Таълим тарбия

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

Бола тарбияси, умуман инсон тарбияси қадим–қадим замонлардан жамиятда энг муҳим ва масъулиятли вазифалардан бири бўлиб келган.

 Жадид адабиётининг етук вакилларидан бири Абдулла Авлоний “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт-ё мамот, ё нажот-ё ҳалокат, ё саодат-ё фалокат масаласидир”,- деганда ҳақ эди. Илм билан тарбия муштарак ходисадир. Чунки инсон илм билан тарбияланади, тарбияланиб илм олади. Илм, одоб орқали ахлоқан шаклланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Инсонларнинг карами динидадир, муруввати ақлидадир, хасаби ахлоқидадир”.

  Фарзанд тарбияси бу эскирмайдиган, ҳеч қачон мавқеъини йўқотмайдиган азалий амаллардан биридир. Ота-боболаримиз тарбия масаласига асрлар давомида алоҳида эътибор бериб келганлар. Тарбия борасида буюк файласуфлар, олиму уламолар ўзларининг нодир асарларида қимматли фикр-мулохазалар ҳамда насиҳатларини ёзиб қолдирганлар.

Хусусан, Абу Наср Фаробий, Абу Райхон Беруний, Нажмиддин Кубро, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва бошқа мутаффакир алломаларимизнинг кўплаб асарларида одоб-ахлоқ, тарбиянинг гўзал намуналари бадиий-фалсафий талқин қилинган.

Тарбия ўзи нима? Тарбия – одамда муайян жисмоний, рухий, ахлоқий, маънвий сифатларни шакллантиришга қаратилган амалий тарбиявий жараён, инсоннинг жамиятда яшаши учун зарур бўлган хусусиятларга  эга бўлишини таъминлаш йўлида кўриладиган чора-тадбирлар йиғиндиси. Тарбия инсоннинг инсонлигини таъминлайдиган энг қадимий ва абадий қадрият ҳисобланади. Тарбиясиз алоҳида одам ҳам, кишилик жамияти ҳам мавжуд бўла олмайди. Чунки одам ва жамиятнинг мавжудлигини таъминлайдиган қадриятлар тарбия туфайлигина бир авлоддан бошқа авлодга ўтади. Бир оилагина эмас, балки ер юзидаги ҳар бир мамлакатнинг гуллаб-яшнаши, унда яшовчи халқларнинг фароғати ҳам шак-шубҳасиз таълим ва тарбия туфайлидир.

  Афсуски, тарбия ҳамма замонларда ҳам, ҳамма маконларда ҳам бир хил ижобий ҳолатда бўлмаган. Ҳар бир даврнинг ахлоқ, тарбия соҳасида ўз муаммолари бўлган ва бўлмоқда. Бу ҳолат нималарда ўз аксини топади, қандай кўринишларда намоён бўлади? 

Бу биринчи навбатда умумий ахлоқ-одоб, шариат талабларига риоя этмасликда келиб чиқади. Ахлоқсизлик, нопок йўллар билан мол топиш, жамият ва давлат мулкини  талон-тарож қилиш, фахш, номуссизлик, ўғрилик, зўравонлик, мусулмонлик аҳкомлари, хусусан, имон, эътиқод, диёнат, катталарга ҳурмат, кичикларга раҳм қилиш, ота-онанинг ҳаққи каби фазилатларни билмаслик тарбиясизликнинг яққол кўринишларидандир.

Тарбиядаги нуқсонлар бугун пайдо бўлиб қолган ҳодиса эмас. Қадим-қадим замонларда ҳам жамият ҳаётига доғ бўлиб тушадиган ҳолатлар мавжуд бўлган. Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий ёзади:

Кучук бирла хўтикни қанча қилма тарбият

Ит бўлур, эшак бўлур, лекин ўлмас одами..

Бу мисралардан  билиниб турибдики, шахс тарбияси ҳамма даврларда ҳам жамиятнинг энг долзарб масалаларидан бири бўлган ва жамият тарбиясини, айниқса ёш авлод тарбиясини яхшилаш олиму уламоларнинг, фозилу фузалоларнинг, хокиму ҳукамоларнинг асосий вазифаларидан бири бўлиб келган. 

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзларининг “Бахтиёр оила” китобларида шунлай ёзадилар: “Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари қатъий риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилиш мажбурийдир.

  Ота-онанинг фарзандлар олдидаги бурчлари улар пайдо бўлмасдан олдинги, ҳомила ҳолларидаги ва туғилгандан кейинги қисмларга тақсимланади. Чунончи, фарзандга муносиб ота ва она танлаш мажбурияти шариат таълимоти бўйича ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчлари оила қуришдан аввал –умр йўлдошини танлаш пайтида бошланади. Ҳар бир шахс ўзининг бўлажак фарзанди учун муносиб ота ва она танлаш мажбуриятидадир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Уруғларингизга иҳтиёрни яхши қилинг. Тенгни никоҳингизга олинг ва ўшаларга никоҳланинг”. (Ибн Можа ривоят қилган)

  Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам бўлажак ота ва оналарга мурожаат қилиб, ўзларининг бўлажак фарзандларига муносиб ота ва муносиб она танлашга амр қилмоқдалар. Бундан, мусулмон инсон оила қураётганда  фақат ўзининг фойдасини ўйламасдан, бўлажак фарзандини ҳам ўйлаб, унга муносиб ота ёки она танлаш кераклиги келиб чиқади. Ҳар бир инсон оила қуриш чоғида ўзидан ва жуфти ҳалолидан пайдо бўладиган фарзанднинг ғамини емоғи лозим бўлади. Чунки ота ва онанинг сифатлари ва хусусиятлари болага ирсият йўли билан ўтиши бор. Шунинг учун болага ҳам маънавий, ҳам жисмоний тарафдан етук ота ва она танлаш керак бўлади.

Онанинг ҳомиладорлик даври боланинг туғилмасдан олдинги тарбиясига боғлиқ муҳим босқичдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда “Аъроф” сурасида шундай марҳамат қилади: “У сизларни бир жондан яратган ва сокинлик топсин учун ундан жуфтини яратган зотдир. Вақтики у (жуфтини)ўраганда енгил ҳомиладор бўлди.У билан юрди. У оғирлашганда эса икковлон  Роббилари Аллоҳга: “Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, шукр келтирувчилардан бўлажакмиз”, деб дуо қиладилар”.(185-оят)

  Ҳомила муддати ва ундан олдинги даврдаги ота-онанинг Аллоҳ таолога қиладиган бундай илтижолари ва дуоларининг фойдаси ниҳоятда кўп ва зарур эканини замонавий илм ҳам тасдиқлаган. Шу соҳа олимлари, нима учун одамлар борган сари беоқибат, бераҳм бўлиб бораётгани, оила аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат ва эъзоз йўқолиб кетаётганининг сабабини эълон қилишди. Уларнинг айтишларича, мазкур нохушликларнинг асосий сабаби ота-оналари томонидан исталмаган равишда туғилган фарзандлар экан. Ҳомиланинг жисмоний ва руҳий толиқишларсиз яхши ривожланиб боришини таъминлаш ҳам ота-онанинг асосий бурчларидан биридир. Ҳомила ҳар тарафлама яхши ўсиб бориши учун унинг онасини жисмоний  ва руҳий жиҳатдан толиқтириб қўймасликка шариатда катта эътибор берилган. Бу эътибор шу даражага етганки, хатто Аллоҳ фарз қилган ва Исломнинг асосий рукнларидан бири бўлган рўзани ҳомиладор аёллар тутмасдан, кейин қазосини тутиб бериш жоизлиги шариатга киритилган. 

  Шариатимизда бола туғилгандан кейин ҳам қилинадиган бир қатор вазифалар борки, бола тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Чунончи боланинг насл-насабини билдириш ва сақлаш, Қуръон таълимотига мувофиқ икки йил тўлиқ эмизиш. Чунки олимлар гўдак учун энг яхши озуқа она сути эканлигини аниқлашган.

Болага меҳрибонлик кўрсатиш унинг ҳам меҳрибон инсон бўлиб етишувида муҳим роль ўйнайди. Аслида меҳр-муҳаббат дини бўлмиш Ислом болаларга меҳр-муҳаббат кўрсатишни ота-оналарга муҳим вазифа қилиб юклаган. Албатта, болага одоб, ахлоқ, илм ўргатиш, уни жисмонан баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчидир.

Нурилло Сирожиддинов,
Мингбулоқ тумани “Гўртепа” жоме 
масжиди имом ноиби

Related posts