ГИЁҲВАНДЛИК НАФАҚАТ ҲАЁТГА, БАЛКИ ИМОНГА ҲАМ ЗАРАР ЕТКАЗАДИ!
Маълумки, тинчлик-хотиржамлик, соғлик-саломатлик ҳамда ақл-идрок инсонга берилган энг қимматли неъматлардандир. Пайғамбар алайҳиссалом бу фикрнинг исботи ўлароқ: “Икки неъмат борки, кўплаб инсонлар ундан ғафлатда бўладилар. Улар — тинчлик ва саломатликдир”, деб марҳамат қилганлар.
Бироқ бугунги кунда инсоният келажагига таҳдид солаётган энг оғир иллатлардан бири — гиёҳвандлик ушбу бебаҳо неъматларни илдизи билан болталамоқда. Ислом динида ҳимоя қилиниши олий мақсад деб белгиланган беш муҳим қадрият — инсоннинг эътиқоди (дини), жони, ақли, моли ва наслидир. Шу сабабли инсон ақлини муайян муддатга ёки бутунлай йўқотадиган, уни жисмонан ва маънан мажруҳ қиладиган ҳар қандай кайф қилувчи моддалар истеъмоли динимизда қатъий ҳаром қилинган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Эй имон келтирганлар! Албатта, ҳамр (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан бўлган ифлосликдир. Бас, ундан четланингиз! Шояд нажот топсангиз» (Моида сураси, 90-оят).
Буюк ақида ва фиқҳ олими Имом Насафийнинг фатволарида таъкидланишича: гиёҳвандлик моддаси ҳаромдир, гиёҳванднинг талоғи талоқ ҳисобланади (замонамизда фатво шунга берилган) ва унга талофат етказган киши зомин (овора/жавобгар) бўлмайди. Бу — гиёҳвандлик моддасининг ҳаромлигига нақлий (шаръий) далилдир.
Ақлий далилга келсак, инсон таъом ва ичимликка, касал бўлганида эса дори-дармонга эҳтиёж сезади. Гиёҳвандлик моддалари эса таъом ҳам, ичимлик ҳам эмас. Аксинча, уни истеъмол қилиш билан очлик ҳисси янада кучаяди. Гиёҳвандлар ўта кўп овқат ейдиган бўлиб қоладилар; банги одам ўн кунлик таъомни бир кунда ейди, аммо бир кунлик ишни ўн кунда ҳам қила олмайди. Шунингдек, гиёҳвандлик оғулари дардга шифо бўлувчи дори ҳам эмас. Демак, уни истеъмол қилаётган кимса фақат ўз нафси ва ҳавои хоҳишига эргашмоқда. Нафсга эргашиш эса шаръан ҳам, ақлан ҳам ҳаромдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ўз нафси ҳавосини илоҳ қилиб олган кимсани кўрдингми?» (Фурқон сураси, 43-оят) ёки «Нафсингизга эргашманг, акс ҳолда у сизни Аллоҳнинг йўлидан адаштиради» (Сод сураси, 26-оят), деб огоҳлантирган.
Бугунги кунда гиёҳвандликнинг янгича ва хавфли кўринишлари пайдо бўлмоқда. Айниқса, ёшлар ўртасида турли психотроп дори воситаларига одатланиш, шунингдек, чилим (кальян) ва електрон сигареталар (вейп) чекиш одатлари авж олмоқда. Шариатимиз соғлиққа зарар берувчи, инсонни ҳалокатга етакловчи ҳар қандай заҳарли ва зарарли воситани қоралайди.
Умм Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи ҳамда баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар».
Гиёҳвандлик моддаси қандай кўринишда бўлмасин, инсонни маст қилади ва танасини бўшаштиради. Кўпчилик ёшлар бу заҳарли моддаларни вақтинчалик эрмак деб ўйлашади, лекин жуда қисқа фурсатда унга бутунлай қарам бўлиб қолишади. Оқибатда руҳий ва жисмоний мувозанатни йўқотиб, аянчли ҳолатда вафот этадилар.
Гиёҳвандликка муккасидан кетганларнинг ҳаётига эътибор қилсангиз:
Жисмоний жиҳатдан: Асаб тизимининг бузилиши, ақлий ва руҳий изтироблар (депрессия, ваҳима), жигар ва буйрак етишмовчилиги ҳамда иммунитетнинг кескин заифлашуви каби оғир дардларга гирифтор бўлишади.
Ижтимоий-маънавий жиҳатдан: Оилаларнинг пароканда бўлиши, фарзандларнинг етим қолиши, жиноятчилик даражасининг ошиши, ишсизлик, қашшоқлик ва оилавий зўравонлик каби иллатлар келиб чиқади.
Энг ачинарлиси, Аллоҳ таоло «Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!» (Бақара сураси, 195-оят) деб буюрган бўлишига қарамай, бу балога гирифтор бўлганлар моддий манба излаб охир-оқибат ўз уйлари, машиналари ва ҳатто эгнидаги кийимларигача сотиб юбориш даражасига етадилар.
Бугунги кунда ҳар биримиз ёшларимизни бу иллатдан асрашда уларнинг кимлар билан дўстлашаётганига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Чунки фарзанд қайси муҳитда бўлса, унга ўша муҳитнинг таъсири ўтади. Инсон атрофидаги дўстларининг дунёқараши ва хулқига қараб шаклланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганларидек: «Киши ўз яқин дўстининг динида бўлади. Шундай экан, ҳар бирингиз ким билан дўст бўлаётганига қарасин».
Гиёҳвандликка қарши курашиш фақат ҳуқуқ-тартибот органларининг иши эмас, балки ҳар бир ота-она, маҳалла ва кенг жамоатчиликнинг бурчидир. Атрофимизда гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп дорилар савдоси билан шуғулланаётган нокасларга қарши туриш, зарур бўлса, тегишли масъулларга вақтида хабар бериш — келажак авлодни заҳарланишдан қутқариб қолиш демакдир. Зеро, фатволаримизда таъкидланганидек: «Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, уни сотиш ва ушбу тижоратдан келган фойда ҳам ҳаром саналади».
Шу ўринда Имом Қушайрий раҳимаҳуллоҳнинг ушбу ҳикматли сўзларини келтириш ўринлидир:
«Хамр (маст қилувчи ичимлик) ақлни кетказгани ва маст қилгани учун ҳаром қилинган. Аммо ғафлат шароби билан маст бўлган кишининг ҳолати хамрдан маст бўлганникидан ҳам хатарлироқдир. Хамр истеъмол қилиш таҳоратни кетказади, ғафлатдан маст бўлиш эса Аллоҳдан узоқлаштиради. Хамр ичиб маст бўлган киши вақтинча намоздан ман қилинса, ғафлатдан маст бўлган киши намоз неъматидан бутунлай маҳрум бўлади. Маст одамга то ҳушёр бўлмагунича жазо берилмаганидек, ғафлат мастлигидаги одамга ҳам то ўлим қамчиси тегмагунича насиҳат кор қилмайди. Хамр барча катта-кичик гуноҳларнинг калити бўлгани каби, ғафлат ҳам Аллоҳдан узоқлашиш ва Раҳматдан тўсилиб қолишнинг сабабчисидир».
Яратган Роббимиз фарзандларимизни ҳамиша ҳушёр, соғлом, тўғри эътиқодли, мустаҳкам имонли, насиҳатни қабул қиладиган ва Ватан қадрини биладиган инсонлар қилиб тарбиялашимизда Ўзи тавфиқ берсин!
Манбалар асосида тайёрланди:
Адхамжон Абдураҳмонов,
Поп тумани “Кичик Хўжаобод” жоме
масжиди имом-ноиби