Динимизда одамларга ҳушмуомалада бўлиш ва уларга таом улашиш савоби ишлардандир. Ихлосли халқимиз қадимдан бу суннатларга амал қилади, шундай гўзал суннатлардан бири никоҳ тўйидир. Никоҳ икки бегона аёл-эркакни бир-бирига ҳалол қилгани сабабли, уни эълон қилиш – жумҳур уламолар наздида суннатдир ва бизнинг урфимизда уни “тўй” деб аталади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга тўй қилиш тавсиялари ҳақидаги энг машҳур ривоят “Абдураҳмон ибн Авф билан бўлган ходисадир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқ ранг асарини кўриб: “Бу нима?”,–дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, бир аёлга данак вазнидаги тилло маҳр бериб уйландим”, дедилар. У Зот: “Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам тўй қилгин”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Демак ким уйланадиган бўлса кучи етганича ўзини ортиқча уринтирмасдан тўй қилиб бериши суннатдир.
Қадимдан катта бир хурсандчилик бўлган тўйни ҳозирги кунда ўзимиз учун жиддий ташвишга айлантирдик, Тўйга қўшимча маросимлар ҳар хил сарполар ўнлаб тоғоралар қўшдик. Ўғлини уйлаш қизини узатишни ўйлаб оталарнинг ҳатто соғлиги ёмонлашиб қолмоқда.
Аслида динимиз – енгиллик дини! Ҳамма масалада бўлгани каби тўй масаласида ҳам мўътадил йўл тутилади. Никоҳнинг баракали бўлиш сабабларидан бири – никоҳ харажатлари ва дабдабаларининг камроқ енгилроқ бўлишидир. Бу хақида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Энг баракали никоҳ – харажатлари енгил бўлганидир” (Имом Байҳақий ривояти).
Никоҳ суннатининг эълони бўлган тўй қилишни обрў мусобақасига айлантириш, тўйда турли исрофгарчиликлар қилиш динимизда қораланиб бу ишдан қайтарилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “...Исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” (Анъом сураси, 141-оят).
Бугунги кунда бу ояти каримани тушунишга жуда муҳтожмиз, чунки Аллоҳ таоло исроф қилувчиларни севмаса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Никоҳни баракалиси – сарфу харажати камроғи” деб турганларида сарф харажат қилиш учун мусобақа қилсак, ҳатто кучимиз етмай қолганда катта-катта қарзларни бўйнимизга олсак, биз қандай уммат бўлдик!? Йиллар давомида емай-ичмай йиққан маблағини ва бунинг устига олган қарзларини бир кунда исроф билан сарфлаб кейин йиллар давомида қарз тўлайди, Тўй куни ўнлаб машиналарни ёллаган куёв тўйдан кейин пиёда юришга ҳам маблағ топа олмайди. Аллоҳ неъмат берган кишилар исроф қилмасдан ўзларига яраша тўй қилишса бунга шаръан тақиқ йўқ, лекин уларга етаман деб, кам ҳаражат одамлар ўзларини қийинчиликка қўйиши соғлом ақлга тўғри келмайди.
Битта наҳорга ош бериш учун анчагина пул сарфлайди, дабдабали мебеллар, ҳашаматли пардалар, турли-туман қимматбаҳо сарполар, Хуллас, ақл бовар қилмас даражада катта маблағлар талаб қиладиган мана шундай ўткинчи маросимлар учун умримизни кеткизиб ишлайдиган бўлиб қоляпмиз.
Умр бўйи топган-тутганларимизни соғлигимизни тиклашга эмас, яхши еб яхши ичишга эмас балки, юқоридаги дабдабали маросимларни ўтказиш учун йиғадиган бўлиб қоляпмиз.
Ундан кўра мазкур маросимларимизни бир оз қисқартиртириб бир оз ихчамлаштирсак ўзимизга яхши эмасми? Баҳонада қанча-қанча маблағ исроф бўлмасдан бир кунимизга ярарди, Озгина ўзимизга ҳам тузукроқ қарашга, соғлигимизни тиклашга, фарзандларимизга тузукроқ эътибор қаратишга қўлимизда имконият пайдо бўларди, катта-катта қарзларга ботиб, аҳволимиз паришон бўлиб юрмасди.
Нима учун фоний бу синов дунёсида ўзимизни бу қадар қийнашимиз керак? Нимадан қўрқамиз? Одамларни гапиришиданми? Ғийбатлардан қўрқмайлик Одамларни гапидан қўрқиб, қарзга ботиб, дабдабали маросимларни ўтказганимиздан сўнг эртага аҳволимиз танг бўлиб қолса ўша одамлар қутқарадими бизларни?! Ўша одамлар беш-ўн сўмдан пул бериб ёрдам қиладими? Бундан ташқари эртага исрофгарчиликлардан албатта қиёмат кунида сўраламиз, Битта фарзандини тўйи учун бутун бошли бир ҳовли-жой қилса бўладиган пулларни совураётганлар қиёмат кунида нима деб жавоб берадилар? “Ундан кўра ўша пулингни ярмини кам таъминланган хонадонларга бўлиб берсанг бўлмасмиди, қариндош-уруғингдаги ҳожатмандларнинг ҳожатини чиқарсанг бўлмасмиди, молу дунёни сенга нима учун бердик, мана шундай дабдабабозликлар учунми?”, - дея сўроққа тутилса, исрофгар банда нима деб жавоб беради?! Ҳеч шу ҳақда ўйлаб кўрганмизми? Азизлар мана шу ҳақда яхшилаб ўйлаб қўяйлик. Эртанги қиёмат кунида бериладиган саволга жавоб топиб қўяйлик. Жавобимиз ҳам тўғри бўлсин, шаръан ўринли жавоб бўлсин, Агар айтадиган жавобимиз ўринли жавоб бўлмаса, ҳолимизга войлар бўлади, Аллоҳ асрасин!
Аллоҳ таоло бизга ҳаёт, соғлиқ, оила, мол-мулк каби неъматлар инъом этган. Биз улардан қандай фойдаланганимиз, қаерга сарф қилганимиз ҳақида охиратда сўраламиз. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Сўнгра ана ўша Кунда, албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар!» (Такосур, 8).
Бизнинг бугунги кунда қилаётган дабдабали маросимларимизни саховат ҳам деб бўлмайди, Саховат деб дарҳақиқат эҳсонга муҳтож бўлган одамга қилинадиган яхшиликка айтилади. Очларга бериладиган таомга саховат дейиш мумкин. Бизнинг тўйларимизга келадиган минглаб кишилардан нечтаси қорни оч одамлар? Менимча, қорни очлар умуман айтилмаса керак бундай маросимларимизга. Тўғрироғи, қорни очларни нафақат зиёфатга айтиш, балки уларни умуман танимаймиз, ундайлар билан таниш-билиш бўлишни ўзимизга ор деб биламиз, хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш бўлмоғи даркорлиги тўғрисида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Таомларнинг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир”.
Аллоҳ таоло бизга молу дунё ато этган эканми, уни исроф қилмасдан бахиллик ҳам қилмасдан меъёрида ишлатсак, меъёрида саховат қилсак, бировга муҳтож бўлиб қолмаймиз, қарзга ҳам ботиб қолмаймиз, юзимизнинг суви ҳам тўкилмайди иншааллоҳ. Муқаддас динимиз барқарор ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюради. Бунга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлашган, уни исроф қилишмаган, уволидан қўрқишган. Аммо сўнгги пайтларда баъзилар тўй-маърака маросимларида кимўзарли қилишга, ўзини кўз-кўзлашга ва исрофгарчиликка ўтиб кетяпти. Асли амалларни бажаришда ҳаддан ошиб, савоб эмас, гуноҳ орттириб олишяпти.
Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради, Лекин тўй маросимларини меъёрида, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ўтказишимиз керак.
Ҳукуматимизнинг бу ҳақдаги қарорларига ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвосига амал қилган ҳолда иш тутишимиз лозим бўлади. Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларига сарфланса айни савобли иш қилинган бўлади, иншоаллоҳ!
Азизлар! мана шундай ҳолатларда Башарият саййиди бўлмиш суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг кечирган ҳаётларини озгина эсга олайлик, Ул зот қандай еб-ичдилар? Ҳеч тўйиб овқатланганмилар? Арпа унидан тайёрланган нонга қорнилари тўйганми? Оқ нон деган нарсани кўрганмилар? Субҳоналлоҳ, Аллоҳнинг энг азиз бандаси бўлмиш Набийимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча қоринлари очлигидан ошқозонда пайдо бўлган очлик алангасини сўндириш учун қоринларига тош боғлаб юрардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан йиллар ўтиб, бир куни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни қовурилган қўй гўштига таклиф қилишганда, кўзларига ёш келиб, Аллоҳнинг элчиси бу дунёдан бундай таомни кўрмасдан ўтдилар, дея бурилиб кетган эканлар.. Исрофгарчиликка берилган пайтларимизда шу нарсаларни ҳам бирров эсга олсак фойдадан холи бўлмасди, Вахоланки Қуръони Каримнинг йигирма уч ўрнида исрофдан қайтарилган, бироқ бизлар Ислом дини белгилаб берган маросимлардан тўйни ажратиб олиб, барча моддий жамғармаларни қадрига етмасдан сарфлаб юбормоқдамиз, аслида пешона тери билан топилган ҳалол мол фарзандлар келажаги, ота-она дуоси, фарзандларимизни илм олишига сарф этсак улар ҳам ўтган боболаридек буюк инсонлар бўлиб етишадилар.
Жобирхон Ҳалимхон ўғли,
Наманган шаҳар “Ҳазрати Лангар” жоме
масжиди имом ноиби