Жаҳолатга қарши маърифат

ФИҚХИЙ МАЗХАБЛАРГА ЭРГАШИШ ЗАРУРАТИ.

ФИҚХИЙ МАЗХАБЛАРГА ЭРГАШИШ ЗАРУРАТИ.

   Ислом дини ягона Аллоҳга сиғинишга даъват этувчи мўътадил диндир. У инсонларни шароити ва дунёқараши, одатланиб қолган амаллари яъни урф одатлари билан хисоблашадиган, эътибор қаратадиган дин. Динимизда асосий таълимот бир бўлсада, баъзи фикр ва қарашларда фарқ қилиб қолиши, айрим масалаларда минтақа ва ахоли холатига  ўзгача бўлиши хам мана шу нуқтайи назардан бўлади. Ислом таълимоти қонуншунослик, фиқхий жихатдан тўрт қисмга  ( Ханафия, Моликия, Ханбалия, Шофеия), эътиқодий жихатдан иккига (Ашъария, Мотуридия) бўлинади. Мазхаб тўғрисида тўхталиб ўтадиган бўлсак: “Мазҳаб” сўзи луғатда “Йўналиш, йўл, эргашиш” маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда мужтаҳидлардан бирининг оят ва ҳадислардан шаръий ҳукмлар чиқариш йўли “мазҳаб” дейилади.

   Ислом кенг ёйилиб, мусулмонлар сони кўпайиб бориб,  турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида деярли йигирма уч йил давомида тушиб тўпланган оятларни ўқиб-ўрганиш, уларга амал қилиш, шариат аҳкомларини ўз ҳаётларида тадбиқ қилиш вазифаси турар эди. Табиийки, ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар эскиларидан шаърий масалаларини сўрай бошлашди. Бу ишларда баъзи саҳобалар ўз илмлари, топқирликлари билан бошқалардан ажралиб чиқдилар. Уламоларимиз фиқҳ билан машҳур бўлган тўрт халифани, Абдуллоҳ ибн Маъсуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Зайд ибн Собит ва Оиша онамизни (р.а.) мисол қилиб келтирадилар.

    Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга ўз вакилларини, ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларнинг ҳаётида ориз бўладиган масалаларни ҳал этишга юбора бошладилар.

    Жумладан, Яманга Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни юборишни ирода қилдилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўз иш жойларига жўнаб кетаётганларида Пайғамбар алайхиссалом у кишини тўхтатиб, " У ерда сенга бар масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан? " деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу " Аллоҳнинг китоби ила ", деб жавоб бердилар. Расули Акрам алайхиссалом: " Аллоҳнинг китобидан топа олмасангчи? " деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу " Аллоҳнинг пайғамбари суннати ила ", деб жавоб бердилар. Пайғамбар алайхиссалом : " Аллоҳнинг пайғамбари суннатидан ҳам топа олмасангчи? " деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу қараб турмасдан, "фикрим ила ижтиҳод қиламан" , дедилар. Пайғамбар алайхиссалом бу жавоблардан ғоят мамнун бўлдилар ва: "Аллоҳ расулининг вакилини, Аллоҳни ва расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин ", дедилар.

 Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони Карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил бўлиб келмоқда.

    Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда  Ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалди. Турли араб бўлмаган ҳалқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръони Карим ва пайғамбаримиз алайхиссаломнинг  суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмаслар. Бир тарафдан тил билмайдилар, қолаверса, илмлари йўқ. Нима қилиш керак? Билганлардан сўраш керак. Шундай қилиб, аста-секин кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажралиб чиқа бошлади. Шу тариқа мазхаблар вужудга келди.

   Кейинчалик шароит бутун бошли китоблар таълиф қилиш, масалаларни жамлаб баён қилишни ҳам тақозо қилиб қолди. Бу ҳақиқатни халифа Жаъфар Мансур ва Имом Молик ораларида бўлиб ўтган ҳодисадан ҳам билиб олсак бўлади. Имом Молик ибн Анас ёшликларида Жаъфар Мансур билан бирга ўқиган эканлар. Катта бўганларида йўллари турлича бўлиб, Имом Молик илмда, айниқса, фиқҳда улкан алломалик даражасига етиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар. Оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш Жаъфар Мансур Имом Молик билан мажлис қурди ва у кишига: " Яқин орада мен билан сендан илмлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб турибсан, мен манови иш ила машғул бўлиб қолдим (яъни, халифалик). Сен одамларга диний ишларини енгиллаштириб берсанг ", деди. Имом Молик рози бўлдилар ва "Муватто" китобини таълиф қилдилар. Янаги ҳаж мавсумида "Муватто" китоби билан танишган халифа Жаъфар Мансур қойил қолди ва Имом Моликка: "Жуда яхши қилибсан, агар ҳохласанг, ҳамма одамларни шу китобга жамлайман", деди. Имом Молик: "Йўқ, ундай қилма, Расулуллоҳнинг саҳобалари ҳамма ёққа таралиб кетишди, уларнинг ҳар бири ўзи билан яхшиликни олиб кетди", дедилар.   

Манбалар асосида тайёрланди: 

 

Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts