Жамият аъзоларига муносабат

ДЎСТ ВА ҲАМРОҲ ТАНЛАШДА ЭЪТИБОРЛИ БЎЛАЙЛИК!

ДЎСТ ВА ҲАМРОҲ ТАНЛАШДА ЭЪТИБОРЛИ БЎЛАЙЛИК!

Мусулмон киши саодатга эришиши, динини, ахлоқини ва яхши хулқларини асраб-авайлаши учун эътибор бериши лозим бўлган муҳим масалалардан бири — кимлар билан дўст-биродар, суҳбатдош ва ҳамроҳ бўлишига эътибор қаратишидир.

Инсон ёлғиз яшамайди. Унинг атрофидаги одамлар, суҳбатдошлари, дўстлари, ҳамкасблари ва яқинлари унинг фикрлаши, дунёқараши, одатлари ва хулқ-атворига таъсир қилади. Шу боис динимиз инсонни дўст танлашда бепарво бўлмасликка чақирган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда марҳамат қилганлар: «Киши дўстининг динидадир. Бас, ҳар бирингиз ким билан дўстлашаётганига қарасин».

Ушбу ҳадис инсон ҳаётида дўстнинг ўрни қанчалик муҳим эканини кўрсатади. Чунки киши кўп вақт бирга бўлган инсоннинг гап-сўзига, одатларига ва хулқига беихтиёр эргаша бошлайди. Дўстининг яхши одатлари унга юқади, ёмон одатлари ҳам унга таъсир қилиши мумкин.

Шунинг учун ҳам «Мен унга таъсир қиламан, ундан таъсирланмайман», деган фикр ҳар доим ҳам тўғри эмас. Инсоннинг табиатига суҳбат ва муҳит кучли таъсир қилади. Айниқса, ёшлик даврида танланган дўстлар инсоннинг келажак ҳаётига катта таъсир кўрсатиши мумкин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Фақат мўмин билан дўст бўл»,
деб насиҳат қилганлар.

Яъни, инсон ўзининг энг яқин дўстлари ва ҳамроҳлари орасида иймонли, тақводор, ҳалолни ҳаромдан, яхшиликни ёмонликдан ажратадиган кишилар бўлишига интилмоғи лозим. Чунки яхши дўст сизни фақат дунё манфаатига эмас, охират саодатига ҳам етаклайди.

Яхши дўст қандай бўлади?

Яхши дўст — сизга доимо мақтов айтадиган эмас, балки керак бўлса, хатонгизни мулойимлик билан кўрсата оладиган инсон.

Яхши дўст гуноҳга чорламайди, аксинча, гуноҳдан қайтаришга ҳаракат қилади. Намозни эслатади, ҳалол ризққа ундайди, ота-онага яхшилик қилишни маслаҳат беради, илм ўрганишга қизиқтиради.

Қийинчиликка тушганингизда ташлаб кетмайди, хурсандчиликда эса ҳасад қилмайди.

Чунки ҳақиқий дўстлик фақат бирга вақт ўтказиш ёки манфаатдорлик билан ўлчанмайди. Ҳақиқий дўстликнинг мезони — бир-бирини яхшиликка етаклаш.

Умар разияллоҳу анҳунинг: «Фақат мўминни шерик қил ва таомингни фақат тақводор есин»,
деган насиҳатлари ҳам инсон ўзининг яқинлари ва суҳбатдошларини танлашда қандай эҳтиёткор бўлиши кераклигини англатади.

Доно халқимиз ҳам бежизга: «Қозонга яқин юрсанг, қароси юқади», деб айтмаган.

Бу мақол инсон ким билан кўп аралашса, унинг таъсиридан четда қолмаслигини ифодалайди. Яхши муҳит инсонни яхшиликка етаклаганидек, ёмон муҳит ҳам инсонни аста-секин ёмонликка тортиши мумкин.
Ёмон дўстнинг зарари

Баъзан инсон бирор ёмон одатни «фақат дўстларим билан бирга бўлганимда қиламан», деб ўйлайди.

Аммо вақт ўтиши билан ўша одат унинг одатий ҳаётига айланиб қолиши мумкин.

Аввалига бир марта қилинган гуноҳ кейин одатга, одат эса хулққа айланиши эҳтимол. Шунинг учун гуноҳга ундайдиган, ибодатдан совутадиган, ахлоқсизликни оддий ҳол деб кўрсатадиган, ҳаром ишларга чорлайдиган кишилар билан яқин муносабатда бўлишдан эҳтиёт бўлиш керак.

Уламолар чин тавба — «тавбатун насуҳа»нинг шартлари ҳақида сўз юритар эканлар, кишини гуноҳга чорлайдиган муҳит ва ҳамроҳлардан узоқлашиш масаласига ҳам эътибор қаратганлар. Чунки инсон гуноҳни ташлагани билан, уни ўша гуноҳга қайта-қайта чорлайдиган муҳитда қолаверса, яна ўша йўлга қайтиб кетиши осон бўлади.

Шунинг учун тавба қилган инсон нафақат гуноҳни тарк этиши, балки гуноҳга етакловчи сабаблардан ҳам узоқлашиши лозим.

Дўст танлаш фақат дўст билан чекланмайди

Ҳадисда «дўст» лафзи келган бўлса-да, унинг маъноси инсон кўп вақт ўтказадиган, таъсирига тушадиган кишиларни ҳам қамраб олади.

Масалан, оилада эр-хотин бир-бири билан энг кўп вақт ўтказади. Шу сабабли уларнинг бир-бирига таъсири ниҳоятда катта. Бирининг яхши хулқи иккинчисига ҳам юқади, ёмон одати ҳам таъсир қилиши мумкин.

Шу боис Ислом дини жуфти ҳалол танлаш масаласига ҳам катта аҳамият берган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл тўрт нарсаси сабабли никоҳланади: моли учун, насаби учун, жамоли учун ва дини учун. Диндорини танлагин, барака топгур», деб марҳамат қилганлар.

Демак, жуфт танлашда мол-дунё, насл-насаб ва ташқи кўринишга эътибор бериш билан бирга, энг аввало, инсоннинг дини ва тақвосига қараш лозим.

Арабларда «Киши аёлининг динидадир», деган мақол бор. Лекин бу ҳадис эмас. Баъзилар ушбу жумлани ҳадис деб адашиб айтишади. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида келтирилган ҳадислари бу масалада етарлича аниқ кўрсатма беради.

Албатта, яхши жуфт — инсоннинг дунёдаги бахти ва охиратдаги саодатига сабаб бўладиган катта неъматдир. Эрини намозга, яхшиликка, ҳалол ризққа ва солиҳ амалларга ундайдиган, уни ёмонликлардан қайтариб турадиган аёл саодат калитларидан биридир. Худди шунингдек, хотинини динига, ибодатига, одоб-ахлоққа ва эзгуликка ундайдиган солиҳ эр ҳам оила учун катта бахтдир.

Фарзандлар тарбиясида ҳам муҳит муҳим

Дўст танлаш масаласи айниқса фарзандлар тарбиясида долзарбдир. Ота-она боласига қанча насиҳат қилмасин, агар унинг дўстлари ва кундалик муҳити бу насиҳатларнинг тескарисини ўргатса, тарбияда қийинчилик пайдо бўлади.

Шунинг учун фарзандга «Ким билан дўстлашяпсан?» деб сўрашнинг ўзи кифоя эмас. Унинг кимлар билан вақт ўтказаётгани, нималар ҳақида суҳбатлашаётгани, қандай муҳитда юргани ва кимларга эргашаётганини ҳам билиш керак.

Ота-она фарзандига яхши дўстнинг фазилатларини тушунтириши, солиҳ ва одобли тенгдошлар билан дўстлашиши учун унга соғлом муҳит яратиб бериши лозим.

Дўстликнинг энг олий мақсади

Мусулмоннинг дўстлиги фақат дунёвий манфаатларга қурилмаслиги керак. Чунки дунёдаги кўп дўстликлар манфаат тугаганда тугайди. Аммо Аллоҳ розилиги учун бўлган дўстлик инсонни охиратда ҳам бирлаштиради.

Қуръони каримда: «У кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандирлар»,
деган маъно баён қилинган. 

Шунинг учун ақлли инсон дўст танлаганда фақат «У менга нима беради?» деб эмас, балки «У менинг иймонимга, ахлоқимга ва охиратимга қандай таъсир қилади?», деб ўйлаши керак.

Дўстлик инсонни Аллоҳга яқинлаштирса — бу катта неъмат. Агар дўстлик намоздан, ибодатдан, илмдан ва яхши амаллардан узоқлаштирса, бундай муносабатни қайта кўриб чиқиш лозим.

Зеро, яхши дўст — дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳамроҳ бўлишга арзийдиган дўстдир.

Шундай экан, ҳар биримиз ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: «Менинг дўстларим мени қаерга етаклаяпти?»

Агар улар бизни яхшиликка, тақвога, илмга, ибодатга ва солиҳ амалларга чорлаётган бўлса, уларни қадрлайлик. Агар аксинча бўлса, ўзимизнинг иймонимиз ва охиратимизни ўйлаб, дўстлик ва ҳамроҳлик масаласида эҳтиёткор бўлайлик.

Зеро, инсоннинг кимлиги кўп жиҳатдан унинг кимлар билан бирга юришида намоён бўлади.

Ибодулла Яндашев,
Чуст тумани Тоймас жоме 
масжиди имом-хатиби 

Related posts