Фарзанд тарбиясида оилавий муҳитнинг ўрни беқиёс. Чунки доно халқимиз қуш уясида кўрганини қилади дейди. Фарзанд Аллоҳ таоло ато этган улуғ неъмат, қолаверса, у ота-она зиммасидаги омонат ҳамдир. Ҳар бир ота-она ўз боласининг солиҳ маънавий баркамол бўлиб етишишини орзу қилади. Оиладаги соғлом муҳит ва тўғри тарбия ўғил-қизларимизнинг билим ва касб-ҳунарли, ҳалол-пок бўлиб вояга етишлари учун асосий пойдевордир.
Фарзанд Аллоҳнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлар ичидаги бир неъматдир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Бу тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Каҳф” сурасининг 46-оятида марҳамат қилиб айтадики: “Мол-мулк фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир”.
Фарзанд қалб райҳони, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Вафот қилганимиздан сўнг эса уларнинг саъйи-ҳаракатлари туфайли номаи амолимиздаги савобларимиз зиёда бўлади. Аллоҳ таоло инсонга фарзандни аслида неъмат қилиб берган, лекин гоҳида манашу фарзанд ота-онасига бало бўлиши ҳам мумкин.
Агар оила тинч-тотув бўлиб, ота-она ўз фарзандларига яхши тарбия берсалару, бола улғайганда ота-онасига раҳмат олиб келса, бу улар учун Аллоҳнинг мукофоти бўлади. Аксинча бола бадхулқ, безори бўлиб кўчадан лаънат олиб келса, бу ота-оналар учун жазодир. Фарзанд тарбиясида ёшларни бекор қолдирмаслик лозим, гиёхвандликка ружу қўйиш, ҳар-хил ёт оқимларга эргашиш каби зарарли одатлардан сақлашимиз, бунда эса иложи борича уларни нима билан шуғулланаётгани кимлар билан юргани ҳақида маҳалла-куй, қўни-қўшни, айниқса, ота-оналар жуда катта эътибор билан қарамоқликлари керак бўлади. Лекин, улар билан қизиқилмаса, уларга нисбатан бепарво бўлинса кўнгилсиз ҳолатлар юзага келиши мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида айтганларки: “Ёшлик вақтингизни кексаликдан олдин, бўш вақтингизни бирор иш билан машғул бўлиб қолишдан олдин ғанимат билинг”.
Ушбу ҳадисдан, хулоса шуки, ота-оналар фарзандларига ҳар бир кунни ғанимат билиб, ҳаётдан фойдаланиш зарурлигини кенгроқ қилиб тушунтиришлари лозим. Уларни ёшлик давридан бошлаб меҳнатга ўргатиб, ҳалол меҳнат, пешона тери билан топилган ризқ-рўзида барака бўлиши ҳақида панду-насиҳатлар қилишлари айни муддаодир.
Тожиддин ХЎЖАХАНОВ,
Янгиқўрғон тумани, “Ёрилган” жоме
масжиди имом-хатиби