Бугунги кунимизда етарли диний билимга эга бўлмасдан туриб, баъзи шаръий масалаларда фатво берувчилар учрамоқда. Уларнинг бу ишлари қариндошлик ришталари узилиши, оилалар бузилиши каби ҳолатларга сабаб бўлмоқда.
"Фатво" арабча сўз бўлиб, шаръий ҳукмга тааллуқли ёки бошқа соҳага алоқадор бўли- шидан қатъиназар "саволга жавоб бериш", деган маънони англатади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Подшоҳ: “Эй аъёнлар! Агар туш таъбирини қиладиган бўлсангиз, менга тушимнинг фатвосини беринг», деди” (Юсуф сураси 43-оят).
Ушбу оятда «афтуни», яъни "жавоб беринглар", деб сўралганда, шаръий ҳукмга алоқадор бўлмаган саволга жавобдир. Нисо сурасининг 127-оятида Аллоҳ марҳамат қилиб айтади: “Сендан аёллар ҳақида фатво сўрарлар. “Аллоҳ сизга улар ҳақида ва китобда тиловат қилинадиган, сиз уларга тайин қилинган нарсани бермай никоҳига рағбат қилганингиз аёллар ҳақида, заифҳол болалар ҳақида ва етимларга адолат қилмоғингиз ҳақида фатво берадир” деб айт. Аллоҳ қилган ҳар бир яхшилигингизни билгувчи зотдир”. Ушбу оятда эса шаръий ҳукмларга алоқадор саволларга жавоб беришга фатво дейилмоқда.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ "Шарҳул муҳаззаб" китобининг муқаддимасида айтади: “Шуни билки, фатво бериш масъулияти оғир, қадри улуғ, фазли буюк вазифадир. Чунки фатво берувчи пайғамбарлар меросхўри ҳисобланади. Шу билан бирга бу иш инсонни хатарга йўлиқтирадиган амал ҳамдир”.
Фатво берувчи шахс, бу масъулияти оғир вазифа эканини ҳис этиши лозим. Фатво бериш шахсий фикрларни билдириш, илмсиз ҳолда фақат ўз фикрига суяниб жавоб бериш ёки ички ҳис туйғуларга эргашиб масалани ечиш, дегани эмас. Балки инсонни дунё ва охират саодатига эришишини таъминлаб берувчи Аллоҳ томонидан жорий қилинган шаръий ҳукмларни баён қилиб беришни англатади.
Хатиб Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Фатво беришга қизиқувчи, интилувчи инсонларнинг барчасида, фатво бериш борасида муваффақиятсизликни, ишида тартибсизлик ва парокандаликни кузатиш мумкин. Лекин фатво беришга қизиқмасдан, имкон қадар фатво беришдан ўзини тортиб, фатво беришни бошқаларга ҳавола қилишга уринадиган кишига Аллоҳнинг Ўзи фатво бериш борасида мададкор ва ёрдамчи бўлади”, деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бошлиқликни ўзинг сўраб, унга интилма. Чунки уни ўзинг интилиб қўлга киритсанг, ўз ҳолингга ташлаб қўйиласан. Агар у мансаб ўзинг интилмасангда, сенга насиб қилган бўлса, Аллоҳ томонидан ўша ишингда сенга кўмак берилади”, деган саҳиҳ ҳадисларини далил қилиб келтирган.
Саҳобалар фатво беришдан имкон қадар ўзларини тийиб юрганлар. Абдурраҳмон ибн Абу Яъло раҳматуллоҳи алайҳ: “Бир юз йигирма нафар ансорий саҳобаларни кўрганман. Улардан савол сўралса, савол сўраган одамни униси бунисига, буниси унисига жўнатар эди. Савол сўраган одам айланиб-айланиб яна биринчи савол сўралган одамга қайтиб келарди», деган. Тобеинлардан Абул Ҳасойн раҳматуллоҳи алайҳ ўз давридаги одамларга: “Сизлар бир саволга дарров фатво берасизлар. Агар шу савол ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуга берилганда эди, у масаланинг ечимини топиш учун Бадрда иштирок этган саҳобаларни тўплаган бўларди», деб айтган.
Мағрибдан келган бир киши Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан савол сўраган эди. Имом Молик: “Бу саволнинг жавобини билмайман. Бизнинг юртимизда ҳеч ким бунақа ҳолга учрамаган ва устозларимиздан ҳам бундай масалани эшитмаганмиз. Узр, юртингга жавобини олмасдан қайтасан”, деди. Эртасига ҳалиги одам юкларини ортиб, хачирини етаклаб кетаётганида Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг олдиларидан ўтди ва «Саволим?!» деди. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: “Жавобини билмайман”, деди. Ҳалиги инсон: “Эй Абу Абдуллоҳ, юртимда: "Ер юзида Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан кўра билимли одам йўқ”, деювчи инсонларни қолдириб келган эдим. Улар мени кутишяпти. Уларга нима дейман”, деди. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: “Уларнинг олдига борганингда: "Буни Молик яхши билмас экан", деб айт», деди.
Фатво бериш масъулияти оғир ва қиёмат кунида ҳисоб-китоби қийинлигини яхши англаб етган мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қозилик вазифаси таклиф қилинганда, бу мансабни эгаллашдан бош тортган. Охиратини ўйлаган ҳар бир инсон, “Билмас экан”, деган гапдан уялиб, берилган саволга билмасада, жавоб беришдан ўзини тийиши лозим.
Нурулло Маҳкамов,
Чуст туман “Саид Насимхон тўра” жоме
масжиди имом-ноиби