (Наҳл сураси, 43-оят). Илм ва иймон аҳлининг даражалари юксакларга кўтарилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”.
Ғуломжон Саттаров,
Наманган туман ал-Масжидун Набавий
жоме масжиди имом-ноиби