Инсон бу дунёга фақат яшаш учун эмас, балки эзгулик уруғини сочиш учун келган. Унинг умри қанча узун бўлишидан кўра, қанча яхшилик қолдиргани муҳимроқдир. Одамлар вақт ўтиб инсоннинг мол-дунёсини ҳам, мансабини ҳам унутиши мумкин, аммо уларга қилинган яхшиликни унутмайдилар.
Инсонларнинг ҳожатини чиқариш — қалбга энг катта ҳузур ва хотиржамлик бағишлайдиган амаллардан биридир. Бу лаззатни фақат яхшилик қилиб кўрган инсонгина ҳис этади. Бир муҳтожнинг юкини енгил қилиш, ғамгин инсонга тасалли бериш ёки бир эҳтиёжманднинг ҳожатини чиқариш баъзан инсон ўйлагандан ҳам буюкроқ савобга сабаб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳга энг суюкли инсонлар — одамларга энг кўп манфаат етказадиганларидир.» ("Ал-Муъжамул-авсат", Табароний; ҳадисни Уламолар "Ҳасан" деб баҳолаганлар.)
Бу ҳадис мўминнинг қадри одамларга қанчалик наф келтириши билан ҳам ўлчанишини кўрсатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна дедилар: «Ким бир мўминнинг дунё ташвишларидан бирини енгиллатса, Аллоҳ Қиёмат куни унинг ташвишларидан бирини енгиллатади. Ким қийналган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунёда ҳам, охиратда ҳам енгиллик беради. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини дунёда ҳам, охиратда ҳам яширади. Аллоҳ бандаси ўз биродарига ёрдам бериб турган экан, Аллоҳ ҳам унга ёрдам беришда давом этади.»(Имом Муслим, «Саҳиҳ», № 2699.)
Яна дедилар: «Дўзахдан сақланинглар, ҳатто яримта хурмо садақа қилиш билан бўлса ҳам. Агар бунга ҳам имконингиз бўлмаса, яхши сўз билан бўлса ҳам.» (Имом Бухорий, № 1417; Имом Муслим, № 1016.)
Бу ҳадислар бизга яхшиликнинг катта-кичиги йўқлигини ўргатади. Аллоҳ таоло амалнинг ташқи кўринишига эмас, қалбдаги ихлосга қарайди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:Ким заррача миқдорда яхшилик қилса, уни албатта кўради. (Залзала сураси, 7-оят.)
Зарра инсон кўзи зўрға илғайдиган даражада кичикдир. Аммо Аллоҳ наздида ихлос билан қилинган ҳеч бир яхшилик йўқолмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аёлнинг ташналикдан қийналаётган итга сув бергани учун Аллоҳ уни мағфират қилганини хабар берганлар. Бу воқеа инсонга раҳм-шафқат ва яхшиликнинг нақадар буюк эканини ўргатади. (Имом Бухорий, № 3321; Имом Муслим, № 2245.)
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Мўминнинг энг яхши захираси — одамларга қилган яхшилигидир.»
Шунинг учун ҳар кунингизни яхшилик билан бошланг. Ота-онангизга меҳр кўрсатинг, қариндошлар билан алоқани мустаҳкамланг, қўшнингизнинг ҳолидан хабар олинг, муҳтожга ёрдам беринг, беморни зиёрат қилинг, илмингизни улашинг, яхши сўз айтишни одат қилинг.
Чунки буларнинг барчаси садақа ва савоб амаллар жумласидандир.
Эзгулик қилган инсон ҳеч қачон зиён кўрмайди. Агар одамлар уни қадрламаса ҳам, Аллоҳ унинг ажрини зое қилмайди. Охиратга олиб кетиладиган энг қимматли бойлик ҳам айнан солиҳ амаллардир.
Азиз биродар! Азиз сингил! Бугун бир инсоннинг кўнглини кўтаришга сабаб бўлинг. Балки айнан шу амалингиз Қиёмат куни нажотингизга сабаб бўлар.
Аллоҳ таоло барчамизни яхшилик қилишда собитқадам, одамларга манфаат етказадиган ва Ўзининг розилигига эришадиган солиҳ бандаларидан қилсин.
Одилхон Марупов,
Тўрақўрғон туман “Бордимкўл” жоме
масжид имом хатиби