Таълим тарбия

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ.

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ.

Фарзанд ота-онага вақтинчалик берилган илоҳий омонат бўлиб, унинг қалби ота-онасидан кўрган барча яхши ва ёмон нарсаларни нусха кўчириб оладиган ва шунга кўра тақлид қиладиган жигарпорадир. Ота-она фарзандини доим яхши нарсаларга одатлантириб ўргатса, фарзанд ҳам ўша яхшиликка кўра улғайиб дунё ва охиратда бахтиёр бўлади. Шунингдек, фарзанднинг ота-онаси ва устози ҳам ана шу савобга шерик бўладилар. Агар ота-она фарзандини ўзидаги ёмонликларга одатлантирган ҳолда ўз ҳолига ташлаб қўйсалар, у нокас бўлиб етишади, оқибатда гуноҳ ва жавобгарлиги уни улғайтирганларга етади. Аниқроқ қилиб айтганда, фарзанд тарбияси жуда нозик, ўта масъулиятли, шунга яраша улуғ ажр-савоб демакдир.

Ота-она фарзандини тўғри тарбиялаб, ёмон ўртоқлардан узоқда тутиши, уни турли хил айшу ишратларга берилишига йўл қўймаслиги лозим. Зеро, бу ҳол унинг умрини ўзи  хоҳлаган нарсаларни қўлга киритиш учун елиб-югуриш билан ўтказиб, дунё ва охиратда ҳалокатига сабаб бўлади. Шунингдек, ҳаддан ортиқ эркалаб, талтайтириб юбормаслиги ҳам керакки, акс ҳолда, фарзанди ҳаёт синовларини енгишда заиф бўлиб қолиши мумкин.

Ҳар қачон фарзандингизда яхши хулқ ва муваффақиятларни кўрганда мукофотлаб, мақтаб қўйинг. Бу уни шижоатлантиради ва яхшилик қилишга рағбатини оширади.

Агар бола бирор хусусда қарши чиқса, айтилган ишни қилмаса, тарбиячи бунга парво қилмагандек бўлиб, бу масалада қаттиқ туриб олмаслиги керак. Агар бадхулқлиги яна такрорланаверса, уни пинҳона танбеҳлаш керак бўлади. Болани ҳадеб тергайвериш ҳам тўғри эмас. Зеро, боланинг қалбида сўзнинг таъсири қолмайди. Доно халқимиз айтганидек “урса эти, гапирса бети қотади”. Кундузги уйқу танбалликка сабаб бўлгани учун болани кундузи бемақсад ухлашдан қайтариш, уни барвақт ётиб эрта туришга одатлантириш керак.

Болани еб-ичишда, кийинишда, дам олишда дабдабага, исрофга одатлантирмаслик, уни яширинча иш қилишдан қайтариш лозим. Зеро, у яширин қилган ишининг ёмонлигини ўзи ҳам билади. Шу сабабдан болани ўз ҳолига ташлаб қўйиб лоқайдлик қилинса, натижаси ёмон оқибатларга олиб келади. Унутманг, болага келажакка доир катта ваъдалар бериш ярамайди. Тайёр бойлик, тайёр уй-жой, қимматбаҳо уловлар ва ҳоказоларни ваъда бериш ундаги энди етилиб келаётган қобилиятни сўндириши, бир умрлик боқимандага айлантириб қўйиши мумкин. Ундан кўра болага ишонч билдирган ҳолда, уни ўз оёқларида тик турадиган қатъиятли инсон бўлишига кўмаклашинг. Ҳатто ота-она сифатида ундаги масъулият ва жавобгарлик ҳиссини ошириш ва узоқни кўрадиган инсон қилиб тарбиялаш учун ёшига қараб баъзи ишларни бажаришни топширинг ва бажариши жараёнини кузатинг. Ўтган улуғларимиздан бу борада жуда кўплаб панд-насиҳатлар бор.

Бола тарбиясига масъулият билан ёндашиб, ўз вазифаларини тўкис бажарган ота-оналар дунё ва охиратда бахтиёр, юзлари ёруғ бўлиши аниқ. Буни фарзанди орқасидан мақтов ва раҳмат эшитган ота-оналар мисолида кўриш мумкин.

 

Манбалар асосида тайёрланди.

 

Саттаров Ғуломжон,
Наманган тумани “Ал-Масжидун набавий” 

жоме масжиди имом-ноиби

Related posts