Таълим тарбия

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ – ОТА-ОНАГА БЕРИЛГАН ЭНГ УЛУҒ ОМОНАТ.

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ – ОТА-ОНАГА БЕРИЛГАН ЭНГ УЛУҒ ОМОНАТ.

Бугуннинг тарбияси – эртанги умматнинг тақдиридир деган ҳикматли гап бор. 
   Аллоҳ таоло ота-онага фарзанд неъматини ато этиш билан бирга, уларга ниҳоятда улкан масъулият ҳам юклаган. Фарзанд дунёга келиши билан ота-онанинг вазифаси фақат уни едириб-ичириш эмас, балки уни иймонли, одобли, илмли ва тақводор инсон қилиб вояга етказишдир. Чунки бугун берилган тарбия эртага жамиятнинг, ҳатто бутун умматнинг келажагини белгилайди.
   Фарзанд ота-онанинг мулки эмас, балки Аллоҳнинг омонатидир. Омонатга хиёнат қилиш қандай гуноҳ бўлса, фарзанд тарбиясига бепарволик қилиш ота-онага ҳам дунёда ҳам охиратда оғир жавобгарликка сабаб бўлади.
    Аллоҳ таоло марҳамат қилади:Эй мўминлар! Ўзларингизни ва оилаларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлган дўзах оловидан сақланг.” (Таҳрим сураси, 6-оят)
    Ушбу оят ота-онага энг катта вазифа – оиласини, фарзандларини гуноҳлардан асраб, уларни жаннат йўлига бошлаш эканини билдиради.
     Ота-онанинг энг асосий бурчлари
     Фарзандга соф эътиқод ва иймонни ўргатиш
    Фарзанд тарбияси Аллоҳни танитишдан бошланади. Уни кичиклигидан тавҳидга, намозга, Қуръонга, одоб ва ахлоқга, ҳалол-ҳаромни ажратишга ўргатиш зарур.
      Ислом дини одоб ахлоқни биринчи ўринга қўйга. Кимда одоб ахлоқ бўлмаса унда илм йўқдир дейилган. 
    Луқмон Ҳаким ўғлига насиҳат қилиб шундай деган:Эй ўғлим! Аллоҳга ширк келтирма. Албатта Фарзанд ота-онанинг мулки эмас, балки Аллоҳнинг омонатидир. Омонатга хиёнат қилиш қандай гуноҳ бўлса, фарзанд тарбиясига бепарволик қилиш ота-онага ҳам дунёда ҳам охиратда оғир жавобгарликка сабаб бўладиширк энг катта зулмдир.” (Луқмон сураси, 13-оят)
     Намозга одатлантириш
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:Фарзандларингизни етти ёшга етганда намоз ўқишга буюринг.” (Абу Довуд ривояти)
     Чиройли одоб бериш
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ота фарзандига гўзал одобдан афзалроқ ҳадя бера олмайди.” (Имом Термизий ривояти)
      Мол-дунё қолиши ҳам, йўқолиши ҳам мумкин. Аммо яхши одоб фарзандни бутун умр безаб турадиган бойликдир.
      Ҳалол ризқ билан боқиш
      Ҳаром луқма қалбни қорайтиради. Ҳалол ризқ эса фарзанднинг дуоси, ибодати ва ахлоқига ижобий таъсир қилади.
      Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол ризқ топишга жуда катта аҳамият берганлар.
      Илм бериш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир.” (Ибн Можа ривояти)
      Фарзандга диний ва фойдали дунёвий илмни ўргатиш ота-онанинг масъулиятидир.
      Ота-онанинг амали – энг катта тарбия дейди доно халқимиз. 
     Фарзанд кўпроқ қулоғи билан эмас, кўзи билан тарбия олади. Ота ёлғон гапириб, фарзандини ростгўйликка чақирса ёки она намозни тарк этиб, фарзандидан ибодат кутса, бу тарбия самара бермайди.
Шунинг учун ота-она аввало ўзи намуна бўлиши лозим.
      Тарбияга бепарволикнинг оқибатлари. 
      Бугун кўплаб ёшларнинг гуноҳга, гиёҳвандликка, беҳаёлик ва ота-онага оқ бўлишга юз тутишининг сабабларидан бири – болаликдаги тарбия бўшлигидир.
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз.” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
      Солиҳ фарзанд – ота-онага тугамайдиган савоб ва садақаи жориядир. 
     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: Инсон вафот этса, уч нарсадан бошқа амали узилади: садақаи жория, фойда берадиган илм ва унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд.(Имом Муслим ривояти)
       Солиҳ фарзанд ота-онанинг вафотидан кейин ҳам уларга савоб етказиб турадиган энг улуғ неъматлардан биридир.
       Хулоса ўрнида яна шуни такидлаб ўтишимиз мумкин
      Фарзанд тарбияси – фақат оилавий вазифа эмас, балки диний бурч ва ибодатдир. Ота-онанинг бугунги меҳнати эртага фарзандининг саодати, ўзининг эса охиратдаги нажотига сабаб бўлади.
     Фарзандга уй, машина ёки бойлик мерос қолдириш яхши, аммо ундан ҳам улуғи – мустаҳкам иймон, гўзал ахлоқ, ҳалол ризқ ва Қуръон муҳаббатини мерос қолдиришдир.
     Аллоҳ таоло барча ота-оналарни фарзандларига чиройли тарбия берувчи, фарзандларни эса ота-онасига яхшилик қилувчи солиҳ бандалардан қилсин.

Муҳаммадшокир Бобоҳўжаев,
Норин тумани Умарҳўжа эшон” жоме 
масжиди имоматиби

Related posts