Байрам ва марака маросимлари

ЕТУК ИНСОН ҚИЛАДИГАН БУ – УСТОЗДИР

ЕТУК ИНСОН ҚИЛАДИГАН БУ – УСТОЗДИР

Ҳар йили 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни Мустақил юртимизда кенг нишонланади. Қадим замонлардан юртимизда устозга бўлган чуқур ҳурмат сақланиб қолган. Инсонлар “Домла”, “Муаллим”, “Устоз” каби улуғ номлар билан ўз устозларига мурожаат қилишган.

Дунёда касблар жуда кўп, ҳар бирининг ҳаётда ўз ўрни, ўз аҳамияти бор. Лекин улар орасида шундай бир улуғ касб борки, бошқа барча касблар унинг негизида шаклланади ва тараққий этади. Бу ўқитувчилик. мураббийлик касбидир.

Устоз, муаллимлик. мураббийлик касбларнинг энг машаққатлисидир. Кимдир эътироз билдириши мумкин, шифокорлик ёки ҳарбийлар иши ундан ҳам қийин, дея. Тўғри, кишилар саломатлиги посбони ёхуд эл тинчлиги қўриқчиси бўлиш энг шарафли касблардан эканига шубҳа йўқ. Лекин, аслида шифокорни ҳам, аскарни ҳам мураббий тарбиялайди, муаллим етиштиради. Устозсиз дўхтир ёки мураббийсиз аскар бўлиш мумкин эмас. 

Республикамизда кўп сонли ёшларни ўз фарзандларидек севадиган минг-минглаб фидойи ўқитувчилар меҳнат қилишмоқда. Уларнинг меҳнатини игна билан қудуқ қазишга ўхшатиш мумкин. Ўзбек халқида “Устоз – отангдай улуғ”, деган мақол бор.

У олам-олам маънони англатади: агар ота-она фарзандни дунёга келтирса, уни камолга етказадиган, етук инсон қиладиган бу – устоздир. 

Мамлакатимизда ўқитувчилар меҳнати  қадрланиб, уларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Жумладан, таълим тизимини жаҳон андозалари асосида ислоҳ қилиш, янги илм масканлари қуриш, уларни замонавий техника воситалари билан жиҳозлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

“Ҳар бир муаллимнинг саодати, давлатларнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”, – деган эди, маърифатпарвар аллома Абдулла Авлоний.

Азиз халқимизнинг бир нақлида: “Сен одамларга бир йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг, буғдой эк; ўн йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг, ток экиб боғ қил; умр бўйи яхшилик қилмоқчи бўлсанг, ўқитувчилик қил”, дейилган. Шу боис қадимдан кишилар ўз зурриёдларини устоз қўлига топширар эканлар, “ Эти сизники, суяги бизники” деб унга катта ишонч билдиришган.

Биламизки, ҳар қандай жамиятда устоз доимо улуғланиб келинган. Шунинг учун ҳам соҳибқирон, буюк бобомиз Амир Темур ўз васиятида хокини пири ва устози Саид Барака қабри пойига қўйишларини айтган эди.

Илм бебаҳо бойлик, уни эгаллаш осон иш эмас. Уламолар илм олишни игна билан қудуқ қазишга ўхшатишган. Инсон шундай бебаҳо хазинанинг соҳиби бўлишида устознинг ўрни беқиёсдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  бир ҳадиси шарифда ўзидаги билим ва ҳунарни бошқа кишиларга ўргатувчи инсонлар ҳақида: «Албатта, Аллоҳ таоло унинг фаришталари, самовот аҳли, ҳаттоки, кавакдаги чумоли, денгиздаги балиққача барчалари инсонларга яхшилик ўргатувчи киши ҳақига саловат-дуо айтиб турадилар”, деб марҳамат қилганлар.

Халқимизда “Устоз отангдек улуғ” — деган ҳикмат бежиз айтилмаган.  Ўтган улуғларимиз, ота-боболаримиз устоз ва муаллимларнинг ҳаққини яхши билганлар, уларнинг қадри нечоғли баланд эканини теран англаганлар ва шунга кўра муомала қилганлар.  Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлари ривоят қилинади: «Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у устозим, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».

Устозлар ҳақида гап борганда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байтларидан ошириб бир сўз айтмоқ мушкулдир:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

Шундай экан ўқувчи ёшлар, талабалар ва барчамиз устозларни қадрлаб, доимо уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз лозим. Талабалик одобларига риоя қилган шогирд ҳақиқий маънода устозларини ҳурмат қилган бўлади ва олаётган илму ҳунари самарали бўлиб, вужудига сингади ва келажакда манфаатли бўлади.

Расулхон домла Қориев,
Поп тумани “Ғойиб ёронлар” жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts