Таълим тарбия

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА МУҲИТНИНГ ТАЪСИРИ КАТТАДИР.

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА МУҲИТНИНГ ТАЪСИРИ КАТТАДИР.

Адабиётшунос олим Абдурауф Фитрат: “Халқнинг ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши, заиф бўлиб хорликка тушиши, фақирлик жомасини кийиб, бахтсизлик юкини тортиб эътибордан қолиши, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши болаликдан ўз ота-оналаридан олган тарбияларига боғлиқ. Болалар ахлоқий тарбияни муҳитдан оладилар, бошқача қилиб айтганда, болалар сувга ўхшайди, сув идишнинг шаклини олганидек, болалар ҳам муҳитнинг одоб-ахлоқини қабул қиладилар”, дейди.

   Бутун умр спиртли ичимликлар дўконининг мудири бўлиб ишлаган бир кишининг яккаю ягона ўғли бор эди. Ёшликдан тарбияси ўзига яраша бўлгани боисми ёхуд отаси топган луқманинг ҳалол эмаслиги сабабми, билмадик, эркатой ўғилча мактабни тугатгач, институтга ўқишга кира олмай, анча пайтгача бекор тентираб юрди. Қиладиган иши – пешингача ухлаш, кечга томон эса ўзига ўхшаган бир-икки улфати билан тунги клуб, дискотекаларда санғиш бўлди. Нотавон ўғилни ўйлайвериб, онаизор адои тамом бўлди, оғир касалликка чалиниб вафот этди. Онанинг “йили” ўтказилган куннинг эртасига ота-бола ўртасида қаттиқ жанжал чиқди. Иккаласи ҳам заҳри қотил – ароқ кайфининг оғушида эди, ота: “Энди сендек ўғлим йўқ”, дея уни “оқ” қилган бўлса, нонкўр фарзанд: “Агар ўлсангиз, жанозангизга келсам, ҳаром ўлай”, деб онт ичди.

   Ота-боланинг ҳаёти шу зайлда давом этди. Уларга таниш-билишлар, қўни-қўшниларнинг панд-насиҳати сира кор қилмади.

   Кунларнинг бирида фарзанд ногаҳон, бахтсиз ҳодиса сабаб ҳалок бўлди. Бу пайтда ота ҳам уйида ўлим билан олишиб, фоний дунё билан хайрлашаётган эди.

   Эртасига одамлар шаҳар қабристонида иккита янги тепаликни кўришди. Қабрлар олдида бир мункиллаган чол ўтириб: “Азиз зурриётларим! Одам алайҳиссаломдан бошланган яна бир сулола умри, мен сабабли барвақт ниҳоясига етяпти. На сен – фарзандим, на сен – набирам айбдор эмассизлар. Буларнинг барчасига сизларга тўғри тарбия бера олмаган фақатгина мен айбдорман, мен”, дея кўз ёш тўкар эди...

Фарзанд тарбияси ҳақида: Абдулла Авлоний айтганидек; 

“Туғиб ташлаш билан бўлмас бола, бўлгай бало сизга, 

Вужуди тарбият топса, бўлур ул раҳнамо сизга, 

Темирчининг боласи тарбият топса, бўлур олим, 

Бузилса хулқи, Луқмон ўғли бўлса, бўлғуси золим.

Аёлларнинг кийими отасининг тарбияси, ва онасининг назорати нечоғлик эканини билдиради. Булардан олдин эса, Аллоҳ кузатиб турибди, деган туйғу мавжуд эканини англатади. Шунинг учун Марямга:

"Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас эди-ку, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!" дедилар. (Марям сураси, 28-оят)

Бу ерда Марямнинг иниси, отаси ва онасини зикр қилинди. Демак ака ука ва ота онанинг салоҳиятли бўлиши билан фарзанд салоҳиятли бўлар экан.

Жаъфархон Суфиев,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме 
масжиди имом хатиби.

Related posts