Жамият аъзоларига муносабат

ИЛЛАТГА АЙЛАНИБ БОРАЁТГАН ОДАТЛАР “ДАБДАБАБОЗЛИК ВА ИСРОФГАРЧИЛИК”

ИЛЛАТГА АЙЛАНИБ БОРАЁТГАН ОДАТЛАР “ДАБДАБАБОЗЛИК ВА ИСРОФГАРЧИЛИК”

Халқимиз меҳмондўстлиги ва саховатпешалиги билан бошқадан ажралиб туради. Азалдан озгина маблағ топсак, эзгу ниятлар билан яхши кунларга деб жамғариб қўямиз. Бу одат аслида мақтовга сазовор, фазилатли хислатлардан биридир. Лекин афсуски, бугунги кунга келиб бу одат иллатга айланиб бормоқда.

Бугунги кунда тўй, маърака ва маросимларда динимиз белгилаб берган чегарадан чиқиб, ким ўзарга зиёфат беришлар ҳеч қайси меъёрларга тўғри келмайди. Жумладан, тўйни ҳаддан зиёд дабдабали қилиш, одамлар устидан пул сочиш, келин-куёвга эҳтиёждан ташқари қимматбаҳо сарполар қилиш, тўйдан кейин бир неча ўн кунлаб куёвнинг уйига тоғора-тоғора таом жўнатиш, турнақатор тўй кортежларининг йўллардаги куракда турмас ҳаракатлари, келин-куёвларнинг миллий қадриятларимизга умуман тўғри келмайдиган севги қиссалари харажатлари каби кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Бундай чегарадан чиқиш ва дабдабалар фақатгина тўй маросимларидагина эмас, балки мусибат бўлган жойларда ҳам, кундалик ҳаёт тарзида ҳам кузатилмоқда.

Энг ачинарлиси, ибодатларимизда ҳам дабдабабозликка берилиш, ибодатларимизни кўз-кўз қилиш, диний маросимларда ҳам ортиқча исрофгарчилик қилиш оддий ҳолга айланиб бормоқда.

Аллоҳ таоло исрофнинг ёмон иллат экани ҳақида Қуръони каримнинг жуда кўп жойларидан баён қилган. Қуръони каримда хайр-эҳсон қилишда ўртаҳол бўлганлар Аллоҳнинг суюкли бандалари эканликлари таъкидланади: яни "Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида—мўътадилдир". (Фурқон сураси, 67-оят).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда қариндошларга, мискин ва мусофирларга инфоқ-эҳсон қилишга буюриб, бунда ҳам меъёрни эслатади: "Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг: Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукур эди". (Исро сураси, 26-27 оятлар).

Демак, силайи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари харажат қилиш Аллоҳ томонидан ман этилган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев кўп марта ушбу иллатлар ҳақида тўхталиб ўтиб, жумладан шундай деганлар: "Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади". Қолаверса,қонунчилигимизда ҳам тўйларда исроф ва дабдабабозликка қарши кураш чоралари кўрилган.

Динимиз нафснинг хоҳишларига қул бўлишдан қайтаради. Дабдабабозлик ва исрофгарчилик иллати эса айнан мана шу қайтариққа итоат этмаган инсонлар томонидан содир этилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ исрофчиларни, дабдабабозларни ҳар бир яхшиликнинг душмани, ҳақиқатни кўра билмайдиган, доимо унга қарши турадиганлар, деб сифатлаган. Улар доимо Аллоҳнинг пайғамбарларига ҳам қарши чиққанлар. "Сабаъ" сурасида шундай дейилган: "Биз қайси бир қишлоққа бирор огоҳлантирувчи (пайғамбар) юбормайлик, албатта, у жойнинг маишатпарастлари: "Биз сизлар элчи қилиб юборилган (дин)га кофирмиз", — деганлар. Яна улар: "Бизларнинг молларимиз ва фарзандларимиз кўпроқ (бинобарин), бизлар азобланувчи эмасмиз", – дедилар". (34-35-оятлар).

Бугун тараққий этган юртларда исрофгарчилик ва дабдабабозлик иллатларидан тийилиб, илму маърифат ҳосил қилишга қилган ҳаракатлари сабаб, фан ва технологияда, ишлаб чиқариш соҳаларида бошқалардан анча олдинлаб кетди. Агар теран фикр юритиб ўйлаб кўрадиган бўлсак, ушбу технологияларнинг асосини бизнинг Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби юзлаб мутафаккир ота-боболаримиз кашф қилганлигини кўришимиз мумкин. Афсуски, биз эса ўзимизнинг зараримизга хизмат қиладиган ишлар билан овора бўлиб, ота-боболаримизнинг бизга қолдирган меросларидан ҳам тўғри фойдалана олмаяпмиз.

Яқин ўтмишда ўтган маърифатпарвар аждодларимиздан Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари "Ойна" журналининг 1915 йил, 13-сонида ушбу иллат ҳақида шундай деган: "Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёйинки, сил, сил-ар-ия (ўпка сили) ва маховликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош (жон азоби), бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз – туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизгача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилган ва бизни инқирозга ва таҳликага ва жаҳаннамга юмалатурғон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман".

Дабдабабозлик, риёкорлик ва хўжакўрсинга маърака ва тадбирларни ўтказиш иллатлари ҳақиқатда ҳам жамиятимизни таг-тагидан емирувчи иллатлардир. Бугунги кунда шу каби ишларга кетаётган маблағларни ҳисоблаб кўрадиган бўлсак, миллиардлаб маблағ нафақат ҳавога совурилмоқда, балки келажагимизга салбий таъсир қилмоқда. Шу маблағларни фарзандларимизнинг илму маърифат ҳосил қилишлари учун, уларни касб-корли қилиш учун, ишлаб чиқариш қилиб, халқимиз турмуш тарзини яхшилаш, йўлларни обод қилиш, бева-бечораларга ёрдам бериш каби тараққиётга ҳисса қўшувчи ишлар турган бир даврда беҳисоб маблағларни дабдабабозликка сарфлаб, исроф қилишимиз ҳеч кечирилмас иллатдир. Тарихчилар айтишадики, тарих такрорлардан иборат, ақлли инсонлар ундан ўзлари учун зарур ибратларни олиб, бахтли ҳаёт кечиришади, дейишган.

Дунёнинг пешқадам халқлари вақтнинг қадрига етиб, кун сайин ривожланаётган пайтда биз тўй ва маъракаларимиз учун нафақат кунларимизни балки, ҳафталар, ҳатто, ойларимизни бағишлаб, йиллар давомида тўплаган мулкимизни бир онда на дунёмиз, на охиратимизга фойда бермайдиган ишларга совуриб юборамиз. Энг афсусланарлиси бу ишимиз билан фахрланамиз.

Аллоҳтаоло "Исро" сурасида огоҳлантириб, шундай дейди: "Бирор шаҳарни ҳалок қилишни истасак, ундаги маишат аҳлини (итоат этишга) буюрамиз ва улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар (аҳолиси)устига (азоб ҳақидаги) сўз муқаррар бўлур. Бас, биз уни вайронага айлантирурмиз" (16-оят).

Бу оятнинг мазмунидан шуни англаб етишимиз керакки, риёкорлик, дабдабабозлик ва исрофгарчилик бандаларни Яратганнинг азобига дучор қилади.

Набий алайҳиссалом ва саҳобалар ҳаж ва умра қилувчилардан дуо сўраганлари маълум. Шунинг учун улардан дуо қилишни илтимос қилиш суннатга мувофикдир. Ўзлари совға қилмаса, улардан бирор нарса таъма қилмаслик керак.

Хулоса: Исрофгарчилик, дабдабабозлик ва риёкорлик кабиларнинг ўрнига муҳтож оилалар, ногиронлар, бева-бечоралар, меҳрибонлик ва қариялар уйлари ҳамда илм-маърифат даргоҳлари ва шу йўлидаги ёшларга моддий ёрдам кўрсатиш энг савобли ишдир.

Шу ўринда, Алишер Навоийнинг қуйидаги байтини эслаш ўринлидир: 

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай, 

Онча борким, Каъба вайронбўлса, обод айлагай.

Бугунги ҳаёт шиддат билан давом қилаётган бир даврда, вақтимизни ва нақдимизни ўзимизга ва миллатимизга зарар-заҳмат келтирувчи иллатлар йўлида исроф қилмасдан, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, фарзандларимиз маърифати, динимиз ривожи учун сарф этар эканмиз, албатта, бу ишларимиздан дунёю охиратда фойда топишимиз шубҳасиз.

Аллоҳ таоло барчамизни исрофгарчиликдан сақлаб, молу дунёларимизни Ўзи рози бўладиган жойларга сарфлашни насиб айласин.

 

Насимхон Маматханов,
Наманган шаҳар “Боқи Полвон жоме 
масжиди имом ноиби

Related posts