Таълим тарбия

ФАРЗАНДНИНГ ОДОБИГА ОТА-ОНА МАСЪУЛДИР.

ФАРЗАНДНИНГ ОДОБИГА ОТА-ОНА МАСЪУЛДИР.

 

Муборак динимизнинг таълимотлари яна бир муҳим тарбияни ота-онанинг вазифаларидан қилиб белгилаган.Аллоҳ таоло инсон қандай дуо қилишини таълимини ўргатиб дейдики: 

قَالَ رَبِّ أَوْزِعْنِي أَنْ أَشْكُرَ نِعْمَتَكَ الَّتِي أَنْعَمْتَ عَلَيَّ وَعَلَىٰ وَالِدَيَّ وَأَنْ أَعْمَلَ صَالِحًا تَرْضَاهُ وَأَصْلِحْ لِي فِي ذُرِّيَّتِي  إِنِّي تُبْتُ إِلَيْكَ وَإِنِّي مِنَ الْمُسْلِمِينَ

  Токи у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида: «Роббим Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва сен рози бўлган солиҳ ишларни қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман, деди. ( 15- оят Аҳқоф сураси) 

 Бу юксак масъулият фарзандларни инсон хулқини ихтиёрсиз бузадиган, жинсий мойиллик ва рағбат уйғотадиган ҳар бир нарса ва ҳолатлардан сақлашдир. Бу жараён бола тўққиз ёшдан то вояга етгунгача бўлган муддатни ўз ичига олади.

Таълим-тарбия олимлари фикрича, бу инсон ҳаётидаги энг муҳим босқич. Агар ота-она фарзанднинг бу борадаги тарбиясини ўз вақтида тўғри йўлга қўйса ва ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олса, бу катта ютуқ. Чунки соғлом жамият тараққиёти ва равнақи учун фазилатли, одобли, юксак маънавиятли ва тарбияли фарзанд вояга етади.

Шу боис динимиз ҳар бир ота-она ва мураббийга фарзандларнинг жинсий қизиқишлари эрта уйғонишидан эҳтиёт чораларини кўришга буюради.

Аллоҳ таоло бундай дейди: «...аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдаклардан бошқа кишиларга кўрсатмасинлар!..» (Нур, 31).    

Имом ибн Касир Нур сурасининг ушбу оятини бундай тафсир қилади: “Гўдак аёлларнинг турли ҳолатларини билмайди. Уларнинг авратларини, нозик овозларини, нозланиб юришларини фаҳмламайди. Агар бола ёш бўлиб, буларни тушунмаса, унда аёллар ҳузурига киришида зарар йўқ”.

Бу оят тафсиридан ҳулоса шу: агар бола аёлларнинг ҳолатларини ва авратларини фаҳмламайдиган даражада жуда ёш бўлса, уларнинг ёнларида ўтириши ва ҳузурларига кириб-чиқиб юришида зарар бўлмайди. Аммо фарзанд тўққиз ёшдан ошган бўлса, бундай ҳолатларга мутлақо йўл қўйилмайди. Чунки бола бу ёшда ҳар бир кўринишни онгли равишда идрок қилади. Ушбу чегара ёшидан сўнг ҳам унга бу борада изн сўраш одоби буюрилмаса, баъзи ноқулай ва таъсирчан манзаралар гувоҳи бўлади.

Натижада бола ғалати бир ҳолга тушиб, ахлоқи бузилиши ҳам мумкин. Бу эса, табиий, болада жинсий мойиллик жуда эрта уйғонишига олиб келади. Ҳаёт тажрибалари кўрсатишича, бундай ҳолга тушиб қолган фарзанднинг бутун фикри-зикри беихтиёр шундай ўй-хаёллар атрофида бўлади. Бунинг оқибатида илмга бўлган иштиёқи кескин пасайиб, ўзи бажарадиган кундалик ишларига бепарво бўлади.

Фарзандининг бу каби ғалати, ажабтовур ҳолатини  кеч бўлса-да, сезиб, вазиятни англаган ота-она учун энди унинг тарбия жараёни бироз оғир кечади. Муҳим паллада эътиборсизлик қилган ота-она энди бу иллатни юқтириб олган фарзандининг тарбиясига жуда жиддий эътибор бериши талаб этилади. Акс ҳолда, нечоғли оғир бўлса-да, айтиб ўтиш керак, шармандали ҳолат рўй бериши мумкин. Афсус, ўғил-қизлар ўртасидаги аянчли ва шармсиз воқеаларнинг барҳам топмаётгани фарзандлар тарбиясига етарлича эътибор берилмаётгани оқибатидир.

Баъзи кишилар: “Биз болага ушбу тарбияни бермасак-да, қинғир ишларга қўл ураётгани йўқ”, деб фикр билдириши мумкин. Тўғри, бундай салбий ишларни амалга оширмаса, нур устига нур. Аммо бу ҳол “Ушбу тарбия билан шуғулланмаса ҳам бўлади”, деган фикрни илгари сурмайди. Чунки фарзанд вояга етиб, маълум ёшга киргач, бирон олийгоҳга кириб ўқиш ёки иш туфайли ота-она назоратидан бироз бўлса-да узоқлашади. Ана шу маҳалда, ёшлигида бу тарбиядан мосуво бўлиб ўсган, боз устига ота-она назоратисиз қолган фарзандда ушбу иллат бўй чўзиб қолиши, шунда у  турли хил бузуқликлар таъсирига тушиб, ҳаёсиз ишлар қилиши мумкин.

 

Ҳудайбердиев Муҳиббуллоҳ

Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби.

Related posts