Жаҳолатга қарши маърифат

ГИЁҲВАНДЛИК – ИНСОН УМРИНИНГ ДУШМАНИ

ГИЁҲВАНДЛИК – ИНСОН УМРИНИНГ ДУШМАНИ

Гиёҳвандлик бугунги кунда бутун инсониятни ташвишга солаётган энг оғир муаммолардан биридир. Бу иллат кўплаб оила ва жамиятларнинг бузилишига сабаб бўлиб, ёшлар орасида гуноҳ ишлари ва жиноятларнинг кўпайишига олиб келмоқда. Айниқса, балоғат ёшига етмаган фарзандларимизни тобора заҳарлаб, уларнинг келажагини барбод қилмоқда.

Гиёҳвандликнинг хавфи

Гиёҳвандлик оддий бир одат эмас, балки инсонни руҳий ва жисмоний жиҳатдан емирувчи касалликдир. Инсон бундай иллатга мубтало бўлса:

 • руҳий жиҳатдан эзилади;

 • касб-ҳунаридан айрилади;

 • жиноятларга қўл уради;

 • ўзига ҳам, бошқаларга ҳам бахтсизлик олиб келади;

 • Парвардигорга осий бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳидоятидан ажралади.

Натижада инсон қиёфаси, иззати ва ҳаётининг мазмуни бутунлай йўқолади.

Шуни унутмаслигимиз керак: “Бир марта синаб кўрсам ҳеч нарса қилмайди”, деган ўй билан гиёҳванд моддани қабул қилиш – бу катта нодонликдир. Бу йўл кўпинча ҳаётни барбод қилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларида: “Ҳар бир маст қилувчи нарса – ҳамр, ҳар бир ҳамр – ҳаромдир”, – деб марҳамат қилганлар.

Қарамликнинг босқичлари

Гиёҳвандликка берилиб қолиш бирдан бўлмайди. У уч босқич орқали инсонни аста-секин ўз домига тортади:

 1. Биринчи босқич: Инсон ички курашни бошидан кечиради. “Ичсамми, ичмасаммикин?” дея иккиланади. Баъзан зарарини билади, аммо нафс уни “кейин ташлаб юборасан” деб алдаб, синаб кўришга мажбур қилади.

 2. Иккинчи босқич: Энди одам вақти-вақти билан гиёҳванд моддани истеъмол қилади, унга кўникиб қолади.

 3. Учинчи босқич: Инсон бутунлай қарам бўлиб қолади. Энди у бу балодан осонликча қутула олмайди, гиёҳвандлик унинг ҳаётини тўлиқ бошқариб қолади.

Жамият ва ота-онанинг масъулияти

Фарзандларимизни бундай иллатлардан асраш – ота-оналар, устозлар, қўшнилар ва бутун жамиятнинг вазифасидир. Халқимизда:

“Бир болага етти маҳалла ота-она” – деган ҳикмат бор. Шундай экан, бола ўзимизники бўладими, бошқаники бўладими, барибир келажагимиздир.

Ёшларнинг қаерда, кимлар билан юргани, қандай муҳитда бўлаётгани ҳақида ота-она ва жамият доимий равишда эътиборли бўлиши керак. Уларни илм олишга, фойдали машғулотларга жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини сингдириш – барчамизнинг вазифамиздир.

Хулоса

Гиёҳвандлик – ҳаётни барбод қилувчи бало. Унга қарши курашиш – ҳар биримизнинг инсоний ва диний бурчимиздир. Ёшларимизни тарбиялайлик, уларга соғлом муҳит яратиб берайлик, улар келажакда халқ, миллат, ота-онаси ва дини учун хизмат қиладиган комил инсонлар бўлиб етишсин.

 

Иброҳимжон Исмоилов,
Янги Наманган тумани “Абдуллоҳ ибн Масъуд” 
жоме масжиди имом ноиби

Related posts