Фарзанд туғилганида нафақат ота-она, балки яқинлар ҳам хурсанд бўлади. Жамиятда ҳар бир инсон фарзанд кўрган кунни энг қувончли кун деб билади. Фарзанд туққан аёл қадр топади. Оналик шарафига муяссар бўлади. Ўзини бахтиёр ҳис қилади. Ота, айниқса, биринчи фарзанди туғилганида еру кўкка сиғмайди. Мол-давлати, мансаб-мартабаси туфайли сезмаган ҳузурни ҳис этади. Фарзанд неъмати ота қалбини фахр туйғусига тўлдиради. Қасрининг бўғиқ ҳавоси жаннат райҳонининг иси билан тўлади. Хонадондан гўдак йиғиси ва яқинларининг кулгиси эшитилади. Яхши ниятда қилинган дуолар ижобат бўлди. Неъмат қадри бизга шундай улкан қувонч беради. Халқимиз уй қуриб, тўй қилиб чарчамаган, фарзанд учун жонини берадиган, етимнинг бошини силаган халқ. Албатта, дунё синов ва имтиҳондан иборат. Яратган зот баъзи оилаларга фарзанд неъматини бериб, бандасидан шукрини сўрайди. Баъзи оилаларга сабрини синаш учун фарзанд бермайди.
Халқимизнинг насл-насабга эътибори, элати ва шажаралари билан насл ва насаб суриштириб, бир-бирларини танишлари, айниқса, оила қуришда, қуда-андачиликда миллий қадриятга айлангандир.
Динимиз насл ва насабни сақлаш учун никоҳ ва унинг аҳкомларини баён қилиб берди. Никоҳ барча пайғамбарларнинг ҳалол билан ҳаромни ажратувчи суннат амалидир. Никоҳ билан ота-она келгуси авлодларининг асосий тамал тошини қўяди. Қиз ўзи учун муносиб жуфт танласа, келажакда фарзандларига рисоладагидек ота танлаган бўлади. Йигит ҳам ўзи учун яхши жуфт танласа, келажакда фарзандларига муносиб онани раво кўрган бўлади. Туғилган фарзандларда ота-она ва насл-насабидан фахр туйғуси бўлгани яхши. Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон ота-она ушбу тамал тошини қўйишда, албатта, диний ва миллий кўрсатмаларга қатъий амал этиши лозим. Динимиз отага бўлажак фарзанди учун яхши она танлашни буюради.
Фарзанд қалб меваси ва дунё бўстонининг райҳонидир. Инсон фарзандсиз ўзини ёлғиз ҳис қилади. Инсоннинг тадбири ва хатти-ҳаракатига қараб Аллоҳ таоло унга неъматлар ато этади. Неъматга эга бўлиш имкониятларга боғлиқ. Фарзандга эгалик фақат илоҳий марҳамат. Ота-она қалбидаги меҳр-шафқат, муҳаббат фарзанд тарбиясидаги машаққатларни енгиллаштиради. Ота ва она фарзандига таълим-тарбия беришдан завқ олади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир. Раббингиз наздида эса, боқий қолувчи солиҳ амаллар савоблироқ ва орзу қилишга лойиқроқдир” (Каҳф, 46). Мусулмон кишини фарзанди билан табриклаш мустаҳабдир. Бу қалбларни хурсанд қилиб, қариндошлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлайди.
Фарзанд туғилганида нафақат ота-она, балки яқинлар ҳам хурсанд бўлади. Жамиятда ҳар бир инсон фарзанд кўрган кунни энг қувончли кун деб билади. Фарзанд туққан аёл қадр топади. Оналик шарафига муяссар бўлади. Ўзини бахтиёр ҳис қилади. Ота, айниқса, биринчи фарзанди туғилганида еру кўкка сиғмайди. Мол-давлати, мансаб-мартабаси туфайли сезмаган ҳузурни ҳис этади. Фарзанд неъмати ота қалбини фахр туйғусига тўлдиради. Қасрининг бўғиқ ҳавоси жаннат райҳонининг иси билан тўлади. Хонадондан гўдак йиғиси ва яқинларининг кулгиси эшитилади. Яхши ниятда қилинган дуолар ижобат бўлди. Неъмат қадри бизга шундай улкан қувонч беради. Халқимиз уй қуриб, тўй қилиб чарчамаган, фарзанд учун жонини берадиган, етимнинг бошини силаган халқ.
Манбалар асосида тайёрланди.
Ғуломжон Саттаров
Наманган туман “Ал-Масжидун Набавий” жоме
масжиди имом-ноиби