Одамлар орасида бир-бирини орқасидан гапириш, яъни ғийбат қилиш авваллари хотинлар орасида бўлар эди. Бугунги кунда эркаклар ҳам ғийбатсиз тура олмайдиган бўлиб қолишди, десак янглишмаймиз. Хўш ғийбат ўзи нима? Ғийбатга муқаддас динимизда қандай муносабат билдирилади?
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ғийбат нима?”- деб сўраганларида:
“Ғийбат – биродарингни у ёмон кўрадиган сифати билан тилга олишингдир, агар ўша сифат унда бўлса, сен ғийбат қилдинг, агар (ўшандай сифат) биродарингда бўлмаса бўҳтон қилган бўласан” деб марҳамат қилган эканлар. Демак, ғийбат бир одамнинг ўзи йўқлигида уни ўзи ёмон кўрадиган сифати билан яъни, эшитса хафа бўладиган сифатини гапириш ғийбат бўлар экан. Агар гапирилаётган сифат унда бўлмаса, туҳматга айланиб гуноҳкорлик янада ошиб кетар экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобий-ларни ғазотга ёки сафарга юборсалар, иккита бойроқ саҳобага камбағалроғини шерик қилиб берар эканлар. У шерикларига жой ҳозирлар, овқат тайёрлаб юрар экан. Икки саҳобага Салмон Форсийни шерик қилиб бердилар. Бир куни Салмон р.а. ухлаб қолиб шерикларига таом тайёрлай олмай қолдилар. Улар Салмон р.а.ни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига таомга юбордилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон р.а.ни озиқ-овқатларига мутасадди қилиб тайинланган Усома ибн Зайдга юбордилар, иттифоқо Усома р.а.да ҳам ҳеч нарса йўқ экан. Салмон р.а қуруқ қайтди, шерикларига бор гапни айтдилар. Улар: “Усомада бор эди-ю, бахиллик қилибди”, дедилар. Салмонни бошқа саҳобаларга юборишди. Салмон р.а. уларнинг олдидан ҳам бирор нарса тополмай қайтиб келди. Улар: “Салмонни Самийҳадек серсув қудуққа юборсак, сув ҳам тополмай қайтиб келади”, дедилар. Сўнгра ўзлари таом излаб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Усомага бирор нарса тайинлагандирлар деб боришди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдига борганларида, у зот икковларига: ”Сизларни лабларингизда гўштнинг асарини кўряпман-а”, дедилар. Улар: “Ё, Расулаллоҳ Аллоҳга қасам-ки, биз бугун ҳеч қандай гўшт тановул қилмадик”, дейишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар Усома билан Салмонни ғийбат қилиб гўштини единглар”, дейишди.
Шу воқеа сабаб Ҳужурот сурасидаги қуйидаги оятлар нозил бўлди:”Эй мўъминлар кўп гумон (лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумонлар гуноҳдур. (Ўзгалар айбини қилдириб) жосуслик қилмангиз ва бир-бирингизни ғийбат қилмангиз! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни ҳоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”.
Ғийбатни гуноҳи кабиралардан эканлиги ушбу ояти каримадан тушуниб олса бўлади. Кишини кўринишида, кийимида, сўзлашида, уловида, насабидаги бор нуқсонларни гапириш ғийбат бўлади. Масалан бўйи узун, енги калта, дудуқланади, оти ориқ, таги паст каби гапларни бировни орқасидан гапиришга ўхшаган.
Мусо алайҳиссаломдан ривоят қилинишича ғийбатчи агар ўз ишидан пушаймон бўлиб тавба қилиб ўтган бўлса-да жаннатга охири кирар экан. Агар тавба қилмай ғийбатда давом этганича вафот этган бўлса, дўзахга биринчи кирувчилардан бўлар экан.
Каъбил-Ахбор ривоят қилади:”Мусо алайҳиссалом даврларида қурғоқчилик бўлди. Мусо алайҳиссалом истисқо – ёмғир сўраб дуо қилишга чўлга чиқдилар. Уч кун чиқиб дуо қилдилар ижобат бўлмади. Аллоҳи таъоло: “Эй Мусо дуоларингни ижобат қилмайман”, деди. Мусо алайҳиссалом сабабини сўрадилар. Аллоҳи таъоло:”Орангизда доимий чақимчилик, ғийбатчилик қиладиган кимса бор, шу сабабдан дуоларинг ижобат бўлмай турибди”, деди. Мусо алайҳиссалом :”Эй Аллоҳ, ким у биз уни орамиздан чиқариб дуо қилайлик”, деди. Аллоҳи таъоло:” Эй Мусо, мен ўзим бандаларимни чақимчилик, ғийбатдан қайтариб туриб ўзим чақимчилик қилайинми”, деди. Барчалари тавба қилишди, кейин ёмғир ёғиб, серобгарчилик бўлди.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:”Ғийбатдан сақланинг чунки унда уч хил офат бор, биринчиси дуолар ижобат бўлмайди, иккинчиси яхши амаллар қабул бўлмайди, учинчиси гуноҳлар кўпайиб кетади” дейилган. Имом Боҳилий айтадилар: Қиёмат куни банда ўзи қилмаган савоб амалларни номаи аъмолида кўриб ҳайрон қолади. Ва:”Эй Роббим бу амаллар менга қаердан келиб қолди”, деб сўрайди. Аллоҳи таъоло:”Бу сен билмаган ҳолда орқангдан ғийбат қилганларнинг солиҳ амалларидир” дейди.
Сўнгги пайтларда интернет орқали эл-юрт орасида обрўли, эътиборли инсонларни, олимларни, раҳбарларни обрўларини тўкиш мақсадида ғийбат қилиш, уларни хато-камчиликларини қидириш, ҳатто масхара қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Ваҳолонки, Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: Ким олимларни паст санаса, охирати барбод бўлади; ким амирларни паст санаса, дунёси барбод бўлади; ким биродарларини паст санаса, муруввати, яъни одамгарчилиги барбод бўлади, деб огоҳлантирган эканлар.
Бугунги кунда ушбу бундай катта гуноҳ ҳисобланган иш билан шуғулланётганлар, уни эшитиб, кўриб, изоҳлар битаётганлар қимматли умрларини зойеъ қилиб оғир гуноҳга ботиб дуолари ижобат бўлмайдиган, дунё-охиратлари бой берилганлар қаторига тушиб қолмоқдалар десак хато бўлмайди. Улар нафақат ўзларини балки жамиятни ҳам пароканда бўлишига сабаб бўладилар. Келинг барчамиз ҳам айтаётган сўзларимизга эътиборли бўлайлик, кўп гапларимиз айни ғийбатнинг ўзи эмасмикан-а, балки шунинг учун ҳам дуоларимиз қабул бўлмаётганмикин. Буюк ватандошимиз Имом ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг бирон марта ғийбат қилмаганларини олимлар ривоят қилишган. Эҳтимол шу хислатлари туфайли дуолари ижобат бўлиб, илмда шундай улуғ мақом, мартаба етиш насиб этгандир. Келинг азизлар, бу гуноҳи кабирани биз ҳам тарк қилайликда дуоларимиз ижобат бўлиб дунё ҳаётида ҳам охиратда ҳам саодатлилар қаторидан жой олайлик.
Адҳамжон Абдураҳмонов,
Поп тумани “Кичик Хўжаобод” жоме
масжиди имом ноиби