Бугун ҳаёт шиддат билан ўтмоқда. Қаерга қарама, ёш оилалар орасида ажримлар кўпайиб бораётганини кўрамиз. Аммо шу ажрим ортида энг кўп азият чекадиган, энг кўп йиғлайдиган, энг кўп адашадиган ким? — Фарзанд. Фарзанд — Аллоҳнинг сизга берган энг буюк омонати. Унинг юраги ҳам шишадан яратилган. У сизнинг ҳар бир сўзингизни эшитади, ҳар бир жанжалингизни кўради, лекин ҳеч қачон айтолмайди. Фақат ичида йиғлайди…
“Мен учун ажрашманглар…” — Фарзанднинг дилсиз фарёди
Улар кўпинча “Фарзанд ҳали кичкина, билмайди”, дейди. Йўқ, билади. Жуда ҳам яхши билади. Онасининг кўзидаги намни кўради. Отасининг овозидаги оғриқни ҳис қилади. У уйдаги совуқликни, меҳр етишмаслигини, кечалари эшитилмасликка уринаётган талошларингизни ҳам билади. Фарзанднинг тилида айтолмаган, аммо юрагидан чиқаётган илтижоси бор:
“Илтимос, мени икки уйли, икки йўлли қилиб қўйманг. Ота-онам бирга турсин… Мен ҳеч кимдан бойлик сўрамайман, фақат бирга бўлинглар”. Ажрашиш — икки томонни эмас, фарзандни синдиради Ота-онанинг ғазаби бир кунда сўнар, дарди икки кунда унутилар. Аммо фарзанднинг синган қалби йиллар ўтиб ҳам тузалмаслиги мумкин. Ота — бошқа жойга кўчиб кетади, она — ўз йўлида қолади. Аммо фарзанд иккала йўлга ҳам сиғмайди. Бир куни отасига боради — “Онанг нима қиляпти?” деган савол билан. Эртаси куни онасига келади — “Отанг сени ўйлаяптими?” деган алам билан. Унинг энг катта бахти — сизнинг бирга бўлганингиз, энг катта қўрқуви — ажралиб кетишингиз. Оила — сабр билан мустаҳкам бўлади Ҳеч қандай оила жанжалсиз бўлмайди. Дунёдаги энг бахтли оилалар ҳам сабр, муроса, кечирим билан тик турган.
Оила — бу икки мукаммал инсоннинг бирлашуви эмас. Бу — икки камчиликли инсоннинг бир-бирини тушунишга ҳаракати. Баъзан сукут — энг яхши ечим. Баъзан кечирим — энг катта жасорат. Баъзан “Узр, адашдим” дейиш — оилани сақлаб қоладиган калит. Шариатда энг ёмон ҳалол иш — талоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Аллоҳга ҳалол ишлар ичида энг ёқимсизи — талоқдир." Нега? Чунки талоқнинг чанги кўтарилиши билан фарзанднинг келажаги хиралашади, уйда барака камаяди, қариндош-уруғ орасида совуқлик киради.
Шу сабаб талоқ — охирги даража, охирги чорадир. Биринчи эмас. Ота бўлиш — фақат пул бериш эмас Бугун кўпчилик шундай дейди: “Мен ҳар ой пул юборяпман, фарзандимга етади. Йўқ. Пул етмайди. Фарзандга ота керак. Қучоққа олинган меҳр, бошини силаш, ёнида ўтириб бир гаплашиш, бирга масжидга бориш — пул билан ўлчанмайди. Она бўлиш — фақат овқат бериш эмас. Фарзандга энг аввало онанинг меҳрли овози, тинч уйи, хотиржам кўнгли керак. У онанинг ҳеч қачон ёлғиз бўлмаслигини, унга суянадиган ота борлигини билиб улғайиши керак. Фарзанд бахти — сизнинг меҳрингизда. Фарзанд учун бойлик ҳам шарт эмас, катта уй ҳам шарт эмас, машина ҳам шарт эмас.
Учта нарса кифоя: Ота-она, Меҳр шу уч нарсани ажрим бузади. Шунчаки бир воқеа…Бир боладан сўрашди: — “Сенга энг кўп нима керак?” У эса йиғлаб жавоб берди: — “Мен ҳам онамни эрталаб уйғотиб, отамни эшикдан кузатмоқчи эдим... Бошқалар каби.” Бу бола бойликдан эмас, тўлиқ оиладан маҳрум эди.
Эй ёш оилалар! Бир-бирингизнинг камчилигингизни кўришга шошилманглар. Ажрашишга эмас, бирга яшашга, бирга сабр қилишга, бирга улғайишга шошилинглар. Фарзанд сизлардан фақат битта нарса сўрайди: “Ажрашманглар. Мен учун. Менинг бахтим учун.” Аллоҳ барча оилаларга тинчлик, муҳаббат, барака ато этсин..
Нуриддин Хамрақулов,
Учқорғон тумани Саттибой ҳалфа жоме
масжиди имом ноиби